Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати асосида дарахт кўчатлари экиш ишлари Навоий вилоятида ҳам қизғин паллада давом этмоқда. «Долзарб қирқ кунлик»ка киришган навоийликлар айни вақтда ҳудуд иқлим шароитига мос келадиган, чўлнинг иссиғию, елвизак шамолига бардош бериб ўсиб кета оладиган кўчатларни ерга қадамоқда.
Вилоятда жами 14 миллион тупдан зиёд кўчат экиш кўзда тутилган бўлса-да, экилажак дарахтлар сонини бундан ҳам кўпайтириб, ҳудуднинг бепоён кенгликларида миллионлаб чўл ўсимликларини кўпайтириш мақсад қилинган. Айни вақтда кузги мавсумга тўғри келадиган манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилаётган бўлса, ҳадемай эрта баҳордан яна бошқа турдаги хилма-хил дарахт ниҳолларини экиш учун ерлар тайёрлаб қўйилмоқда. Шу кунгача вилоятда 2 млн. 500 мингдан зиёд манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари экиб бўлинди.
Вилоят иқлимидан келиб чиқиб ҳудудларга эман, япон сафораси, катальпа, қайрағоч, шумтол, терак, заранг, тут, жийда, ёнғоқ, беҳи кабилар экилмоқда.
Дарахт ва кўчатларни суғориш асосан, оқова сувлар орқали амалга оширилади. Бироқ келгусида янгидан ташкил этилаётган «Яшил майдонлар»да экиладиган дарахт кўчатларини сувтежамкор усул – томчилатиб суғориш тизими орқали суғориш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Экилган кўчатларни парваришлаш – умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари ёқасида экилган кўчатлар «Йўлкўкалам» унитар корхонаси томонидан, ижтимоий соҳа (мактаб, касалхона, ўқув юртлари) объектлари ва ташкилотлар ҳудудларида экилган кўчатлар уларнинг ўзлари томонидан, ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудларда экилган дарахт кўчатлари ободонлаштириш ходимлари ва масъуллари томонидан парвариш қилиниши кўзда тутилган бўлиб, бу ҳеч бир кўчатнинг қаровсиз қолиб кетмаслигини таъминлайди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Нарзулло Обломуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Навоий вилоятида бўлиб, экилаётган ҳар бир кўчатнинг иқлим шароитига қанчалик тўғри келиши, унинг илдиз отиб, тутиб кетиш имконияти, кўчатларни суғориш ва парваришлаш жараёни билан танишди. Ҳар бир босқич мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганилиб, ундан кейин ниҳол она ер бағрига қадалмоқда. Ҳар бир кўчатнинг дарахт бўлиб униб-ўсиши учун масъул бириктирилиб, эгаси аниқлаштирилмоқда.
Қизилтепа туманидаги «Бўстон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 автомагистрал йўл ёқасида «Мустақилликнинг 30 йиллиги» боғи ташкил этилган. Айни вақтда бу ерда кўплаб янги кўчатлар ўтқазиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авж палласида.
Бу боғ 10 гектар ер майдонни ташкил этади. Ҳозирги кунга қадар бу боғда ҳудуд иқлимига мос бўлган катальпа, заранг, арча, қайрағоч каби турли хилдаги манзарали, шунингдек ўрик, олча, тут сингари мевали дарахт кўчатлари ерга қадалган. Суғориш ва парваришлашга туман ободонлаштириш бўлими ходимларидан 10 нафари масъул этиб белгиланган.
– Экилган ҳар бир кўчат қаровсиз қолмаса, доимий парваришланиб, суғорилиб турсагина кўзланган мақсадга эришамиз. Кўчат экиш – бошланган хайрли ташаббуснинг дастлабки қадами. Энг муҳими ҳали олдинда – уни парваришлаш, суғориш, ўзини тутиб, ер бағрига муқим жойлашгунга қадар меҳр бериб туришдир. Ана шундагина юртимиз манзиллари яшилликка бурканади, йиллар давомида сояси, меваси билан кўпларнинг дилини хушнуд этиб туради, – дейди Нарзулло Обломуродов.
Айниқса, вилоятда аҳоли яшаш жойларига яқин ҳудудларда мевали дарахтларни экишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Зеро, «Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор-бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур», дейилади ҳадиси шарифда.
Боғдорчилик ва деҳқончилик қилган кишиларга ўзи ўйламаган томонлардан ҳам садақанинг савоби ёзилиб туради. Унинг эккан нарсаларидан одамлар, ҳайвонлар, қушлар, ҳатто қурт-қумурсқалар ҳам наф кўради, ризқланади. Мазкур мевалардан юқоридаги жонивор ва инсонларнинг истеъмол қилиши зироатчи учун садақа ўрнига ўтади. Демакки, инсонлар, жониворлар яқин яшайдиган манзилларга кўпроқ мевали дарахтлар экиш мақсадга мувофиқдир.
Кармана туманидаги «Саид бобо» фермер хўжалигида турли хилдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда. Энг муҳими бу кўчатлар ҳудуд иқлим шароитига, тупроғига анча мослашиб олган.
Фермер Э.Кенжаевнинг айтишича, мазкур кўчатлар анча-мунча синовлардан ўтган ва Навоий вилоятининг аксарият ҳудудларида униб-ўсиб кета олади. Энг муҳими бугун фермернинг кўчатларига талаб юқори.
Боғ ва яшил майдонлар яратиш чоғида ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароити инобатга олинади ва шунга мос дарахт ва бута навлари экилишига катта аҳамият берилади. Кармана туманининг «Сардоба» МФЙ ҳудудидаги майдонларда экилаётган кўчатлар ҳам ушбу талабларга тўла жавоб беради.
Кармана туман ҳокими билан биргаликда яхши ниятлар билан ҳудуд иқлимига мос бўлган дарахт кўчатларини ўтқаздилар.
Айтиш жоизки, туманда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шу кунга қадар 507 минг 900 туп турли хилдаги мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган.
Улар экилган барча майдонларда суғориш тизими йўлга қўйилиб, кўчатларни парваришлаш учун масъуллар бириктирилган.
Экопартия масъуллари Қизилтепа туманидаги «Маданият ва истироҳат боғи» ҳамда «Хомработ» МФЙ ҳудудидаги 8-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, ушбу жойларда «долзарб қирқ кунлик» доирасидаги ишлар билан танишди. Шунингдек, Экопартия раҳбари 8-сонли умумтаълим мактабидан чиқаверишда бўш турган ер майдонига дарахт кўчатларини ўтқазиш таклифини ҳам билдирди. Кўчатлар парвариши ва суғорилиши учун масъуллар бириктириш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.
Эгасиз боғларнинг, қаровчиси йўқ дарахтларнинг – келажаги йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир ҳудудда экилаётган ниҳолларга масъулларни бириктириш, келгуси йилда куз келиб дарахтлар барг тўкмасдан туриб уларнинг рўйхатини қайта олиш лозим. Чунки иссиқ ёз жазирамасидан омон ўтган кўчатгина ҳисоб. Унинг азим дарахтга айланиши учун 3-4 йил ана шундай қатъий назорат керак бўлади.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши матбуот хизмати