Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Мен Табиатни яхши кўраман

Тунов куни денг, ишхонамизда ҳашарлашиб кўчат ўтқазишга чиқишимизни айтиб қолишди. «Фалон сапхўзнинг ерларига», дейишди.

Мен  Табиатни яхши  кўраман

Кўп хурсанд бўлдим. Ўзим табиатни яхши кўраман-да. Олмани яхши кўраман, қовун-тарвузни. Шу десангиз, унча-мунча қовун ё тарвузни бир ўтиришда якка ўзим бутунлай еб битиришим мумкин. Олманиям бир сумкасини бир ўтиришда тинчитаман. Бировлар олманинг шарбатини ичади, у – турган-битгани химия, мен сизга айтсам. Ундай нарсаларни тан олмайман. Мен фақат табиатни яхши кўраман.

Эртасига денг, бир кайфиятда ҳаммамиз автобусга чиқдик. Сапхўзга борганимизда, ходимларни 15 метрдан ёйиб чиқишди.

Очиғини айтсам, ташкилотчиларга беш кетдим. Нега десангиз, ҳар биримизга биттадан лопатка тайёрлаб қўйишибди. Сапхўзчилардан олишган-да. Тарқатишди. Жуда энди лопаткаларнинг олди эмас-у, ҳар ҳолда арз қилгулик ҳаммас.

Ўзимнинг участкамда турибман денг, бизга биргад бўлиб олган бўлимимиз раҳбари келиб, «шу оралиққа тўртта кўчат қадайсан, ҳозир тарқатишади», деди.

Кутяпман денг. Ташкилотчилик бирам зўр мақомда-да. Бир пайт узоқдан кўчат ортган тиличкали трактор кўринди. Менинг олдимга келганда, тўрттасини отиб юборди. Дарров териб олдим.

Кейин сал ҳафсалам пир бўлди. Кўча тошлоқ десам, ер ҳам тошлоқ экан. Лопаткани ҳай тепаман-ҳай тепаман, қани энди ерга кирса. Ерга тираб туриб, устига чиқиб сакраб ҳам кўрдим, бўлмади.

Бир пайт биргадимиз келиб қолди. «Ҳали ўтирибсанми?» деди. «Ҳамма ёқ тош, лопатканинг тиши ўтмаяпти», дедим. «Тошини тозала, нима, мен сенга энди лом орқалаб юришим керакми?» деди.

Лопаткани қаттиқ қийнадим. Учи қийшайиб ҳам кетди. Битта-битта тошларни суғуриб олишга тушдим. Пешингача анча тош йиғиб қўйдим.

Қўшниларга қарайман. Бирови аллақаердан эски теша топиб олибди, тақиллоқ ўйин­чоққа ўхшаб, тинмай ерга ургани урган. Бошқа бирови занглаган қозиққа ўхшаш нарса билан ерни ўйиб ётибди. Қаердан топган бўлса?

Аммо ташкилотчиларга қойил қолмасдан илож йўқ. Жуда ажойиб тушлик қилиб беришди. Икки чақирим наридаги шийпонда уларнинг дудланган қовоғи билан ўзим уйдан қайнатиб олиб келган тухумларни еб олдим.

Тушдан кейин яна тош териш билан вақт ўтказдим. Ҳеч тугамаса денг.

Қаричнинг ярмичаям ер кавлай олганим йўқ. Қош қораймоқда. Ҳозир биргад келиб, натижани сўрайди. Нима қилсам экан, деб бошим қотади денг.

Охири зўрдан зўр чиқади, деб ҳийла ишлатишга қарор қилдим. Тўплаган тошларимни олиб, уюм-уюм қилиб, ўртасига кўчатларни «михлай» бошладим. Бошида ишим унча унмади, кўчатлар қулаб кетаверди. Кейин тагроғига қаттароқ тошлардан яхшилаб тирговуч қилдим. Зўр чиқди!

Туртиб кўраман денг, яна ўткинчи одамдек бўлиб, юриб келиб елкам билан зарблайман. Йиқилмаяпти. Ана энди яхши бўлди, дедим.

Биргадимиз ишимни текшириб ўтирмади. Ҳаммани бирма-бир автобусга йиғиштириб келаётган экан. Мен ҳам миниб олдим. Ишимни узоқдан кўриб, индамади.

Кўчатлар анча бақувват эди. Шу кунларда ҳаво ёғиб қолса, томирлари кучли – ўзлари ерга ниш уриб, кўкариб кетади. Мен, айтганларидек, яхшилаб қададим. Энди бир сапхўзга йўлим тушса, хабар оламан.

Табиатни яхши кўраман-да ўзиям. Айниқса, олмани. Қовун-тарвузниям.

Ўша кўчатлар ҳойнаҳой олма бўлиши керак. Ҳали текшириб кўраман, олмалигига ишончим комил.

Фақат телевизордан ҳеч ким келмагани чатоқ бўлди-да.

 

ЖУЛҚУНБОЙнинг жияни




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔41

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔58

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар