Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Биз ChatGPTдан ҳар бир саволимизга жавоб олганимизда, DeepSeekдан ёрдам сўраганимизда ёки Claude билан мулоқот қилганимизда – фақат маълумот олмаймиз, балки бутун глобал энергетика занжирида иштирок этамиз. Битта оддий саволимизга жавоб муайян табиий ресурслар сарфи эвазига келиши ҳақида афсуски ҳамма ҳам хабардор эмас.
Ҳисоб-китобларга кўра, OpenAI компанияси ChatGPT ва Sora моделлари учун ишлатаётган электр энергияси бутун Нью-Йорк ва Сан-Диего шаҳарларини қўшганда улар ишлатаётган энергиядан кўпроқ экан. Ёки Швейцария ва Португалиянинг умумий электр энергияси истеъмолига тенг. Бу – 20 миллион нафар одамнинг электр энергия истеъмоли дегани.
Маълумотларни қайта ишлаш марказлари (DataCenter) ишлатаётган электр энергиянинг тахминан 40 физи совутиш тизимига кетар экан. Бундай марказлар ва Aiга сармоялар ҳозир GPU процессорларнинг ҳажмида эмас, электр энергиясига кетаётган харажатлар билан ўлчанмоқда.
Мана бу расмдаги OpenAI’нинг Техасда қураётган маълумотларни қайта ишлаш маркази экан. Далласдан 300 километр масофада. Унинг кўлами қанчалик катталигини тасаввуур қилиш учун: майдони Манҳэттандаги Central Parkникига тенг. Ишчилар ва юк ташувчилар ҳаракатланиши учун марказ ичида олти полосали йўл қурилган.
Рақамлар гапиради: энергия истеъмолидаги инқироз
Сунъий интеллект (СИ) саноатининг энергияга бўлган талаби ҳақида сўз кетганда, фақатгина статистика эмас – бутун мамлакатлар даражасидаги рақамлар назарда тутилмоқда.
OpenAI компанияси ўзининг «Stargate» лойиҳаси доирасида 15 гигаватт қувватдаги маълумотларни қайта ишлаш марказларини қурмоқда. Бу кичикроқ бир давлат сарфлайдиган электр энергиясига тенг.
Мутахассисларнинг башоратига кўра, фақат OpenAIнинг ўзи беш йил ичида Буюк Британия ёки Германиядан кўпроқ, саккиз йил ичида эса Ҳиндистондан ҳам ортиқ энергия истеъмол қила бошлаши мумкин.
Фақат биринчи босқичдаёқ – Техас штатидаги Абилене шаҳрида қурилган «Stargate» маркази ярим миллион уйни таъминлаш учун етарли электр энергиясини ишлатади. Янги эълон қилинган бешта марказ жами 7 гигаватт энергия талаб қилади – бу бутун Нью-Йорк шаҳрининг энергия истеъмолидан ҳам кўп демакдир.
GPT-4 моделини ўқитиш жараёнида эса 50 гигаватт-соат энергия сарфланар экан. Бу Сан-Франциско шаҳрини уч кун давомида электр билан таъминлаш учун етарли қувватдир. Бу фақат битта моделнинг сарфи, холос.
Харажатлар кимнинг гарданида?
Энди ҳақли савол туғилади: бу улкан харажатларни ким ўз бўйнига олади? Жавоб ачинарли: оддий фуқаролар.
Маълумотларни қайта ишлаш марказлари яқинидаги ҳудудларда электр энергияси нархлари 2020 йилдан бери ўртача 267 фоизга ошган. Масалан, Виржиния штатида 2040 йилга бориб аҳоли ҳар ойлик ҳисоб-китобга 14-37 доллар қўшимча тўлашга мажбур бўлади.
АҚШ бўйлаб 2024 йил майидан 2025 йил майигача электр энергияси нархлари ўртача 6,5 фоизга ўсган. Аммо айрим штатларда бу кўрсаткич анча юқори: Коннектикутда 18,4 фоиз, Мэйнда эса 36,3 фоизгача ошиш қайд этилган.
Сув инқирози таҳдиди
Энергия истеъмолининг ортиши фақат иқтисодий эмас, балки экологик таҳдид ҳамдир. Карнеги-Меллон ва Шимолий Каролина штати университетларининг 2025 йилдаги тадқиқотига кўра, агар ҳозирги сиёсат ўзгармаса, 2030 йилга бориб улгуржи электр энергияси нархлари яна 8 фоизга ошади, йиллик СО₂ чиқиндилари эса 275 миллион тоннага кўпаяди. Бу бутун Франциянинг йиллик эмиссиясига тенг кўрсаткичдир.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, СИ учун мослаштирилган маълумотлар марказларининг энергия талаби 2030 йилга қадар тўрт баробарга ортиши мумкин.
Энергетикадан ташқари яна бир жиддий муаммо – сув. Маълумотларни қайта ишлаш марказларини совутиш учун жуда катта миқдорда сув талаб қилинади. АҚШнинг баъзи ҳудудларида бу аллақачон аҳолининг ичимлик сув таъминотига хавф сола бошлаган.
Глобал кўламдаги муаммо
Бу фақат АҚШнинг муаммоси эмас. СИ компаниялари бутун дунё бўйлаб маълумот марказларини қурмоқда. Anthropic (Claude), Google (Gemini), Meta (LLaMA), xAI (Grok), Microsoft (Bing Chat), Baidu (Ernie Bot) ва хитойлик DeepSeek каби етакчилар ўз инфратузилмасини тез суръатларда кенгайтирмоқда.
Schneider Electric ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда генератив СИ сўровлари 15 тераватт-соат энергия истеъмол қилади, 2030 йилга келиб эса бу рақам 347 тераватт-соатга етади. Демак, 332 тераватт-соат қўшимча энергия ишлаб чиқарилиши керак бўлади. Бу ўнлаб янги энергия марказлари қурилишини талаб этади.
Ечимлар борми?
Компаниялар муаммо нақадар жиддийлигини англаб етмоқда. Масалан, OpenAI ва NVIDIA ҳамкорликда 10 гигаватт қувватдаги тизимларни жойлаштирмоқда, биринчи босқич 2026 йилда ишга туширилади. Аммо бу ҳали ечим эмас – талабнинг янада ўсишидир.
Баъзи мутахассислар ядро энергетикасига ўтишни таклиф қилмоқда. Бироқ бундай станциялар қурилиши катта сарф-харажат ва узоқ вақт талаб қилади. Қайта тикланувчи энергия манбалари эса ҳозирча бундай кўламдаги эҳтиёжни қоплай олмайди.
Ҳукуматлар ва тартибга солувчи органлар ҳам ҳали самарали механизм яратганича йўқ. Айрим ҳудудларда компаниялар энергия сарфини ўзлари қопламоқда, бошқаларида эса юк аҳоли гарданига тушмоқда.
Технологик тараққиёт нархи қанча?
Сунъий интеллект инқилоби – бу шубҳасиз ҳақиқат. Лекин бу инқилоб ҳозирча оддий аҳоли ҳисобидан амалга ошмоқда. Биз ChatGPT билан «бепул» мулоқот қилаётганда, аслида ўзимиз ва қўшниларимизнинг электр энергияси ҳақи ҳисобидан тўлаяпмиз.
Инсоният сунъий онг яратиш босқичига етди. Энди асосий савол шунда: биз бу технологик тараққиёт учун қанчалик катта экологик ва иқтисодий қиймат тўлашга тайёрмиз? Ва энг муҳими – бу нархни адолатли тақсимлаш мумкинми?
Агар ҳозир самарали ва барқарор ечимлар топилмаса, бугунги «ақлли тизимлар» эртанги энергетика инқирозининг бош сабабига айланиши мумкин. Демак, инсоннинг энг катта синови – сунъий онгни яратган ҳолда табиий онгни, яъни табиатни йўқотмасликдир.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири