Инсон ўзинг      Бош саҳифа

«Энг кичик заррадан Юпитергача»

Биологик хилма-хилликни ташкил этувчи ҳар бир турнинг кундалик ҳаётимизда ўз ўрни ва аҳамияти бор

«Энг кичик заррадан  Юпитергача»

Сўнгги ярим аср давомида Ер аҳолисининг сони кескин ўсиб, янги ерларни ўзлаштириб, ландшафтларни ўзгартириб, ўз ҳаёт фаолияти сатҳларини кенгайтирмоқда. Бунинг натижасида мунтазам экотизим мувозанати катта ва кутилмаган таъсирларга учраяпти.

Борлиқдаги кичик бир мавжудот – ҳар бир биологик турнинг коинотдаги улкан тизимда ўз ўрни ва аҳамияти мавжуд. Лоақал биргина турнинг йўқолиши ҳам коинот мувозанатига дахлдордир. Океан тубидаги сувости ўсимлигидан тортиб, Саҳрои кабирдаги оддий гиёҳ ёки жониворгача борлиқнинг бир бутун тизимида алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Бутун борлиқ ягона тизим саналар экан, ундаги экотизимлар яхлитлиги ҳамиша эътироф ва эъзоз этилиши зарур.    

Обод қилинаётган Ер

1972 йил БМТнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Стокгольм конференциясида борлиқдаги баъзи биологик тур ва навларнинг камёблашиб бораётгани, айримлари эса йўқолиб кетиш таҳликаси остида қолгани илк бор энг муҳим масала сифатида кун тартибига қўйилган эди. Унда мутахассислар амалга оширадиган ҳар қандай фаолиятда жонли табиатни муҳофаза қилиш устунлик бериладиган жиҳат бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтишган.  

Биохилма-хилликнинг қисқариши бугунги кундаги асосий экологик муаммолар орасида алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳозирда табиат экотизимларининг интенсив йўқолиб бориши ва тирик организмлар турларининг камайиш жараёни кечмоқда.  Қуруқликнинг бешдан бир қисмида табиат экотизимлари тўлиқ ўзгаришга учради. Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди маълумотларига кўра, 1970 йилдан 2003 йилгача бўлган муддатда дунё бўйича жонзотлар турлари 31 фоизга камайган. БМТ маълумотларига кўра, тахминан 34 минг турдаги ўсимликлар ва 5 минг 200 турдаги ҳайвонлар, жумладан, қуш турларининг саккиздан бир қисми йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Жаҳон табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг Халқаро Қизил рўйхатига 2014 йилда 76 минг 199 тур киритилди. Уларнинг 22 минг 413 турида йўқолиб кетиш хавфи бор. «Йўқолиб кетаётган турлар қизил рўйхати»нинг 2015 йилги ҳолатига кўра 22 минг 784 турдаги ўсимлик ва ҳайвонот турлари катта хавф остида қолган бўлиб, бу кўрсаткич дунёдаги барча турларнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.

Бундай қизил рўйхатнинг «уза­йиб» боришига асосий сабаб шаҳарлар ва йўллар қурилиши, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида ўрмонларнинг кесилиши оқибатида ҳайвонларнинг яшаш жойларини йўқотаётганидир.

Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар яшаши учун қулай бўлган жойлар борган сари камайяпти. Шунинг учун ҳам уларнинг кўпчилиги бу ўзгаришларга бардош бера олмай йўқолиб кетиш хавфи олдида турибди.

Мутахассислар турлар хилма-хиллигининг камайиб кетишидаги асосий сабабларни таҳлилий ўрганиб чиқишган. Дунё аҳолисининг ўсиб бориши, табиат ресурсларидан фойдаланишда нооқилона йўл тутиш, чиқинди ва ифлослантирувчи чиқитлар миқдори ва турларининг кўпа­йиб бораётгани, шаҳарларнинг ривожланиши, шунингдек, ижтимоий ихтилофлар ва иқтисодий муаммолар каби омиллар жиддий сабаблар сифатида таъкидлаб ўтилган. Бу сабаблар Ердаги ландшафтларнинг ўзгариши, об-ҳаво, тупроқ ва сувнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши жараёнларига олиб келмоқда.

Охирги ярим асрнинг ўзида дунё аҳолиси сони 3,5 баробарга, истеъмол қилинаётган ичимлик сув ҳажми 11 баробарга, ҳайдаладиган ерлар майдони 2 мартага, рўйхатдан ўтган транспорт воситалари сони 10 мартага, нефть маҳсулотларидан фойдаланиш 7 мартага, электр станциялари қуввати 21 мартага ошган.

Биздаги вазият

1992 йил Рио-де Жанейрода БМТнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва тараққиёт мавзусига бағишланган конференциясида биологик хилма-хиллик тўғрисида конвенция қабул қилинди. Бу ҳужжатга дунёнинг 193 мамлакати қаторида Ўзбекистон ҳам қўшилган. Шундан бери экотизимдаги биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш борасида тизимли фаолият амалга оширилиб келинмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, биздаги вазият жаҳондаги умумий кўрсаткичлар ёки кўпгина давлатлардаги аҳволдан анча юқори экани эътироф этиляпти.

Ўзбекистонда жами 4 минг 600 дан ортиқ ўсимлик турлари учрайди. Шундан 3 мингдан зиёди ёввойи ҳолда ўсиши, 9 фоизи эндемик экани диққатга сазовордир. Ўтган асрнинг 50 – 80-йилларида она табиатга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиниб, катта-катта ер майдонларининг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ўзлаштирилиши, ўсимлик дунёсидан аёвсиз равишда фойдаланилиши туфайли флоранинг айрим турлари бутунлай йўқ бўлиб кетди. Баъзи турлар ниҳоятда камайиб қолди. Буни ўша даврда «Қизил китоб»га киритилган ўсимликлар тури 163 тадан 301 тага кўпайгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ўзбекистон биохилма-хиллиги асосини ёввойи умуртқали ҳайвонларнинг 714 та тури ва умуртқасиз ҳайвонларнинг 14 минг 900 га яқин тури (шулардан сутэмизувчилар 107 та тур, қушлар — 460, рептилиялар — 60, сувда ва қуруқликда яшовчилар — 3, балиқлар — 84, ҳашаротлар — 11000, моллюскалар — 223, ҳалқали чувалчанглар — 61, юмалоқ чувалчанглар — 1179, ясси чувалчанглар — 533, энг содда ҳайвонлар — 850, ёввойи ҳолда ўсадиган ўтказувчи тўқимали ўсимликларнинг 4500 га яқин тури, йўсинлар — 150 га яқин, қирқ бўғимлар — 2, қирққулоқлар — 19, очиқ уруғлилар — 18, ёпиқ уруғлилар — 4320), сувўтларнинг 2 минг 548 тури, замбуруғларнинг 2 минг 102 тури, лишайникларнинг 500 га яқин тури, бактерияларнинг 2 мингга яқин тури, цианобактерияларнинг 822 тури ва вирусларнинг 300 га яқин тури ташкил этади.

Кейинги йилларда олиб борилган самарали фаолият туфайли бу соҳага жиддий эътибор қаратиляпти.

Ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини сақлаш ва ундан самарали фойдаланишга йўналтирилган 60 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани фикримиз далилидир.

Шунингдек, 2 млн. 461,7 минг гектарга тенг бўлган саккизта қўриқхона, иккита миллий табиат боғи ва битта миллий боғ, 10 та табиат ёдгорлиги, 13 та буюртмахона, битта биосфера резервати ва шунча экологик марказ фаолият кўрсатаяпти. Улар қум-барханли чўллардан тортиб, сўлим воҳаларни, дарё бўйидаги тўқайзорлару тоғли водийларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Камайиш кўпайса...

Йўқолиб кетаётган ўсимлик ва ҳайвон турлари миқдори борган сари кўпайиб, биологик хилма-хиллик қисқариб бормоқда. Биохилма-хилликнинг бундан кейинги қисқариши экотизим мувозанатининг бузилишига, биосферанинг яхлитлиги ва ундаги атроф муҳит аҳамиятини таъминлаш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши мумкин. Биосферанинг тўхтатиб бўлмас янги ҳолатга ўтиши оқибатида у инсон ҳаёти учун яроқсиз ҳолга келиши эҳтимолдан холи эмас. Ер юзида тирик тизимлар хилма-хиллигини сақлаш инсониятнинг яшаб қолиши ва барқарор тараққиёти учун зарурий омил ҳисобланади.

Кундалик ҳаётимизда биохилма-хилликнинг инсон фаолияти ва турмуш тарзига таъсирини жуда кўп кузатиш мумкин. Бир йили оддийгина майнанинг ҳудудимизда камайиб кетиши оқибатида ҳашаротлар кўпайиб, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётимизга сезиларли таъсир ўтказгани кўпчиликнинг эсида бўлса керак. Бу биргина мисол холос.

Кейинги йилларда экотизимдаги турли кутилмаган ўзгаришлар дунё аҳлини жиддий ҳавотирга солмоқда. Иқлим ўзгариш­лари, сув тошқини ва тўфонлар, катта миқёсидаги ёнғинлар оқибатида экоҳудудларга етаётган талафотлар олдида инсон баъзан чорасиз қолаётир. Аксар ҳолларда башарият асосан инсон омилига етаётган моддий-иқтисодий зарарни мулоҳаза қилади. Аммо унданда муҳимроқ бўлган, қайта тикланмайдиган табиий ресурс­лар, биологик хилма-хилликни таъмин этувчи ўсимлик ва жонзотлар ҳамда бошқа экотизимлар тобора камайиб, йўқола боради.

Масалан, республикамизда табиий ҳолда ўсадиган ноёб турлар ҳақида аҳоли етарли маълумотга эга, дейиш қийин. Бу фикрни ҳайвонот олами ҳақида ҳам айтиш мумкин.

Шу нуқтаи назардан ёндашганда аҳолининг экологик саводхонлиги ва маданий савиясини янада ошириш, бунинг учун мунтазам ва самарали фаолиятни йўлга қўйиш жуда муҳим.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔57

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔203

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

🕔15:27, 08.05.2025 ✔260

Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 57    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 203    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 260    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 267    🕔 16:16, 17.04.2025
  • Инсоният нуфуси  аслида  қанча?

    Инсоният нуфуси аслида қанча?

    Ерда ҳисобдагидан бир  неча млрд кўпроқ одам  яшаётган бўлиши мумкин

    ✔ 277    🕔 09:10, 10.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар