Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Таълим тизими раҳбарлари диққатига! Ҳалокат остонасидаги миллат зиёхонаси уни асраш учун давлат миллий дастури керак

Совет даврида иккита кутубхонага қатнаб китоб ўқирдик. Бири мактабимизда, иккинчиси қишлоғимиз клубида жойлашганди. Шунданмикан аҳоли тилида бири болалар, иккинчиси катталар кутубхонаси деб аталар эди. Аввал мактабдаги ёшимизга мос китобларни, балоғат ёшига етгач клуб мажмуасидаги кутубхонадаги асарларни ўқиб улғайганмиз.

Таълим тизими  раҳбарлари диққатига! Ҳалокат    остонасидаги    миллат зиёхонаси    уни асраш учун давлат миллий дастури керак

Бугунга келиб клубни бир тадбиркор сотиб олди ва албатта, капиталистик бозор қонунига асосан кутубхона иқтисодий манфаат келтирмагани учун ундан воз кечди (кутубхона ҳеч бир мамлакатда даромад манбаи бўлган эмас, хато бўлса тузатинг). 

Мактаб кутубхонасининг аҳволи эса... Устига-устак янгилик тарафдорлари кутубхона номини АРМ (ахборот-ресурс маркази) тариқасида ўзгартиришди. «Компьютер хотирасида электрон китоблар мужассам бўлади», дейишди билгичлар. Уларга саволимиз: биринчидан, АРМларда компьютерлар етарлими? Иккинчидан, барча компьютерлар бузилмасдан ишлаяптими? Учинчидан, ҳар бир мактабда АРМ учун электр энергия мунтазам етказиляптими? Агар саволларга виждонан тасдиқ жавоби берилмаса, китобларнинг оригинали, яъни қоғоз варианти албатта керак, деган собит хулоса келиб чиқади!

Бундай пайти одатда «ахборот технологияларига қарши экансан», дея таъна тоши отилади. Уларга жавобимиз: биз ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз! Лекин беш қўл баробар эмаслигини, қолаверса, шароит ҳамма жойда ҳам рисоладагидек эмаслигини унутмаслигимиз даркор!

АРМ масаласига бошқа қайт­маслик учун яна бир фикр: зиёхонанинг номи АРМ эмас, КУТУБХОНА!!! Агар янгилик тарафдорларига бу ном «эскилик сарқити» бўлиб туюлса, унда МИЛЛАТ ЗИЁХОНАСИ, дея аталиши даркор. Кутубхона ёки зиёхонанинг эса ўз ахборот-ресурс маркази бўлсин! Шунда адолатли бўлади. Хориждан улгу оладиганлар учун асос: АҚШ, Олмония каби энг ривожланган давлатларнинг муҳташам кутубхоналарида бўлганимизда уларда АРМнинг кутубхонаси эмас, балки кутубхонанинг АРМлари борлигига амин бўлдик.

Рост, совет давридаги мактаб кутубхоналарида совет мафкурасига хизмат қиладиган китоблар ҳам бўларди, лекин аксар бадиий адабиётларнинг эзгулик ташиши ҳам ҳақиқатлигини тан ола билиш чин зиёлининг бурчидир.

Хўш, мафкура учун демайлик майли, бугунги кутубхона нега учинчи Ренессанс ғояси рўёби учун, бошқача айтганда, миллатни маънан юксалтириш орқали давлатни ривожлантиришга хизмат қилмаслиги керак?

Эътибор бериляпти-ку, десангиз биз ҳам эътироз билдирмаймиз. Юртимиз раҳбари бир неча марта маҳаллалардаги кутубхоналарни бориб кўргани ойнаи жаҳонда кўрсатилди.

Фақат бу иш тизимли равишда, мунтазамлик назарда тутилган ҳолда амалга оширилмаяпти! Маънавият масаласи доимий эътиборни талаб қилиши бугун жамиятда содир бўлаётган нохуш воқеа-ҳодисалар кўпайганидан маълум бўлиб қолди. Бунинг учун мактаб кутубхоналарини китоб ҳамда уларнинг электрон нусхалари билан ҳам таъминлашнинг «Учинчи Ренессанс маънавий пойдеворини яратиш» ДАВЛАТ МИЛЛИЙ ДАСТУРИ қабул қилиниши давр талабидир.

Нега ДАВЛАТ дастури? Негаки, дастурга асосан ҳар йили давлат бюджетидан мунтазам маблағ ажратилиб, китоб харид қилиш, кутубхоначилар маошини кўтариш, кутубхонада аҳолининг барча қатлами учун сифатли хизмат кўрсатиш давлат(учта ҳокимият)нинг зиммаси ва назоратида бўлади.

Нега МИЛЛИЙ дастур? Негаки, миллатнинг зиёли тадбиркорларини жалб этиб, уларнинг кўмагида кутубхонани қўшимча адабиётлар билан бойитиш ишлари йўлга қўйилади. Муҳими, китоб мутолааси миллий ҳаракатга айлантирилади. Бугун китобхонликка берилаётган Президент совғаси, ҳоким ва бошқа муассасалар мукофотлари учун танлов, мусобақалар ҳам ана шу дастур доирасида амалга ошаверади.

Кутубхоналар китоб билан таъминланса биринчи навбатда бюджет маблағи учун «кураш» бошланади. Маблағни тақсимлайдиган вазирликлар, ҳокимият вакилларининг (китобга қизиқмаса-да, унинг маънавий фойда-зарарини тушунмаса-да) «айтгани айтган» бўлади. Ўз-ўзидан коррупцион тизим «пайдо бўлади».

Миллат равнақига салбий таъсир этадиган бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча ваколат халқ орасида обрў-­эътиборга сазовор бўлган, ҳалол, ўз фикрига эга бўлган зиёлилар – адиблар, олимлар, маданият ходимларидан иборат  нуфузли Ҳайъатга берилади. Президент фармони асосида ташкил этиладиган  жамоатчилик Ҳайъати уч ойда ёки ярим йилда бир марта тўпланиб, чоп этилган, такрор айтамиз, бирор нашриётда босмадан чиққан китобларни кутубхоналарга тавсия этиш учун ўзаро фикрлашади ва очиқ овоз бериш йўли билан танланади. Ҳайъатнинг кўп овоз олган хулосаси асосида тавсия этилган китоблар оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилади. Бу тавсия маблағ «соҳиблари» (вазирлик, ҳокимлик) учун мажбурий бўлади ва улар қўшимча адад чоп этиш учун нашриётлар билан шартнома имзолайдилар.

Бунда, биринчидан, барча мактаб кутубхоналари мазмунли китоблар билан бойийди. Иккинчидан, нашриётлар ўз маҳсулоти сифатини оширишга ҳаракат қилади. Учинчидан, бюджетдан ажратиладиган маблағ тўғри сарфланади. Энг асосийси, танланган китоблар мутолааси учинчи Ренессансни вужудга келтирадиган миллат тарбиясига хизмат қилади.

Кутубхонанинг ахборот-ресурс маркази тўлиқ ишлаган тақдирда ҳам бошқа бир муаммо ҳал этилмайди. У ҳам бўлса кутубхоналарнинг даврий нашрлар билан таъминоти масаласидир.

Мактабларда таълим-тарбия соҳасини ёритадиган газета ва журналларнинг заруратини манқурт раҳбаргина инкор этади. «Биз  инкор этмаяпмиз, мажбурий обунага қаршимиз холос», дейдиган раҳбарларга эса бир эътирофимиз ва бир саволимиз бор: муаллимни учар «матбуот тарқатувчилар»га мажбурий пул тўлашдан озод қилганингиз учун раҳмат, лекин унга методик жиҳатдан кўмак берувчи кутубхонада сақланадиган нашрлар таъминоти учун нима тадбир қўлладингиз?

Ҳозир мактабларга ижодкорлар орасидан сафарбар этилган «Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи»лардан бирининг ­эътирофича, таълим муассасаси кутубхонасига «Янги Ўзбекистон» ва «Ишонч» газеталаригина бораётган экан.

«Маърифат» ва бошқа таълим нашрлари қани? Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг хавотири жуда ўринлидир:

«Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.

Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди».

Президент нутқидаги вазифаларни бажариш бўйича чора-тадбирлар белгиланади одатда. Лекин айнан матбуот нашрларига келганда юмалоқ-ёстиқ чора белгиланди. Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлис баёнида (2020 йил 12 октябрь) вазирлик ва ҳокимлик­ларга «обуна учун маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан маблағ ажратиш» чорасини кўриш топширилди. Оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, баъзи туманларда маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан ҳоким учун замонавий енгил машина харид қилингани маълум бўлди...

Президент танқиди айрим раҳбарларга кор қилмай қолди чоғи. Устига-­устак бор имкониятлар ҳам кунпаякун қилинди. Масалан, таълим муассасаларининг обунасини ташкил этиш, узоқ ҳудудлардаги эҳтиёжманд қатламнинг қўшимча адабиёт ва таълим нашрларига бўлган талабини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги «Аҳолининг ижтимоий ҳимоя­га муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 33-сонли қарорининг 5-бандига асосан «Қишлоқ жойларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг ахборот билан таъминланганлигини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги 2002 йил 1 январдан бошлаб (қишлоқ жойлардаги) умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг кутубхона фонди ўнтагача турдаги газета ва журналларга, асосан республика оммавий ахборот воситаларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига мажбурий обуна қилинишини таъминлаш» белгиланган эди.

Бу қарор ҳам Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамия­тини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони»га асосан) 87-сонли Қарори билан ўз кучини йўқотди.

Бу каби ҳаракатлар кимдир атай ва қасдма-қасд матбуот нашрлари томирига болта ураётганини билдирмайдими? Бунинг зарарли оқибатини раҳбарлар қачон тушуниб етадилар?

Тарихдан бир мисол келтирамиз. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигидаги «Самарқанд» газетасида (1913 йил 32-сон) «70 миллионли Америка халқи 22882 жарида ва мажалла ўқишади. Биз Туркистон нуфуси онлардан 8 дафъа оз бўлсак-да, илм борасида 3000 дафъа оздурмиз. Бу дунё аҳлидан биз туркистонлилар беилм ва ваҳший (ёввойи – Ҳ.С.)дирмиз», дейди. Евроосиё мамлакатлари, жумладан, Францияда 8940 та, Олмонияда 8050 та, Англия ва Японияда 6 мингдан зиёд, Италияда 3 мингдан, Швейцария ва Голландияда  бир ярим мингга яқин газета борлиги  ва улар катта ададларда чоп этилиши уларнинг ривожланишига хизмат қилаётганини таъкидлайди. Бу гапнинг айтилганига 100 йилдан ошди!

Бугун Беҳбудий санаб ўтган ўша пайт­даги газетхон аҳолиси бор давлатлар тараққиётини қиёсланг. Нашрларни мунтазам ўқиш, янгиликлардан бохабар бўлиш, замон тақозо этган рақобатга тайёр туриш у юртларни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқмадими?! Буни тушуниб етадиган раҳбарлар қачон туғилади?! Умид бормикан?!

Умидни болалардан бошлайлик унда! Бола она қорнидан китоб ўқишга тайёр ҳолда туғилмайди. Ҳар қандай китобни ўқитишдан аввал газета ва журнални варақлатиб, кичик-кичик шеъру ҳикоя, хабар ва мулоҳазаларни ўқитиб, мутолаага, албатта, мустақил фикрлашга ўргатилади. Бу ҳаракатимиз билан қишлоқдаги интернет тармоғига уланиш у ёқда турсин, телефон олишга қурби етмайдиган оилалар фарзандларига мутолаа маданиятини шакллантирган, ўйлашга, фикрлашга, ўз йўлини топишга сафарбар қилган бўламиз. Бу масалада «Гулхан», «Ғунча» журналлари, «Тонг юлдузи», «Класс» газеталари ва бошқа нашрларга «бозор талабидан келиб чиқиб кунларингни кўринглар», дейиш мутлақо нотўғридир. Яна бир бор таъкидлаймиз: болаларимизни ОАВнинг барча турларидан фойдаланишга, фикр­лаш, баҳс маданиятини шакллантиришга, муносабат билдиришга, уларда иштирок этишга ўргатишимиз шарт. Ижтимоий тармоқда қўйилаётган масала(пост)ларга берилаётган изоҳларга эътибор қаратинг – фикрлаб, муаммога чуқурроқ кириш керак бўлган пайтда қисқа ва лўнда ҳақоратга ўтилади. Нега? Чунки фикрлаш, баҳслашиш одоби, кўникмаси йўқ! Бу сифатларнинг бари китоб ўқиш орқали тарбияланади.

Қонун чиқарувчи («Халқ сўзи»), Ижро ҳокимияти («Янги Ўзбекистон») муассислигидаги газеталар жуда керак, инкор этмаймиз. Шу билан бирга аҳолида сиёсий маданиятни шакллантириш учун партиялар кураши акс этган «ХХI аср», «Миллий тикланиш», «Ўзбекистон овози», «Адолат», «Оила ва табиат» каби партия нашрлари ҳам кутубхоналарда бўлиши ўта зарур. Айниқса, сайлов пайти ҳар бир сиёсий партиянинг ўзига хослиги ва бошқасидан фарқини халқ ўқиб билиши, ўзига ёққан партия сафига кириб ҳокимият учун курашишни ўрганиши ўта муҳим масаладир. Ўргатишни ўзига эп кўрмаган ҳукуматнинг «халқимиз сиёсий курашга тайёр эмас», дейишини ривожланишнинг бу босқичида мутлақо кечириб бўлмайди. Акс ҳолда жаҳон ҳамжамияти назарида кулгига қолишда давом этамиз...

Тўғри, ҳаёт фақат сиёсий курашлардан иборат эмас. Инсонни, аввало, адабиёт тарбиялаши керак. Адабиёт қалбни пок сақлайди, фикрлашга ундайди. Фалсафий қарашлар эса тафаккурни чархлайди, дунёқарашни кенгайтиради.

Шу боис «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Китоб дунёси» газеталари, «Ёшлик»,  «Шарқ юлдузи», «Жаҳон адабиёти», «Тафаккур», «Маънавий ҳаёт», «Муштум» журналлари ҳар бир таълим муассасаси кутубхоналарига бир донадан бўлса-да, етказилиши керак. 

Таҳлилий, долзарб ва танқидий мақолалари билан ўқувчиларга манзур бўлаётган «Ҳуррият», «Жамият», «Оила ва жамият», «Ёшлар овози», «Нуроний», «Даракчи» каби газеталар ҳам мактаб кутубхонасида бўлиши даркор (Албатта, бу танлов муаллифники. Таклифимиз шуки, кутубхона учун қандай нашрлар танланиши ҳам юқорида таъкидланган Ҳайъат зиммасида бўлади).

Натижада нашрларнинг иқтисодий салоҳияти ошади, улар ўртасида ижобий рақобат кучаяди. Рақобат эса мазмунли ва долзарб мақолалар кўпайишига сабаб бўлади. Танқидий мақолалардан раҳбарлар ҳушёр тортади, қадамини ўйлаб босади. Коррупция чекинади, ривожланиш бўлади. Жамиятдаги мунозарали масалалар ўртага ташланади, аҳвол тушунтирилади, зарурат туғилганда халқ ҳукуматга, албатта, ёрдамга келади!

Миллат зиёхонасини ҳалокатдан асрасак, у миллатни тараққиётга элтади!

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори,

 «Меҳнат шуҳрати» ордени cовриндори




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔41

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔58

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар