Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Экологик таълим – экологик барқарорлик омили

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини авайлаб-асраш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш туйғусини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Экологик  таълим –  экологик барқарорлик  омили

Жумладан, «яшил» тараққиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш, узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларини кенг жорий этиш, ёшларнинг экологик билимини ошириш, олий таълим тизимида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, жамиятда экологик маданиятни янада ошириш мақсад қилинган.

БМТнинг 1992 йилда Рио-­де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган атроф-муҳит муаммолари муҳокамасига бағишланган конференциясида дунёнинг барча мамлакатларида инсониятнинг ҳаёт тарзи ва барқарор ривожланиши стратегиясини амалга оширишда экологик таълимнинг улкан аҳамиятга эга экани таъкидланган эди.

Бугун катта хатар сифатида қаралаётган кўпгина экологик муаммолар айнан инсон омилининг экотизимга нотўғри муносабати оқибатида юзага келаётганига гувоҳ бўламиз. Атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши, сувнинг ифлосланиши, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаслик ёки уларни тўғри утилизация қилмаслик, фауна ва флорага шафқатсиз муносабатда бўлиш кабиларда инсоннинг «ҳисса»си катта. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, биринчи навбатда, аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб бориш орқалигина амалга ошиши мумкин.

Аҳолининг бу борадаги саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш долзарб аҳамиятга эга. Бундай қарашни биз фарзандларимизга мактабдан эмас, оилада — бола оқ-қорани таний бошлаганидан ўргатиб, қулоғига қуйиб, унга ўзига мос тилда гапириб, тушунтириш устида жиддий ишлаш орқали сингдиришимиз мумкин.

Шу боис, экологик тарбиянинг муҳимлиги ҳозирги замонавий дунёда ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслиги билан биргаликда, кўплаб мамлакатларда таълим ва тарбия беришнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Аҳолининг экологик маданиятини ва атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантиришга қаратилган ушбу фаолият — бутун инсоният келажаги хавфсизлиги гаровидир.

Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни 4-моддасида «...барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқувининг мажбурийлиги» қайд этилган бўлиб, экологик таълимнинг бош мақсади аҳолининг барча қатламларида, жумладан, умумтаълим мактаблари ва коллеж ўқувчилари, олий таълим талабаларида атроф муҳитни асраш муаммоларига онгли муносабатни шакллантиришдан иборатдир.

Замонавий олам шундай даврни бошдан ўтказяптики, ёшларда экологик маданиятни тарбиялаш таълим фаолиятининг долзарб йўналишларидан бирига айланди. Болаларда экологик билим қанчалик барвақт шаклланса, шунчалик катта самара беради.

Бугунги кунда барча ижтимоий онг даражалари ва маданият шакл­ларининг экологик манфаатлар доирасида интеграциялашуви жараёни кучайиши кузатилмоқда. Бундай вазиятда экологик маданиятни ривожлантириш жараёнида ўзаро боғлиқ, лекин нисбатан мустақил икки йўналишни бир-биридан ажратиб таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.

Биринчиси, экологик назарий билимлар мажмуаси асосида инсониятнинг табиатни ўзгартириш ва ўзлаштиришдан иборат амалий фаолиятни ташкил этувчи ишлаб чиқариш, техника, технология тараққиётини оқилона ташкил қилиш.

Иккинчиси, тарихий экологик тажрибалар асосида экологик таълим-тарбия ижтимоий институтлари ёрдамида кишиларда экологик онг, тафаккур ва дунёқарашни ривожлантиришдир.

Бу йўналишларни умуминсоний манфаатлар негизида уйғун тараққий эттириш, пировард натижада фаол экологик маданият шаклланишида ва уларнинг табиатни муҳофаза қилиш фаолиятида катта роль ўйнайди.

Умуман, табиат ва жамият муносабатларини илмий тушуниш асосида таълим-тарбия тизимида тегишли восита ва усулларни замон талаблари даражасида такомиллаштириб, амалиётда қўллаш, экологик маданиятни ривож­лантиришнинг зарурий шартидир. Бунинг учун таълим-тарбиянинг барча йўналишларини, усулларини, воситаларини уйғун ривожлантириш ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Экологик вазият ўзига хос хусусиятга эга. Инсон табиат қудратини куч билан эмас, балки мувозанатни бузмаган ҳолда мувофиқлаштириши керак.

Экологик онг инсоннинг табиат билан ўзаро таъсири соҳасидаги билим ва эътиқодни мужассам этади. Экологик билим одамлар ўзларининг ҳозирги ва келгусидаги биосфера билан қанчалик узвий боғланганини, табиатни муҳофаза қилиш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш ва ҳар бир инсонда атроф муҳит ҳолати учун масъуллик ҳиссини тарбиялаш, ҳайвонот ва наботот оламини асраш объектив зарурат эканини тушуниб етишининг муҳим шарти ҳисобланади.

Экологик тарбиянинг муҳим шакли ўқувчиларнинг ўз ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат — дарахтлар экиш ва уларни ўз вақтида парвариш қилиш, қушлар ва ҳайвонлар учун ин қуриш, булоқ, кўл, ариқларни ахлат ва чиқиндилардан тозалаш, туман ҳудудига яқин жойлашган қишлоқ ёки шаҳар атрофидаги оромгоҳларда ободонлаштириш тадбирларини ўтказиш ва бошқа амалий ишлар ҳисобланади. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида ёшларда назарий билимлар мус­таҳкамланиши билан бирга, табиат билан боғлиқ зарурий экологик, ҳуқуқий, ахлоқий ва эстетик қарашлар шаклланади. Ўқувчилар инсоннинг табиатдаги ўрнини, она шаҳри ёки қишлоғи учун табиат муҳофазаси борасидаги фаолиятининг аҳамиятини, ер ва ҳаво, кўл, дарёларни тоза сақлаш масалаларини ҳал этишда фаол ҳаётий нуқтаи назарнинг долзарб эканини тушуниб етади. Айнан ёшларнинг табиатни муҳофаза қилиш борасида мақсадга йўналтирилган амалий фаолияти индивидуал экологик онг шаклланишида зарурий шарт ҳисобланади.

Миллий маънавиятимизнинг серқирра ва теран илдизларига таянган ҳолда, мафкуравий тарбия йўналишларини ишлаб чиқишда экологик мафкура, таълим ва тарбия тизимини яратиш алоҳида ўрин тутади.

Экологик онгни, маданиятни шакллантиришда назарий экологик билимларни бериш билан бир қаторда, маданий-маърифий ишларнинг барча самарали шакли ва услубларидан, жумладан, оммавий ахборот воситаларидан, оғзаки, кўргазмали ва техника воситаларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки экологик тарғибот аҳолининг муайян тоифалари онгига таъсир этиб қолмай, балки боғча ёшидаги боладан тортиб, аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши ҳаммага тушунарли, кўргазмали ва ошкора бўлиши лозим. Табиат, ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ресурслар ҳақида хабар бериш билан ёш авлод онгида табиатга нисбатан эъзоз уйғотиб, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасида экологик таълим-тарбия бешиги ролини ўташи лозим.

Инсониятнинг кун сайин ўсиб бораётган эҳтиёжлари ва сайёрамизда камайиб кетаётган имкониятлар ўртасидаги мувозанат барқарорлигини таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш учун ҳар биримиз экологик билимга эга бўлмоғимиз зарур.

Инсон қачонки ўзини табиатнинг бир бўлаги, деб ҳис қилмас экан, бу каби ҳолатларга барҳам бериш мураккаблашиб бораверади. Ҳақиқатан, борлиқдаги барча тирик мавжудот инсон омилидан катта зарар кўраётгани инкор этиб бўлмайдиган далилдир. Биз инсонни атроф муҳитда юзага келаётган экологик муаммоларга қарши курашишда ташқи омиллардан унумли фойдаланиш билан бирга, энг бирламчи ва муҳим бўлган жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратишга ундашимиз зарур. У ҳар бир инсонда она табиатга, атроф муҳитга ва ундаги ҳар бир тирик жонзотга меҳр билан оқилона муносабатда бўлиш туйғусини шакллантиришдир.

Бир қарашда бу, амалга оширилаётган чора-тадбирлар олдида шунчаки ҳавойи гапга ўхшайди. Лекин ҳар бир болага ўз оиласида болалигидан етарлича сингдирилган ушбу тарбиявий муносабат катта-катта техника ва технологиялар бажара олмайдиган натижаларни қўлга киритишда кутилган самарани бериши шубҳасиз.

Бу вазифалар кўп йиллик, узоқ стратегик мақсадлар билан ҳамоҳанг бўлиб, инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришни кўзлайди.

Зотан, инсоннинг экотизимга тажовузкорона муносабати ўзгармаса, яқин ўттиз-қирқ йил ичида инсоният жуда катта муаммолар билан юзлашишини мутахассислар илмий ҳисоб-китобларида таъкидлашяпти.

Шунинг учун ҳам оила ва маҳалла тизимида экологик масалаларга эътибор қаратиш, аҳолининг атроф муҳит ҳолати бўйича хабардорлигини ошириш, мунтазам равишда атроф табиий муҳит ҳолати юзасидан миллий маъруза ва таҳлилий ҳисоботларни нашр этиб бориш сайловолди дастурининг муҳим бандлари сифатида белгиланган. Ҳар бир шахсда атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, унга таъсир даражаси юқори бўлган корхоналар экологик масъулиятини ошириш, «яшил ташаббуслар»­ни амалга оширишга эътиборни янада кучайтириш каби ишларда ҳар бир фуқаронинг масъулият билан иштирок этишини кўзда тутади.

Мухтасар айтганда, сайёрамиз келажаги ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик маданиятига боғлиқ. Ёшлар ўртасида экологик билим, онг, маданият ҳамда экологик таълим-тарбия жараёнини тизимли ташкил этиш, экология соҳа илғор инновацион технология­ларини жалб этган ҳолда янада такомиллашишини, ёшларнинг она табиатни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмаларини оширишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Мазкур хайрли ишларни амалга оширишда кенг жамоатчиликнинг роли беқиёслигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этиб, муносиб номзодга овоз бериш барчамизнинг бурчимиз эканини унутмаслигимиз лозим.

 

Носиржон АМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси

фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔29

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔29

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔33

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар