Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Тил бор экан, миллат барҳаёт

Ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг дунёда мавжудлигини биргина омил – она тили билдириб туради. Дунё олимларининг эътирофига кўра, бугунги кунда ер юзи аҳолиси беш мингдан зиёд тилда гаплашади.

Тил бор экан,  миллат  барҳаёт

Тил – миллатнинг ғурури, ифтихори, фахридир. Айни пайтда тилда халқнинг орзу-умидлари, мақсад ва интилишлари ўз ифодасини топади. Тил бор экан, миллат барҳаёт, юрар йўлимиз нурафшондир. Жонажон ўзбек тили хусусида сўз кетганда, шубҳасиз, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканини эътироф этиш жоиздир.

Маърифатпарвар аждодимиз Абдурауф Фит­рат «Тилимиз» номли мақоласида «Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сўзнинг тўғриси шудир. Дунёнинг энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили яна шу туркчадир» деб ёзган эди. Бу тилни «бой» деб сифатлашда унинг асрлар бўйи сайқалланиб келаётгани, ўзида маъно-мазмун кўлами билан бир қаторда халқ орзу-умиди, дунёқараши, қадриятларини намоён этишига ишора қилган. Мутафаккирнинг «бахтсиз» дея куюнишида тилга бўлган салбий муносабат, эътиборсизликдан ёзғириш мужассамдир. Бугун маърифатпарвар аждодларимиз орзу қилган дориломон кунлар келди – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.

Ўзбек тили ўзига хос тарихий тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Миллий тилимиз азалдан бошқа туркий тиллар билан умумий илдизга эга бўлган.

Қарлуқ қавмларининг лаҳжалари турли даврда ўғуз, уйғур, қипчоқ каби туркий, шунингдек, эроний, араб, мўғўл тили лаҳжаларини ўзига сингдириб келган. Туркий тил грамматик асосларини ишлаб чиққан, қиёсий тилшунослик асосчиси Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарида қорахонийлар давлати турклар номи билан аталган. Уларнинг тили, аввало, шу минтақада яшаётган ўғуз, туркман ва уйғур каби қавмлар тилларидан фарқланиши кўрсатиб берилган. «Девону луғатит турк»даги қайдлар ўзбек тилининг тарихий тараққиётига доир муҳим маълумотлар сифатида аҳамиятлидир.

Ўзбек тилимиз бугун мураккаб тарихий тараққиётни бошдан кечириб, давлат тили, давлат рамзи, миллий яхлитлик омили, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни аждодлардан авлодларга етказувчи даражасига кўтарилди. Шунингдек, миллий тафаккур ва миллатлараро алоқа воситаси, ахборот технологиялари тили сифасида юқори поғонани эгаллаб келмоқда.

Тил ҳамиша тараққиётда бўлади, агар у ривожланиб бормас экан, ўлик тилга айланади. Ўзбек маданиятининг юксалиш даври бўлган XIV-XV асрда шаклланиб бўлган тилимиз такомиллашиш пиллапоясига қадам қўйди. Бу даврда ўзбек бадиий адабиётининг юксак намуналари яратилди. Адабий ва жонли сўзлашув тили орасида фарқ кучайди. Бу эса бадиий адабиётнинг эркин оммалашувига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Бу тилда яратилган Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк», Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Хоразмийнинг «Муҳаббатнома», Рабғузийнинг «Қиссаи Рабғузий», шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Мавлоно Лутфийнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин.

Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадиияти, балки тилшуносликка бағишланган «Муҳокамат ул-луғатайн», яъни «Икки тил муҳокамаси» номли асари шу соҳадаги беқиёс манба ҳисобланади. Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг тилимизда яратган гўзал асарлари бугун ҳам ўқувчи томонидан севиб мутолаа қилинади.

Кейинги йилларда ўзбек тилининг мавқеини кўтаришга, уни такомиллаштиришга хизмат қиладиган тадқиқотлар юзага келди. Ўқув адабиётлар мазмун жиҳатдан бойитилиб, она тили дарсликлари қайта чоп этилди. Охирги пайтларда тил ва жамият муносабатларини таҳлил этувчи изланишлар яратилмоқда. Тил ва нутқ муносабатини психик механизмга алоқадорликда таҳлил этадиган психолингвистика, тил ва маданият муносабатларини ёритувчи лингвокултурология соҳасига доир тадқиқотлар олиб борилмоқда. Факультет магистр ва докторантура талабаларининг ҳар ой чоп этиладиган «Лингвист» тўплами тил тарихи, лекцикология ва лекцикография терминлари, морфология ва синтаксис, социолингвистика, психолингвистика, прагмалингвистика, компьютер лингвистикаси каби мавзуларни қамраб олади. Тил назарияси ва амалиёти кафедраси томонидан ўзбек тили фонетикаси, семасиологиясига доир кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Аждодларимиз томонидан ноёб дурга қиёсланган сўзнинг қадр-қиммати, таркиби, ички олами таҳлил қилинадиган семасиология соҳаси такомиллаштирилди. Қувонарлиси, талабаларнинг ўзбек тилшунослиги назариясини ўрганишга ва тадқиқ қилишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь санаси Ўзбекистонда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди: «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак, – деди Президентимиз. – Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан 2017 йилдан буён «Ўзбек тилини дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциясининг ўтказилиши она тилимиз ривожидаги улкан қадамлардан бири бўлиб келмоқда. Бу анжуманда қирқдан ортиқ мамлакатлардан вакиллар қатнашиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини ўзбек тилида баён қилиши оламшумул воқеадир.

Лекин ҳали-ҳанузгача тил назарияси билан боғлиқ муаммоларимиз етарли. Айрим жойларда тилга, ёзувимизга совуққонлик билан қараш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолатни шаҳримиздаги ташкилот ва муассасалар берган турли реклама ва эълонларда кузатишимиз мумкин. Масалан, пешлавҳалардаги «хуш келибсиз» сўзининг ўрнига «ҳуш келибсиз», «маҳалла» сўзи ўрнига «махалла», «буюм – буйим» каби нотўғри қўллаш учраяпти. Шу билан бирга, «навбатчи дорихона» сўз бирикмаси ўрнида «дорихона навбатчи», «иссиқ нон» ўрнига «нон иссиқ», «Тараққиёт кўчаси» эмас «кўча тараққиёт» каби турли муассаса, жой ва кўча номларининг бундай мазмунан дағал ва қўпол хатоларда ёзилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?! Энг ачинарлиси, шаҳримизнинг қоқ марказидаги чорраҳалардан биридаги афишада «Юрт ободлиги – халқ фаровонлиги» жумласидаги «халқ» сўзи ўрнига «ҳалқ» сўзи ёзиб қўйилган. Наҳотки, афиша ёки реклама бераётган инсон сўзларни тўғри ёзишда бирор-бир соҳа мутахассиси билан маслаҳатлашмайди.

Тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, фойдаланиш самарасини ошириш борасида муаммолар талайгина. Фанимиз бу борада оқсамоқда.

Масалан, мактаб таълимидаги она тили дарсида ўқувчининг онгини фақатгина тилшуносликка доир назарий маълумотлар билан тўлдирмоқдамиз. Ҳолбуки, биз мактаб, лицей ёки коллежда тилшунос олимларни тайёрлаётганимиз йўқ-ку. Назаримда, уларга тилшунослик қоидалари билан бирга, уларда равон, тўғри, мантиқли ва чиройли сўзлаш, қунт билан хатосиз ёзиш ҳамда мулоқот маданиятини шакллантиришимиз керак. Шундай талабаларимиз борки, тил назариясини чуқур билади, аммо уч-тўртта гапни чиройли қилиб, жамоанинг олдида гапиришга оқсайди.

Ўзбек тилининг тафаккури уммондир. Сўзларимизда шу уммоннинг томчилари ифодаланади. Ҳар бир тилнинг умрбоқийлиги, халқнинг тилга эътиборлигида, ундан унумли фойдаланишда намоён бўлади. Тилимизнинг илдизи бақувват, сеҳри таровати кучлики, ҳозиргача ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Унинг софлигини сақлаб, авлодларга етказиш, зарарли тиконлардан тозалаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

 

Зулхумор ХОЛМАНОВА,

филология фанлари доктори,

ТошДЎТАУ профессори




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔29

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔30

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔33

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар