Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Муаллим десалар мени қанийди...

Устоз ва мураббийлик ҳар бир халқнинг келажагини барпо этувчи стратегик аҳамиятга эга касблардан биридир. Бугунги кунимиз ва келажагимиз том маънода ўқитувчиларга қилинадиган муносабатимиз билан чамбарчас боғлиқ, албатта.

Муаллим  десалар  мени қанийди...

Мактаб остонасига қадам қўйган ҳар бир ёш фавқулодда салоҳият эгаси бўлиши мумкин. Аммо унинг салоҳияти қай тарзда намоён бўлиши, шубҳасиз, унга бериладиган таълим-тарбияга боғлиқ. Устоз ва мураббийлар болани ҳақиқатда инсониятга нафи тегадиган катта бир шахс ёки эътиборсизлик орқасидан шунчаки ўртамиёна бир киши қилиб тарбиялаши мумкин. Энг ачинарлиси, боладаги улкан салоҳият зарарли ишларга йўналтирилса, даҳшатли фожиалар юзага келиши муқаррар.

Мунтазам силсила

Тарихимизда буюк инсонларга таълим-тарбия бериб, жаҳонга таниқли арбобларни етиштирган зотлар кўп бўлган. Улар бошлаган таълим-тарбия анъаналари ҳалигача бутун дунёни ҳайратда қолдириб келаётгани ҳам бор гап. Турли соҳалардаги оламшумул кашфиётлар Шарқдаги илм-фан намояндаларининг истиқболли саъй-ҳаракатлари маҳсули эканини ҳамма эътироф этади. Аммо улар тутган йўл айнан нимадан иборат бўлгани, кейинги асрларда нега ўша анъаналар муайян маънода узилиб қолгани масаласи ҳам кўпчиликни ўйлантиради. Мазкур саволга ўринли жавоблар топилиши ўқитувчи ва мураббийлик, устоз-шогирдликнинг олтин силсиласи синоатларини бирмунча ойдинлаштиради.

Силсиланинг биринчи мустаҳкам ҳалқаси таълим-тарбиянинг башарият учун манфаатли бўлишини назарда тутади. Бу ўз навбатида, кенг миқёсдаги ҳамда энг узоқни кўзлаб қилинган ҳаракат эканини билдиради. Устоз-мураббийлик ҳар бир инсонга ҳамма нарсанинг асл моҳияти, барча хусусиятлари ҳамда сир-синоатини таълим бериш воситасида одам ва олам муносабатларида энг мақбул йўлни танлаш демакдир. Айни сабабга кўра, тарихимизда яшаб ўтган ҳамда кўп асрлардан бери жаҳонга довруқ солиб келаётган Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Фахриддин Розий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби ўнлаб алломаларнинг илмий мероси нафақат халқимиз, балки бутун инсоният тараққиёти учун мунтазам равишда самарали хизмат қилиб келаётгани бежиз эмас, албатта. Бу каби алломаларнинг илм-фаннинг турли соҳаларида қўлга киритган ютуқлари бугунгача дунёда кенг фойдаланиб келиняпти. Бу эса, ўз даврида таълим-тарбия ҳамда устоз-шогирдлик тизими намунали даражада йўлга қўйилганини исботлаб турибди.

Бундай мустаҳкам тизимнинг асрлар давомида барқарор туришига сабаб бўлган яна бир омил холислик ҳисобланади. Устоз ва шогирдни бир-бирига боғлаб турган восита илм йўлида ҳар қандай сунъий ғаразлардан холи ва самимий бўлиш эди. Йиллар давомида юртма-юрт, шаҳарма-шаҳар пиёда сафар қилиб, машаққатларга бардош бериб, эвазига ҳеч қандай моддий манфаат тама қилмасдан таълим олиш ёки илм тарқатиш ҳар қандай инсоннинг иродасини тоблайдиган фаолият саналган. Олимларимизнинг аксарияти бутун умрини илм-фанга бағишлагани ҳолда тирикчилик қайғуси уларни илмдан тўсиб қўймагани албатта ҳайратланарли ҳолдир. Улар учун илм-маърифат тирикчилик манбаи эмас, тириклик саодати бўлиб хизмат қилган.

...Имом Бухорий ҳазратлари ўз юртидан олисда илм сафарида юрган кезларида ночорликдан дарахт барглари билан озиқланиб бўлса-да, таҳсилни давом эттирган эканлар. Устозларнинг, олим кишиларнинг ёрдами билан илм йўлини тарк қилмасдан, мунтазам давом эттирган. Алишер Навоий Самарқанд таҳсили асносида жуда қийин молиявий аҳволни бошдан кечирганини ёзиб қолдирган. Аммо устози Фазлуллоҳ Абулайс Самарқандий бундай фавқулодда закий шогирдига ўз хонақоҳидан жой бериб ғамхўрлик кўрсатган. Бу эса ўз навбатида Алишер Навоий умри давомида илм аҳлини қўллаб-қувватлаши, уларга раҳнамолик ва ғамхўрлик кўрсатишига ундаган бўлса, ажаб эмас.

Дарҳақиқат, илм-фан қад­рланган, илм аҳли саналмиш устоз-мураббийлар эҳтиром қилинган даврларда тараққиёт юқори бўлган. Шу сабаб, илм аҳлини ҳукмдорлар ҳам ҳамиша эъзозлашган.

Амир Темур ўз салтанатидаги олимларни пойтахт Самарқандга жамлаб, шу ерда илм-фан билан шуғулланиши учун шароит яратиб берган. Пойтахтда фаолият юритган олимлар ўнлаб шогирдларни тарбиялаган. Шогирдларнинг илмий мероси башарият тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қолдирилган.

Манфаат ва фидойилик

Мамлакатнинг келажагини бунёд этиш учун ўқитувчи ва мураббийларнинг ёш авлодга бераётган таълим-тарбияси асосий омил бўлади. Юртимиз тарихидаги биринчи ва иккинчи ренессанслар мисолида худди шу ҳодисани кузатиш мумкин. Эндиликда Учинчи ренессанс остонасида тарихдаги ютуқлардан унумли фойдаланиш мавриди келди. Ўқитувчининг мақоми энг юқори тутилса, қадри ҳамиша баланд бўлса, меҳнати муносиб қадр топса, илм-фан соҳасида, таълим-тарбияда албатта юксалиш ва тараққиёт юз беради. Яқин тарихимизнинг бир неча йилларида ўқитувчига муносабат қониқарли бўлмади. Моҳир педагоглар мактабларни ташлаб, бозорлардан қўним топишди. Ўқитувчига тўланадиган ойлик бир эркакнинг оила боқиши учун етарли бўлмади. Бунинг устига ўқитувчи ўз вазифасига дахлдор бўлмаган турли ишларга жалб этилди. Ўқитувчининг зиёли сифатидаги ҳурматли мақоми суистеъмол қилинди. Оқибатда, мамлакатнинг таълим-тарбиядек муҳим стратегик соҳаси ўзининг муносиб кадрини йўқота бошлади.

Сўнгги йилларда таълимда олиб борилган изчил ислоҳотлар муаммога бир қадар барҳам бера олди.

Бугун ўқитувчининг моддий эҳтиёжлари муносиб баҳоланган ҳолда, меҳнатига ҳақ тўланяпти. Яна турли йўналишларда ўз иқтидорини намойиш этган устоз-мураббийларга устама ва қўшимча ҳақ тўлаш механизми жорий қилинди.

Энг муҳими, ўқитувчи ўзига тегишли бўлмаган қишлоқ хўжалик ишларидан холи бўлди. Бунинг бадалига ўз устида ишлаш, малакасини ошириш, ҳар бир машғулотларга пухта тайёргарлик кўриш имконига эга бўлди.

Мавлоно Жалолиддин Румий «Агар тикувчи вазирлик учун ўз касбидан воз кечса, инсонлар кийимсиз қоларди», деган фикрни келтиради. Бу билан ҳар бир инсоннинг ўз касбига бўлган иштиёқини таъкидлайди. Ўқитувчилик ҳам худди шундай катта фидойилик талаб этадиган касблардан биридир. Агар ўз касбининг устаси бўлган устоз-муаллимлар манфаат учун бошқа соҳаларга ўтиб кетишса, бу ҳолат халқнинг келажагига албатта таъсир кўрсатади. Буни, аввало, устоз ва мураббийлар чуқур англаб етиши керак. Жамият эса, уларнинг бундай фидойи ва машаққатли меҳнатларини ҳамиша муносиб қадрлашга бурчли. Агар жамиятда мана шу ўзаро боғлиқ муносабат бузилса, бу ҳолат илм-фан ривожига салбий таъсир кўрсатади. Шу маънода педагоглар устоз-мураббий деган номга муносиб бўлиши, бошқалар уни доимо қадрлаши, ҳурмат ва эҳтиром қилиши энг тўғри йўлдир.

Машҳур шоирнинг армони

Шоирга дедилар: сиз бахтли инсон,

Халқингиз ардоқлар, ҳамма танийди.

Шоир жавоб берди: менда бир армон,

Муаллим десалар мени қанийди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг юқоридаги шеърида устоз-муаллимлик ҳар қандай инсон ҳавас қиладиган мўътабар касблардан бири эканига алоҳида урғу берилган. Чиндан ҳам эл орасида ҳурмат-эътибор топган барча касб эгалари устоз ва мураббийларнинг самарали меҳнати маҳсулидир. Шундай экан, дунёдаги барча касб эгалари устоз-мураббийлар олдида ҳамиша қарздордирлар.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔41

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔58

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар