Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Илдизи бақувват, танаси мустаҳкам, шохлари осмонга туташган озодлик дарахти

Бугун халқимиз учун энг қадрли кунни нишонлаётирмиз. Бу йиллар давомида орзиқиб кутилган, кимнингдир армонига, яна кимнингдир фожиасига айланган озодлик куни. Мамлакатимизда мана йигирма йилдирки, мустақиллик куни арафасида яна бир қутлуғ сана алоҳида нишонланяпти. Бу 31 август — қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Истиқлол байрамидан бир кун олдин айни шу тарихий воқеа учун жонини қурбон қилган минглаб ватандошларимиз хотираси ёдга олинишида ўзига хос моҳият акс этади. 

Илдизи бақувват, танаси мустаҳкам, шохлари осмонга туташган озодлик дарахти

Иккинчи ренессанс 
бунёдкорлари
1991 йил 31 августда ҳеч қандай қон тўкмасдан тинч йўл билан эълон қилинган давлат мустақиллиги аслида ота-боболаримизнинг қарийб юз йиллик шонли кураши, саъй-ҳаракати, умид ва интилишлари самараси эди. Бугун катта хурсандчилик билан нишонлаётганимиз истиқлол ана ўша зотларнинг заҳматли фаолиятлари эвазига юзага келганини унутиб бўлмайди. 
XIX асрнинг иккинчи ярмида озодлик учун қилинган қуролли ҳаракатларнинг барчаси аёвсиз бостирилган, кутилган натижани бермаган бўлса-да, кейинчалик қатъий йўлга қў­йилган маърифий курашлар халқ онг­гида миллий мустақилликка бўлган интилишларига дастак бера олди. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг янги давр ва интеграциялашув жараёни билан боғлиқ салмоқли ғоялари, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг миллат тараққийсида етакчи мавқе ҳисобланган таълим ислоҳоти тамойили, Абдулла Авлонийнинг оммавий тарғиботчиликдаги мустаҳкам позицияси, Абдулла Қодирийнинг миллатнинг эртанги куни – келажакни кўзлаб илгари сурган бебаҳо ғоялари ўз даврида катта муваффақият қозонгани шубҳасиз. Афсуски, бу каби фикрий ва маърифий ҳаракатларнинг барчасига қонли қирғинбарот ва қатлиом билан жавоб берилди. 
Биз юқорида санаб ўтганларимиз ўша давр фидойиларининг жуда кам қисми холос. Улар орасида минг-минглаб ватанпарвар зиёлилар бўлгани маълум. Ҳатто, ҳеч бир фикрий-амалий ҳаракатларга алоқаси бўлмаса ҳам фақатгина қалбида ўз Она-Ватанига муҳаббати сабабли таҳқирланиб қатоғонга учраган кишилар жуда кўп. 
Бир туп тут 
воқеаси
Истиқлолнинг бутун халқимиз учун оламшумул имконият эканини қиёс ва таҳлиллар воситасида кузатиш мумкин. Мустабидлик сиёсати ҳар бир хонадон, ҳар бир оила бошига катта зуғумлар солгани сир эмас. Мен ўз оилам мисолида истибдоднинг бир хонадон бошига солган аянчли кунларини яхши биламан. 

Қирқинчи йилларнинг охирида бобомни давлат мулкини талон-тарож қилишда айблаб, ҳибсга олишган. «Давлат мулки» сифатида қаралаётган нарса — бир туп тут дарахти. 

Бобомнинг «Мен наинки давлат мулкига, шу пайтгача бировнинг тирноқча нарсасига қўл теккизмаганман», деган самимий гапларига қарши унинг уйи томидан «топилган» тут новдаларини ашёвий далил сифатида кўрсатиб, уни ҳибсга олишади. Уйда эса, вояга етмаган уч нафар қизи билан ҳомиладор она чинқириб қолади. 
Узоқ давом этган тергов-суриштирув ишларидан сўнг ўзига қўйилаётган айб фақат туҳмат эканини айтиб, қатъий инкор этса-да, бобомни сургунга ҳукм қилишмоқчи бўлишади. Қариндош-уруғлар бор-будини сотиб, «давлатга етказилган зарар»нинг «ўрни»ни қоплашади. Шундан сўнг «ўз қилмишига чин юракдан пушаймон» экани, эндиликда бундай «иш»га қайта қўл урмаслиги ҳамда оилавий аҳволини инобатга олиб, бобомга бериладиган жазо истисно тариқасида уй қамоғига алмаштирилади. 
Аслида, бир инсонни жамиятдан мутлақо четлаштириб, бир умр уйдан чиқмайдиган қилиб қўйишдан кўзда тутилган бошқа бир мақсад борлиги аён. Маҳаллий халқ ичида катта обрў-эътиборга эга ҳамда маънавий таъсир ўтказиши мумкин бўлган — миллатнинг бир фидойиси, бир ватанпарвар инсонни ёмонотли қилиб, уни халқдан, халқни ундан узоқлаштиришнинг манфур режаси бўлган эди бу. Ўз даврининг барча илмларини чуқур эгаллаган бобом саводсизга чиқарилди. «Эскилик тарафдори» бўлган қолоқ бир кимса сифатида қаралди. Бутун умр таъқиб этилди. Қўлидаги мол-дунёси турли йўллар билан тортиб олинди. Ўзи халқ орасида обрўсизлантирилиб, «ёт унсур»га айлантирилди... 
Мустабидлик зуғумини чеккан биргина инсон ва оила мисолида бутун бир халқ турганини мулоҳаза қилсак, мустақилликнинг биз учун нақадар азиз, улуғ ва буюк неъмат эканига қайта-қайта амин бўламиз. 
Халқнинг катта умиди
«Дада, уруш бошланганида сиз ҳам бўлганмисиз?» дея саволга тутади беш яшар ўғлим. Унинг учун уруш жуда катта саргузаштлар олами, қаҳрамонликлар мавриди бўлиб туюлса керак. Лекин мен йиллар давомида халқнинг тинка-мадорини қуритган, миллатни емирган, ҳатто ер-сув, атроф-табиатга ҳам ўз таъсирини ўтказган урушларнинг аччиқ-аччиқ аламини ўғлимдан кўра яхшироқ англайман. Ота-боболар шаъни, қадр-қиймати, инсонийлиги, ор-номуси ва шахсиятига қаратилган талатўпларнинг дуди халқ вужудидаги кесиб ташланган аъзо каби кемтик бўлиб тураверади. 
Бугун катта байрам шодиёналарида ўша кунлар ва уларда қаҳрамонона матонат кўрсатган аждодлар олдидаги масъулиятимиз унутилмаслиги зарур. Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида жон фидо қилганларга бугунги кунларни кўриш насиб бўлмади. Биз эса, мустақиллик нашидасини улар учун ҳам баланд тутишимиз, ардоқлашимиз керак. 
Учинчи Ренессансга мустақил давлатда пойдевор қўйилди. Уни барпо этишда аждодларнинг кўп йиллик илғор тажрибаларига асосланилади. Энди қалбимизда истибдод қўрқинчи йўқ. Унинг ўрнига эртанги кунимизга катта ишонч ва умидлар бор. Ҳамманинг қалбида байрамона шукуҳ балқиб турган кезларда халқнинг катта умиди албатта рўёбга чиқади, деб ишонамиз. 

Туробжон АБДУРАЗЗОҚ




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔19

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔39

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔42

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар