Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Ватан қадри баланд бўлса, қаддимиз ҳамиша тик, ғуруримиз юксак бўлади

Бугун биз мустақилликни ҳар бир давлат тузилишида мавжуд бўладиган табиий омиллардан бири деб ҳисоблаймиз. Аслида эса, унинг қанчадан-қанча эрксевар ота-боболарнинг қонлари, жонлари эвазига қўлга киритилганини кўпда ҳам эслайвермаймиз.

Ватан қадри баланд бўлса, қаддимиз ҳамиша тик, ғуруримиз юксак бўлади

Эслайман, адабиёт ўқитувчимизнинг ўз тупроғини душманлари қадамидан нари қилиш, қулликдан сақлаш учун қулоқ-бурнини кесиб ташлаган бобо Широқ ҳақидаги ривоятларини. Аёл бўлишига қарамасдан фарзандлари ва оиласи – бутун давлати озодлигини сақлаб, ғанимлар етакчисининг бошини қон тўлдирилган мешга солиб қўйган Тўмарис момонинг жасоратини. Хўш, бундай жасорат, мус­тақилликни асрашга жонини ҳам тикишга рози қилувчи қудратли куч кишида қандай пайдо бўлади?

Унутилаётган туйғу
Саволимнинг жавобини шу заҳоти айтаман, биз бугун қадр тушунчасини унутиб, баъзан эса, ношукрлик қилиб қўяётгандекмиз. Сабаби, биз ўта қийин шароитда яшаётганимиз йўқ. Болаларимизни ўзимиз орзулагандек улғайтиряпмиз. Яшашга уй-жойимиз, ейишга ош-нонимиз, эгнимизга танлаб-танлаб киядиган кийим-кечакларимиз ортиғи билан бор. Лекин кўнглимизнинг чеккагинасида мудраётган бир ҳис, афсуски бизни безовта қилмай қўйди. Бу – қадр тушунчаси. Ота-она қадри, Ватан қадри, эркинлик қадри.
Сергакликни фақат Ватан посбонлари амалга ошириши зарур деб ҳисоблаймиз. Лекин нега ўзимиз ўша Ватан ҳимоячиларидек бўла олмаслигимиз кераклигини кўпда ҳис қилавермаймиз. Узоққа бормайлик, ўтган йили бутун дунё бошига коронавирус балоси ёғилди, ҳозир ҳам давом этмоқда. Инсоният улкан синовлар гирдобида қолди. Менинг ҳам, сизнинг ҳам тилингиздан шукроналик дуоси тушмай қолди. Нима сабабдан деб ўйлайсиз? Чунки биз соғлиғимизга эътибор қилмай қўйгандик. Вирус бизга  соғлиғимиз  бойлигимиз эканини уқдириб қўйди. Уни қадрлашга ўргатди.
Ушбу воқеалардан қўп ўтмай Сардоба фожиаси юз берди. Бемаврид келган сув балоси қанчадан-қанча одамларни уйсиз қолдирди. Ана ўша одамларнинг дилларида юрт қадри пайдо бўлди, Ватан остонадан бошланишини англаб етишди, нигоҳлари орқали ота макон нима эканини сездириб қўяверишди. Аммо халқимизнинг оқибатли экани, юрт раҳбарининг меҳрпарварлиги бу инсонлар бир лаҳзада йўқотган бошпаналарини қисқа фурсат ичида ўзларига янгича кўринишда тақ­дим этди. Шу ўринда ўйлаб қо­ламан: ниманингдир қадрини тушуниб олиш учун уни йўқотиш шартмикин? Нега борида, кўз олдимизда турганида қадрламаймиз, билиб-билмай уни увол қиламиз?..
Бу воқеликларни эсга тушириш орқали айтмоқчи бўлганим, ҳар неки неъмат бизга буюрилган эканми, уни борида қадрлайлик! Мустақиллик ҳам неъматларимизнинг энг азизи, энг улуғи.

Шоҳсупадаги бахт онлари
Мен Ватан нима эканини, мус­тақиллик қанақа сеҳрли кучлигини онажоним бу дунёдан ўтганларида англадим. Аслида, ота-она Ватаннинг мустаҳкам устунлари экан. Онажонимнинг вафоти менинг ҳаётимдаги кескин бурилиш палласини бошлаб берган. Аммо тақдир олдида киши ҳамиша ожиз қолавераркан. Йўқотишлар ўрнини нима биландир тўлдириш мумкиндир, аммо ота-она ва Ватанни йўқотганда бундай бўлмайди. Эҳтимол, она Ватан сўзи шунинг учун қадрлидир. Она Ватан қад­рини спортчилар тўлиқ ҳис қила олади. Рақибининг кўзига тикилганида орқасида халқи, она Ватани, мустақил юрти борлигини ҳис қилади. Шу туйғулардан кучига-куч қўшилади.
Яқиндагина халқаро Олимпиада якунланди. Спортчиларимиз дунёнинг манаман деган полвонлари билан бел олишди, елка тортишди, мушт ташлашди. Мусобақаларнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари ғолибнинг шоҳсупага чиқиши, ўз Ватанининг байроғини боши узра баланд ҳилпиратиб давра айланишида сезилади. Ундан ҳам таъсирлиси, кишини истаганча кўз ёш тўкишга мажбур қиладиган лаҳзалар олтин медаль олган спортчининг шоҳсупа тўрига чиқиши, мағлубиятга учратган рақибларидан бир бош баландда туриши ва унинг шарафига ўз давлатининг мадҳияси янграшидир. Бунақа бахтдан биз ҳам уч маротаба баҳраманд бўлдик. Айниқса, сўнгги кунда супер оғир вазнда рингга чиққан Баҳодир Жалоловнинг АҚШ вакилига қарши жангини оиламиз билан жамулжам бўлиб томоша қилдик. Рақибнинг кўнглидан нималар ўтгани менга қоронғи, аммо Баҳодир Олимпиада чемпиони бўлгач, дилидаги ҳамма ҳақиқатларини ўзи айтди. Йиғлаб айтди. Қўлларини ва бошини баланд кўтариб айтди: медалини Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллигига аташини, Президентимизга сўз бериб, ваъдасига вафо қилганини айтди. Ва рингнинг тупроғини кўзларига суртиб йиғлади. У шу паллаларда мустақилликнинг қад­рини сезаётган эди. Эркин ва озод Ватан куч-қудратини ҳис қилаётган эди. Онасининг оқ сутини, раҳматли отасининг васиятини бажарган эди.
...Мен ҳам йиғладим. 
Шу тобда чемпионнинг онасига ҳавас қилдим. Она учун боласининг ютуқларини кўришдан ўзга қувонч йўқ. Чунки мен ҳам онаман. Бир полвон мисолида 

мустақиллик кишига қанақа куч ато этишини, қанақа ғурур ва ифтихор бағишлашини томоша қилдим. Мадҳиямизнинг янграшидан шунақанги тўлқинланиб кетдим.
 
Ишонинг, мен ҳам фақатгина мустақил давлатларнинг спортчиларигина озодлик, мустақиллик бахтини туя олишини мана шу паллаларда янада тўлиқроқ англадим. Бугун биз қалбимизни тўлдириб мустақиллик деймизу, лекин унинг учун нималар қилаётганимизни кўпам фарқига боравермаймиз. Ҳақиқат шундаки, агар сиз виждонан ишласангиз, фарзандларингизни ҳалол ризқ билан боқсангиз, ютуқлар келавераркан. Фақат болангизни Ватанига содиқ бўлишига ундасангиз кифоя.

Катта қадамлар керак
Мустақилликни англаш учун, сиз аввало қулликни, қарамликни сезишингиз керак. Мустақиллик топилмаслигини англаш учун уруш билан тўқнашиш керак. Бу билан шуларни кўриш керак демаяпман. Шунақа даврлар ўтганини унутмаслигимиз керак.
Бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат во­ситасида  мустақиллигимизнинг пойдевори устига қурилаётган устунлар янада мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилиняпти. Анча муддат тортилган эркин сўз жилови яна ўз ўрнига қайтарилмоқда. Давлат сиёсий жиҳатдан мустақил бўлса ҳам ундаги ҳар бир фуқаро кўнглидан кечаётганини билдира оладиган даражада эркин бўлмаса, бахтиёр бўлолмайди. Сўз эркинлигининг қадрини матбуот ва адабиёт ихлосмандлари жуда яхши анг­лашади. Жадид боболаримиз мана шу сўз эркинлиги йўлида қатағонга учради.
Мен ҳам шу соҳаларга қизиққаним боис мустақиллик ва эркин сўзнинг нақадар тотли эканини аслида эгизак тушунчалар сифатида ёнма-ён қўйилишини тўғри тушунаман. Яқинда қўлимга бир шеър тушиб қолди. Номи ҳам ўзгача – «Қўшиғим». Меҳриноз Аббосова қаламига мансуб ушбу сатрлар мен ёзаётган мавзуга этга ёпишган тирноқдек мос келди. Шу сабабдан айни дамда кўнглимдаги меҳримни тилимдаги сўзларга қўшиб ёзаётганимда ушбу шеърни четлаб ўтолмадим. Менга ишонинг, ушбу шеърни бир марта ўқиб чиқишингиз биланоқ Мустақиллигимизни қандай ажойиб ва бебаҳо, ўзгача таъмга эга бўлган неъматлигини тушуниб етасиз. Тушунган лаҳзаларингиздан бош­лабоқ унга шукроналар айтаверасиз, айтаверасиз...
Манзилга элтмайди майда қадамлар,
Майда орзуларга бермайлик қанот.
Майда гап-сўзларни қўйинг, одамлар,
Токи майдалашиб кетмасин ҳаёт.

Майда дардлардан ҳам асрангил, юрак,
Катта шеъриятни сол дилистонга.
Катта мақсад, катта қадамлар керак
Катта йўлга чиққан Ўзбекистонга! 

Ватан тупроғини излаётганлар
Бир куни шаҳарда турувчи танишимникига меҳмонга бордим. Гарчи учинчи қаватда яшаса-да, уйининг балконида чумолиларга кўзим тушди. Ҳайрон қолдим. Қизиқиш устунлик қилиб сўрадим. Танишим кулиб, «мен ҳам аввалида бунга қизиққандим. Кейинчалик буни табиий қабул қилдим. Сабаби шуки, айни сиз кўраётган чумолилар ўз ватанини излаб келишган. Ҳа, ҳа...» Эмишки, чумолилар ўз уйларидан чиқарган тупроқни ўзларининг сўлаклари билан мус­таҳкамлашаркан. Ва бу модда уларни қачон қаерда бўлмасин инини топиб олиши учун бирламчи восита саналаркан. Агар сизнинг иморатингизга ҳам бир сиқимгина бўлсин чумоли инининг тупроғи аралашиб қолган бўлса, билингки, кунларнинг бирида чумоли ўз ватанининг тупроғини излаб келади.
Мустақил ватан тушунчасини, эркинликнинг асл неъмат эканини англаб олишимиз учун катта одам бўлишимиз шарт эмас, аксинча, ўша жимитдек келадиган, аммо меҳнат қилиб толмайдиган чумолидек ҳаракат қилсак, Ватанни бир ҳашарот тушунганидек тушунишнинг ўзи кифоя. Эҳтимол, мулоҳазаларим сизга жуда-жуда жўн туюлар. Аммо бу сўзларимни мусофирликни бошдан ўтказаётган юртдошларимиз яхши тушунишади. Ўзга юртда шоҳ бўлишдан кўра, ўз юртида гадо бўлиш афзалроқлигини билишади. 
Мустақилликнинг уволи тутмасидан уни қадрлашга улгурайлик, боболаримиздан бизга мерос бўлиб келган буюк неъматни болаларимизга ҳам етказайлик. Болаларимиз ҳам ўз навбатида болаларига етказсин. Бу орада қадрият занжири ҳам анча мустаҳкамланиб бораверади. Мустақиллигимиз эса абадий бўлаверади.

Лобар КАРИМОВА,
журналист




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔41

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔58

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар