Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Чиқиндиларга «иккинчи ҳаёт» зарур

Газетамизнинг ўтган сонларида қаттиқ маиший чиқиндилар, уларни қайта ишлаш, чиқинди полигонлари масаласига бағишланган долзарб таҳлилий материаллар эълон қилган эдик. Афсуски, ҳалигача бирор бир мутасадди ташкилот мақола юзасидан муносабат билдирмади.

Чиқиндиларга «иккинчи ҳаёт» зарур

Демак англашиладики, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Махсустранс», «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари ё газета ўқимайди, ёки биз кўтарган «арзимас» масалалар билан шуғулланишга уларнинг вақти йўқ.
Қуйида чиқиндилар масаласига яна бир бор мутасаддилар эътиборини қаратишни, масаланинг ҳуқуқий томонлари ҳамда халқаро тажриба ҳақида сўз юритишни лозим топдик.

Афсуски, мамлакатимизда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш соҳаси оқсамоқда. Аслида ривожланган Европа давлатларида бу муаммони ҳал этишнинг синовдан ўтган усуллари аллақачон қўлланилмоқда. Бунинг учун зурур ҳуқуқий асослар ҳам яратилган халқаро тажрибада. Мамлакатимизда бу масалада ҳалигача бирдамлик билан ҳаракат қилишнинг яхлит тизими шаклланмади. Давлат идоралари алоҳида, қўмитаю ҳокимликлар алоҳида, жамоат ташкилотлари алоҳида бўлиб ўзича курашмоқда чиқинди муаммоси билан. Оқибатда бу масалага аниқ бир ечимнинг ўзи топилмаяпти.

Маълумотларга кўра, Ўзбекис­тонда яшовчи ҳар бир киши йилига ўртача 200 кг. маиший чиқинди ҳосил қилади. Бу кўрсаткич вилоят марказлари ҳамда шаҳарларда яшовчи аҳоли жон бошига кунига ўртача 0,87 кг., бир йилда эса 300 кг.ни ташкил этади. Республикамизда йилига ўртача 123,1 млн. тонна чиқинди ҳосил бўлиб, унинг 114,7 млн. тоннаси саноат чиқиндилари, 8,4 млн. тоннаси маиший чиқиндилардир.
Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг асосий таркибини қайта ишланмайдиган чиқиндилар – 32 фоиз, озиқ-овқат чиқиндилари – 28 фоиз, ўсимлик қолдиқлари – 13 фоиз, полимер чиқиндилар – 8 фоиз, шиша чиқиндилар – 5 фоиз ва бошқа чиқиндилар ташкил этади.
Айни пайтда бутун дунёда чиқин­диларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндиларни таснифлаш, тўплаш, ташиш ҳамда қайта ишлашга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Дунё бўйлаб йилига 2 миллиард тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади ва уларнинг камида 33 фоизи экологик жиҳатдан хавфсиз бўлмаган усуллар билан қайта ишланади.
Кўпгина давлатларда қаттиқ маиший чиқиндини қайта иш­лашда бир неча давлат бошқарув идоралари иштирок этиб, маҳаллий даражадаги органлар асосий ўринни эгаллайди. Маҳаллий органлар чиқиндиларни тўплашда, ташишда ва қайта ишлашда асосий бўғин бўлиши талаб этилади. Улар, шунингдек, чиқиндини олиб кетиш учун тўлов миқдорини белгилаш ваколатига эга бўлиши мумкин. Кўп мамлакатларда чиқиндиларни йўқ қилиш, қайта ишлашга лицензия ва рухсатнома бериш аксарият ҳолларда давлат ёки унинг ҳудудий ваколатли органлари томонидан амалга оширилади.
Эътибор берсангиз, ҳаётимизда маиший чиқиндилар қаторида ҳосил бўлаётган полимер плёнка чиқиндиларини қайта ишлаш масаласи ҳам муҳим эътибор талаб этаётган долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, Президентнинг тегишли қарори билан 2019 йил 1 январдан полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини республика ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланган. Қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетлар ишлаб чиқарилмаслиги белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқлангани юртимизда ҳам бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишда муҳим қадамлардан бири бўлди. Ҳужжат қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратишни кўзда тутади.

Стратегияга мувофиқ, 2019-2028 йиллар давомида умумий ҳажми 2 188,2 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда инвес­тиция киритилиши режалаштирилган.

Стратегияни бир неча босқич­ларда амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, биринчи босқич (2019-2021 йиллар)да қаттиқ маиший чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг самарали ташкиллаштирилишини таъминлаш мақсадида санитария жиҳатидан тозалашнинг моддий-техник базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, қаттиқ маиший чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратиш белгиланган эди. Афсуски, бу вазифаларнинг барчаси ҳам тўлақонли амалга ошди, деб бўлмайди. Мисол учун, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини бугунги талаблар нуқтаи назаридан қайта ишлаб чиқиб, қабул қилиш ҳам кечикмоқда. Бунинг сабаблари хусусида тегишли ташкилотлар ҳалигача бирор жўяли ахборот бергани йўқ.
2022-2028 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш, полигонларни оптималлаштириш, қайта юклаш станциялари ва чиқиндиларни қайта ишлаш объектларини қуриш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бў­йича салоҳиятини ривожлантириш кўзда тутилган.
Албатта, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олиш кўламини 100 фоизга етказиш, ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60 фоизини қайта ишлашни таъминлаш, ўзига хос қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 25 фоизгача ошириш, полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60 фоизгача камайтириш каби қатор жозибадор ишлар ҳам кўзда тутилган. Бироқ буларни қоғозда эмас, амалда бажаришимиз учун аввало зарур инфратузилма талаб этилади. Қўйилган талаблар ижросига стартегиянинг биринчи босқичидагидек муносабат билан иккинчи босқични қанчалик даражада бажариш мумкин?! Ҳамма гап мана шунда.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки иштирокида 2020-2024 йиллар давомида «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича 

Инвестициялар ва ташқи савдо, Молия вазирликлари, Давлат экология қўмитаси ва ОТБ ўртасида меморандум имзоланиб, лойиҳанинг дастлабки параметр­лари белгиланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 112 млн. АҚШ долларини ташкил этади. 

Маълум қилинишича, айни пайт­­да мамлакатимизда 13 та са­нитария жиҳатидан тозалашга их­ти­сослаштирилган давлат унитар кор­хоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 174 та филиали, шунингдек, «Махсустранс» ДУК ҳамда 101 та хусусий корхоналар фаолият юритмоқда.
Сир эмаски, маиший чиқиндилар бутун дунёда энг арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Масалан, Шимолий Европа мамлакатларида аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган, натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади.
Хўш, бизда бу жараён қачон қониқарли равишда йўлга қўйилади? Мутасаддилар фикрига таянадиган бўлсак, мамлакатимизда чиқиндиларни саралаб йиғиш жараёнларига бутунлай ўтишга қанча вақт кетишини айтиш бироз мураккаб бўлса-да, асосийси бу борада амалий қадамлар ташланган.
Мисол учун, Исроилда чиқинди тўплашда хусусий секторнинг роли ошиб бораётганига қарамай, маҳаллий чиқиндиларни тўплаш бўйича ишлар маҳаллий канализация ва чиқинди департаменти томонидан амалга оширилади. Баъзи ҳолларда, хусусан Норвегиянинг айрим ҳудудларида чиқиндини тўплаш, ташиш ва қайта ишлаш ҳуқуқи маълум бир маҳаллий ҳокимликка қарашли корхонага ёки бир неча ҳокимликларга қарашли корхоналарга махсус шартнома тузиш орқали тақдим этилиши мумкин.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривож­ланиш ташкилотига кирувчи давлатлар, хусусан, Эстония, Польша ва Колумбия каби мамлакатларда танлов асосида ҳудуд чиқиндисини тўплаш ва ташиш бўйича хизматларни кўрсатувчи корхона танлаб олинади.
Яна бир халқаро тажриба бор – «елкама елка» ишлаш тизими. Айрим уй хўжаликлари ўз чиқиндиларини тўплашлари ва уни қайта ишловчи (ёки йирик жамловчи) корхонага ўзлари етказишлари мумкин. Ушбу ёндашув уй хўжалик­лари ва чиқиндини жамловчи корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри шартномаларни тузишга туртки бўлади. Бир ҳудудда чиқиндини тўплашга ихтисослашган бир қанча корхоналар фаолият юритиши мумкин. Мазкур усул Польшада 2013 йилга қадар қўлланилган бўлса, ҳозирда Ирландия ушбу усулдан фойдаланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, чиқинди ташлаш, йиғиш ва қайта ишлаш борасидаги камчиликларда фақат муайян бир тизимни айбламасдан, умумий равишда инфраструктурани яратиш ва рақобат асосида йўлга қўйиб қўйиш керак. Ана шунда чиқинди полигонгача бормасдан ўз эгасини топади.




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔41

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔58

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар