Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ТАРИХДА ҚОЛМОҚ УЧУН ДАНТЕС БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС

Қозон шаҳрида рўй берган фожиа бизни нега ҳушёр торттириши керак?

ТАРИХДА ҚОЛМОҚ УЧУН ДАНТЕС БЎЛИШ  ШАРТ ЭМАС

Россиянинг Татаристон Республикаси пойтахти – Қозон шаҳридаги 175-мактабда содир бўлган воқеа ушбу шимолий ўлкадан бошқа мамлакатларда ҳам барчани ларзага солди. 19 ёшли Илназ Галявиев куппа-кундуз куни мактаб биносига қурол билан кириб бориб, оммавий қотилликка қўл урди. Оқибатда 9 киши ҳаётдан кўз юмди. Яна қанчаси жароҳатланди. Уларнинг аксарияти ўқувчилар эди.

Бу даҳшатли воқеа кўп нарсани ўйлашга мажбур қилади. Аввало, афт-ангори ўта шубҳали бир ўсмир кўчада қурол кўтариб кетаётганини кўрганларнинг бирортаси ҳуқуқ-тартибот идораларига бу ҳақда хабар бермагани жуда ажабланарли. Жамият бепарволик домига шу қадар чуқур ботиб кетганига ишонгиси келмайди кишининг.

Тезкор қидирув ишлари натижасида афт-ангори ўта шубҳали бир ўсмир атайлаб камералар олдидан ўтгани ҳам маълум бўлди. Демак, камералар хўжакўрсинга ўрнатилар экан-да, деган хаёлга ҳам боради киши. Уларнинг энг биринчи вазифаси эҳтимолдаги жиноят ҳақида огоҳлантиришдан иборат, деб ўйлаганлар қаттиқ янглишибдимикан?!

Албатта, Татаристонда юз берган бу машъум воқеа бизни «Ўзбекистонда бундай бўлмас эди» деган фикрга олиб келмаслиги керак. Ижтимоий бепарволикка, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга лоқайд бўлишга бизда ҳам мисоллар топилади . Яқинда Андижонда ёш келинчак билан юз берган хунук иш ёки Самарқандда сувга ғарқ қилинган қизни келтиришнинг ўзи кифоя. Бу жиноятлар ҳам куппа-кундуз куни содир этилган.

Инсон юксакликка кўтарилиши қанчалар машаққатли бўлса, тубанлашиши шу қадар осон экан. Дейлик, тақводор одам биттагина ибодат вақтини ўтказиб юборса, ўй-фикри фақат ўша билан андармон бўлиб қолади – Тангри таолонинг олдида ўзини гуноҳкор ҳис қилади. Художўйлик кўчасига кирмаганлар эса қанчадан-қанча намознинг вақтини ўтказиб юбораётганини ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Бу эътиқод масаласи, дерсиз. Яхши. Бошқа ҳолатни кўриб чиқайлик. Жиноятга қўл урмаган одам тасодифан қонунга хилоф нимадир содир этиб қўйса, бошида жуда қаттиқ куюнади. Виждони қийналади. Ўз теварагидаги муҳит туфайли яна жиноятга қўл урса, бу сафар камроқ азият чекади. Жиноятлар такрорланаверса, бора-бора кўникиб ҳам кетади, кўзи пишади. Энди ундай шахсга жиноят одатий ҳол бўлиб қолади.

Ота-она, боғча-мактаб, кейинги босқичдаги таълим муассасалари, ишлайдиган идораси, қўйингки, жамият шахсни ана шу биринчи тойишдан сақлаб қолмаса, кейингисига йўл қўйиб берган бўлади. Пировардида бепарволик муҳити жамиятга жиноятчини тайёрлаб беради.

Шунинг учун татаристонлик Илназ Галявиев биздан қанчалар узоқ бўлмасин, унинг қилмиши ҳар бир ҳамюртимизни ҳушёр торттириши керак. 19 ёшли ўсмир қандай қилиб ўзини худога чиқарди, нималарга асосланиб, одамларни «биочиқит» деб ҳисоблай бошлади, деган саволлар ҳаммамизни ўйлантириши даркор.

Негаки, бундай воқеа Татаристонда рўй бергани бошқа давлатлар ундан мутлақ иҳота қилинган, дегани эмас. Ёшлар ҳамма ўлкаларда бир хил қолипда бузиляпти. Турли ижтимоий тармоқлар ўспиринлар орасида терроризм, экстремизм каби иллатлар қаторида ўз жонига қасд қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга беписанд қараш, ота-она ҳурматини поймол қилиш, илм-маърифатни менсимаслик каби жаҳолат одатларини пайдо қилмоқда.

Мана, яқинда Ўзбекистонда ҳазрат Навоий ва Мотамсаро она ҳайкалларига беҳурматлик ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Эҳтимол, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрмаган, Навоий даҳосининг нақадар баланд чўққида эканини, онаизорлик изтиробларини билмаган ёшлар учун бу шунчаки шўхликдир. Аллақандай «лайк» учун бундай манфур ишларга қўл ургандир, эҳтимол. Мана шу шўхликнинг кичкинагина дўнглиги ортида тубанликнинг тубсиз жарлиги борлигини, ундан қайтиб чиқишнинг иложи йўқлигини билмас балки. Буни ота-она, боғча тарбиячиси, мактаб ўқитувчиси, ҳамкасб устозлар, қўни-қўшни, қўйингки, бутун жамият билдириши керак эмасми?!

Ўзимиз далага халқ орасида «саломалайкум» деб аталадиган, бугун юлиб ташласа, эртасига яна бўй чўзиб турадиган ўтни экиб, кейин ундан буғдой униб чиқмаганидан хафа бўлишимиз ярамайди. Аввало, буғдойдан хирмон яратиш учун буғдой экиш керак. Бу – бошланиши. Эккандан сўнг уни меҳр билан парваришлаш, вақтида ўғитини бериш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш талаб қилинади.

Қаерда хатога йўл қўймоқдамиз? Дастлабки бо сқичнинг ўзида, яъни парваришнинг бошидаёқ янглиш йўл тутяпмиз. Ҳали ҳеч нарсани билмайдиган чақалоқни туғруқхонадан лимузинда олиб келамиз. Боғчага борадиган ёшидаёқ бошқа болаларнинг олдида ўксиб қолмасин деб, амиркону фаранг кийим, ҳуда-беҳуда ноз-неъмат олиб берамиз. Мактабида ўқитувчиси паст баҳо қўйса ё дакки берса, боланинг кўнглини чўктирманг, ҳозирдан уни руҳий мажруҳга айлантирманг, деб мураббий-устоз билан ади-бадига борамиз. Зўрроқларимиз ўқитувчини дўппослашдан ҳам тоймаймиз (оммавий ахборот воситаларида шундай хабарлар, афсуски, учраб турибди). Улғайганидан кейин молу жонимизни сотиб бўлса ҳам институтга жойлаймиз, домласиникидан ҳам қимматроқ машина олиб берамиз. «Тагли-тугли» жойдан одам топиб, бошини иккита қилиб қўямиз, «ёғли» ишга жойлаштирамиз. Данғиллама қаср қуриб берамиз...

Мақсадларимиз шу билан тугайди. Мақсад белгилашда жуда паст кетганимизни сезмаймиз ҳам. Фарзандимни одам қила олдимми, деган савол энди бизни қийнамайди. «Одам қилиш»нинг мезонлари яхшироқ тош босмагани учун кўпчилигимиз унга осон эришяпмиз. Ўзини комил санаган одам эса олға силжишдан тўхтайди. Биз комилликни жуда майда, паст нарсалар билан белгилаб қўймоқдамиз. Навоийни ҳам, Форобийни ҳам, Амир Темурни ҳам, Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Улуғбекни ҳам ота-она дунёга келтириб, парвариш қилгани хаёлимизнинг бир четидан ўтмайди. Қодирий ва Чўлпонни ҳам. Ньютон ва Эйнштейнни ҳам. Пушкин, Шекспир, Гюгони ҳам.

Эскиларнинг «мақс адсиз қолган одам ўлик одамдир», деган нақлини ё унутганмиз, ё ундан бехабармиз. Яна «фарзандларинг сендан молу давлат эмас, маслаҳат сўрайдиган бўлгандагина орзу-умидларинг рўёбга чиқади», «боқимандага мадад бериш орқали унинг бўйнингга чиқиб, яхшилаб жойлашиб олишига ёрдам кўрсатган бўласан», деган ўгитлар ҳам борлигини фаромуш қилганмиз.

Татаристонлик ўспирин ўз-ўзидан шу аҳволга тушиб қолмаган бўлиши керак ҳар ҳолда! Россия тергов қўмитаси унинг мияси касаллангани, кейинги пайтларда бош оғриғидан шикоят қилганини аниқлабди. «Коммерсант» газетаси Илназга мия атрофияси (ё энцефалопатия) ташхиси қўйилганини эълон қилди. Бу касаллик мия ҳужайраларини емирар экан. Шундай бўлса бордир. Лекин холис қараганда, бу гаплар Илназнинг қилмиши негизида чуқур ижтимоий иллат эмас, жисмоний касаллик ётганини кўрсатишга уринишга ўхшайди. Негаки, бундай ташхисга дучор бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам ўзини худо санаб, одамларни «биочиқит»га чиқармайди-ку. Йўқса, 19 яшар ўспирин ўқотар қурол сотиб олсаю буни ҳеч ким назорат қилмаслигини қандай тушуниш мумкин?

Бу ўринда Абдулла Қаҳҳорнинг халқ мақолини сал жўнроқ ифодалаган машҳур ибораси ёдга тушади: «Эшакни яширсанг, ҳанграб шарманда қилади».

Илназ Галявиевнинг мияси ҳақиқатан ҳам касалланган. Бошқа беморлардан фарқи шуки, бу йигитнинг мияси фақат жисмонан касалланган эмас, балки унинг «қўнғир ҳужайралари»га руҳий жиҳатдан ҳам дард етган. Шу маънода, унинг қачон, қай тарзда бу дардга йўлиққанини аниқлаш ва ёритиш муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, бундай мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш билан шуғулланиш эмас, улар бўйича фақат қидирув-тергов ишларини бажаришга тўғри келиб қолади.

Россиялик айрим сиёсатчилар шу муносабат билан «руҳий касалларга қарши жодугар ови»ни бошламаслик тўғрисида ҳам гапирмоқда. Бу ҳам касални яширишга уринишдир. Чунки Илназ руҳий касал эмас, унинг мияси, онги заҳарланган. Жамият эса бепарволик қилган.

Тарихнинг «қора рўйхати»да ном қолдирган шахслар кўп. Масалан, қадим Юнонистондаги Эфес шаҳридан чиққан Герострат эрамиздан аввалги 356 йилда Артемида ибодатхонасига ўт қўйгани билан шуҳрат қозонган ва шу тариқа номини тарихга муҳрлаган. Александр Сергеевичнинг умрига нуқта қўйилишига сабабчи бўлган Дантес ёки Моцартнинг бошига етган Сальери тарихда қолишни ўйламаган бўлса-да, ҳар бири биттадан истеъдод соҳибининг ҳалокати туфайли «қора рўйхат»га кирган.

Ҳозир шундай мураккаб замонда яшаяпмизки, ҳаётнинг ўзи турли фожиалар воситаси билан жамият бепарво ва лоқайд бўлмаслиги кераклигини кўрсатиб турибди. Киши ўз номини тарихда қолдириш учун албатта Герострат, Дантес ё Сальери бўлиши шарт эмас. Муаззам тарих «қора рўйхат»дан ташқари зарҳал сиёҳли ёрқин рўйхатга ҳам эгалигидан келиб чиқиб ҳаёт кечириш керак.

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔29

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔30

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔33

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар