Тошкент вилояти бўйлаб бир кун
Яқин-яқингача ҳам «Тошкент вилоятининг маъмурий маркази қаерда?» деган саволга жавоб йўқ эди. Вилоятнинг каттаю кичик идоралари ҳам пойтахтда жойлашган, вилоятга ташриф буюрган бирор расмий меҳмонни ҳам албатта Тошкент шаҳри томон бошлашга тўғри келар эди.
Хуллас, Тошкент вилоятининг маъмурий марказини ташкил этиш, унга яхши ниятлар билан Нурафшон деб ном бериш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилганида бу кўпчиликнинг айни дилидаги гап бўлди. Айниқса, сўлим ва хушманзара масканларга бой, энг кўп меҳмон қадам ранжида қиладиган ҳудудлардан бўлган Тошкент вилояти ўзининг замонавий марказига эга бўлишга ҳар жиҳатдан ҳақли эди.
Хуллас, Нурафшон шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланганига эндигина уч йил бўляпти. Шаҳар бунёд этиш осон иш эмас, яна у «нол»дан бошлаб барпо этиладиган бўлса. Лекин мана шу уч йил ичида Тошкент вилояти аҳли ҳақиқатда ўзининг марказига эга бўлишни астойдил истаганини, бунинг учун ҳар қанча ишдан, меҳнатдан қочмасликка тайёр эканини тўла намоён этибди. Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида «Журналист ва ҳаёт» лойиҳаси доирасида Нурафшон шаҳрига уюштирилган пресс-тур давомида бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик.
Нурафшон айни пайтда улкан қурилишлар масканига айланган. Энг муҳими шаҳар узоқ йиллик ривожланиш режалари асосида, замонавий талаблар асосида бунёд этилмоқда. Ҳар бир йўл, ҳар бир бино бир-бирига уйғун ва келгуси ўн йилликларда кутилаётган ҳолатлар инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилган. Йўллар кенг ва барча ер ости коммуникация ишларига ортиқча қийинчилик туғдирмайдиган тарзда қурилмоқда.
– Ўйлайманки, яна беш-олти йилдан кейин келсангиз, бу жойларни танимай қоласиз, – дейди Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов. – Бу қурилишларнинг ҳаммаси бошлаётган ишларимизнинг дебочаси, холос. Балки пойтахт билан солиштирганда бу жуда улкан ҳам ҳисобланмас. Бироқ «нол»дан бунёд этилаётган шаҳарни уч йил ичида мана шу даражага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун вилоят аҳлининг катта меҳнати, жасорати, улкан маблағи тикилган. Шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тўла йўлга қўйилди, ҳар бир маъмурий идоранинг раҳбаридан тортиб оддий ходимигача оиласи билан Нурафшонга кўчиб келди. Ҳозирда шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар-жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёти маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли шифохона бунёд этилмоқда.
Шаҳар умумий майдони илгари бу ердаги Тўйтепа шаҳарчасидан қарийб 16 бараварга кенгайган бўлиб, айни пайтда 3 минг 248 гектарга тенг. Мавжуд 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 48 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Шаҳар марказидаги «Тошкент йўли» кўчасида 213 та объект бузилиб, жой эгаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 24 миллиард сўм товон пули берилди. Марказий кўчада 172 та бино ва иншоот қад кўтариши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 78 та объектда бунёдкорлик ишлари олиб борилмокда. Адлия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, «Ёшлар маркази», «Қишлоқ қурилиш банк», «Ҳамкорбанк» каби кўплаб объектлар фойдаланишга топширилган.
Нурафшон шаҳрида Марказий Осиёдаги илк «Ақлли шаҳар» (Smart city) қуриш ишлари бошланган. Дарҳақиқат, Нурафшон кўз ўнгимизда том маънода ўзгармоқда, яқин келажакда у мамлакатимиздаги биринчи «Ақлли шаҳар»га айланса ажаб эмас.
«Smart city» бош режасига мувофиқ, лойиҳа концепцияси бир қанча инвесторлар томонидан ишлаб чиқилди. Мазкур таклифлар ўрганилиб, яқинда вилоят ҳокими ва Сингапурнинг «Universal Success Enterprises Limited» компанияси раиси мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида бош келишувни онлайн тарзда имзолади.
Ҳужжатда Сингапур компанияси томонидан ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 2021 йил биринчи чорагининг охирига қадар лойиҳанинг техник- иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, кейинчалик тасдиқлаш ва замонавий Нурафшон шаҳри қурилишини бошлаш назарда тутилган.
Журналистлар Нурафшон шаҳридаги пайпоқ ишлаб чиқарадиган корхонага ҳам боришди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларнинг 90 фоиздан кўпроғи экспорт қилинар экан. Айни пайтда шаҳарда қирқдан зиёд мана шундай корхоналар фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш йўналишдаги муҳим ташаббусга кўра ёшларни муносиб равишда камолга етказиш, уларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга интилиши, компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишига имкониятлар яратиш, китобхонликни кенг тарғиб килиш, ҳар бир ҳудудга турли мавзулардаги китоблар етказиб бериш, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан банд килиш каби саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Қуйи Чирчиқ туманидаги «Беруний» МФЙ мисолида мазкур ташаббуснинг намунавий лойиҳаларини кўриш мумкин.
Бир неча йиллар қаровсиз ва таъмирталаб ҳолатда ётган Беруний маданият маркази бугун Маданият вазирлиги томонидан 6,5 млрд. сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилинди. Бинога ёндош ҳудудда Ёшлар инновацион маркази, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги «Меҳнат гузари» ташкил қилинган. Кутубхона, компьютер хизмати, ўқув маркази, нон маҳсулотлари цехи, тиббий хизмат кўрсатиш каби сервис турлари, шунингдек, фитнес клуби ҳам аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Маҳаллада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳомийлигида 4,5 млрд. сўм маблағ ҳисобига 15-сонли мактабгача таълим муассасаси, 48, 52-умумтаълим мактабларини таъмирлаш, пардозлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, 52-мактабнинг катта футбол майдони ва унинг ўриндиқлари янгиланиб, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур жиҳозлар келтирилган. Шу тариқа спорт тўгаракларига энг тажрибали ўкитувчилар жалб этилди. Мактаб биносида Рақамли технологиялар ўкув маркази ҳам ташкил этилган.
Ҳудуд ёшлари ва аёллари бандлигини таъминлаш мақсадида «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан тикувчилик-трикотаж мажмуаси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, сендвич панел типидаги пойабзал кийим ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди.
Бундан ташқари, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, одамларга қулайликлар яратиш учун қирқдан ортиқ оиланинг хонадонлари таъмирлаб берилди. Тоза ичимлик сувдан фойдаланишлари учун янги тармоқ қувурлари ётқизилди. Маҳалла маркази йўли бўйлаб ёритиш таянч устунлари ўрнатилди.
Умуман олганда бешта ташаббус доирасида вилоятда кўплаб ишлар қилинди. Буларнинг барчаси ёшлар муносиб таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий, илғор-инновация технологияларидан фойдаланиши ҳамда аёллар бандлигини таъминлашга хизмат қилмокда.
Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади
🕔09:23, 23.10.2025
✔7
Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.
Батафсил
Кўринмас сув нима?
🕔09:11, 23.10.2025
✔8
Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.
Батафсил
Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?
🕔15:32, 16.10.2025
✔26
Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.
Батафсил