Қариётган ота-онангиз ёки бобо-бувингиз соғлиғига жиддий эътиборда бўлинг. Улар билан дилдан суҳбатлашинг, турли бадантарбия ёки ақлий машқлар билан шуғулланинг, овқатланишига аҳамият қаратинг.
Алцгеймер касаллиги деманс (бу умумий хотира йўқолиши ва фикрлаш қобилиятининг аста-секин пасайиши билан ажралиб турадиган бир нечта мия касалликлари)нинг кенг тарқалган тури бўлиб, бунда миянинг меъёрида ишлаши бузилади.
Касаллик, асосан, олтмиш беш ёшдан ошган кишиларда учрайди, аммо эрта учрайдиган турлари ҳам мавжуд. Алцгеймер касаллиги хотира, фикрлаш ва хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Эрта босқичларда деманс белгилари кам учраши мумкин, аммо касаллик мияда кўпайиб бориши сабабли, аломатлар ёмонлашади. Касалликнинг ривожланиш тезлиги ҳамма касалланганларда ҳар хил кечади.
Аломатлари
Касаллик нозик аломатлар билан бошланади, аммо вақт ўтиши билан ривожланади. Кўпинча, эрта босқичларда, қисқа муддатли хотира бузилиши, масалан, яқинда ўрганилган маълумотни эсга олиш қийинлашади. Касалликнинг ривожланиши билан узоқ муддатли хотира йўқолади, нутқ ва амалий ҳаракатлар бузилиши юзага келади, бемор ўзини бошқариш ва ўзига ғамхўрлик қилиш қобилиятини йўқотади.
Биринчи аломатларни кўпинча қариш ёки ортиқча тажанглашиш кабилардан фарқлай билиш зарур. Хотиранинг энг сезиларли бузилиши яқинда ўрганилган маълумотларни эслашга қийналганда ва янги маълумотларни ўзлаштира олмасликда намоён бўлади.
Кам сонли беморларда хотира бузилиши эмас, балки нутқ, фаолият, ҳислар бузилиши биринчи ўринга чиқади. Касаллик хотирага турлича таъсир қилади: ўз ҳаётидаги эски хотиралар, кўп такрорланадиган маълумотлар, аниқ бўлмаган хотира. Бироқ хотирани йўқотишнинг барча ҳолатлари Алцгеймер касаллиги билан боғлиқ эмас.
Ўқиш ва ёзиш қобилиятининг йўқолиши ҳам мавжуд. Вақт ўтиши билан мураккаб ҳаракатлар кетма-кетлигини бажариш тобора ёмонлашади, бемор ҳатто яқин қариндошларини ҳам танимаслиги мумкин.
Касаллик қандай аниқланади?
Дастлабки босқичларда Алцгеймер касаллигини ташхислаш қийин. Одатда аниқ ташхис меъёрий фаолиятнинг бузилиши инсоннинг кундалик ҳаётига таъсир қила бошлаганда амалга оширилади. Бунда беморнинг ўзи бемалол мустақил ҳаёт кечириши мумкин. Бироқ бора-бора бу жараён беморни бошқа бировнинг ёрдамига боғлиқ бўлган ҳолатга келтиради.
Алцгеймер касаллиги аломатлари эҳтимоли билан шифокорга мурожаат қилганда ташхисни аниқлаштириш учун хатти-ҳаракатлар таҳлил қилинади, агар иложи бўлса, магнит-резонанс томография (МРТ) амалга оширилади.
Касаллик сабаби…
Алцгеймер касаллигининг сабаблари ва ривожланиши ҳақида тўлиқ маълумот ҳали аниқланмаган. Кексалик – бу хавфнинг асосий омили, бу статистикада акс этади: 65 ёшдан кейин ҳар беш йилда хавф кўрсаткичи икки баравар кўпаяди. Шунингдек, гендер тафовутлар мавжуд – аёлларда 85 ёшдан кейин Алцгеймер касаллиги ривожланиш эҳтимоли кўпроқ.
Шунингдек, тадқиқотчилар ҳар куни кўп миқдордаги шакарни истеъмол қиладиган одамлар Алцгеймер аломатларига чалиниш хавфи ортганини таъкидламоқдалар. Бир қатор илмий тадқиқотлар натижасида, эшитиш қобилиятини йўқотган кекса одамларда (айниқса эркакларда) нормал эшитиш қобилиятига эга одамларга нисбатан Алцгеймер касаллиги ва деманс ривожланиши хавфи катталиги аниқланган. Касаллик хавфи эшитиш қобилиятининг пасайиши билан ортади. Аммо шуни таъкидлаш керакки, барча эшитиш қобилияти паст одамлар Алцгеймер касаллигига мойил эмас.
Давоси борми?
Касалликнинг олдини олиш учун жисмоний машқлар қилиш, фикрлашни рағбатлантириш ва овқатланишда меъёрни сақлаш тавсия этилади.
Интеллектуал фаолият, шу жумладан, шахмат ўйнашга бўлган иштиёқ Алцгеймер касаллиги ривожланиш хавфини камайтиради. Ўқиш, стол ўйинлари, бошқотирмалар ечиш, мусиқий асбобларни чалиш кабилар касалликнинг бошланишини секинлаштириши ёки ривожланишини сусайтириши мумкин.
Мевалар ва сабзавотлар, нон, буғдой ва бошқа донли маҳсулотлар, зайтун мойи ва балиқни ўз ичига олган парҳез индивидуал ёки умумий равишда хавфни камайтириши мумкин. Айрим тадқиқотларда баъзи витаминлар, шу жумладан, B12, B3, С ва фолий кислотасини қабул қилиш касаллик ривожланиш хавфининг пасайиши билан боғлиқ.
Қариётган ота-онангиз ёки бобо-бувингиз соғлиғига жиддий эътиборда бўлинг. Улар билан дилдан суҳбатлашинг, турли бадантарбия ёки ақлий машқлар билан шуғулланинг, овқатланишига аҳамият қаратинг.
Маҳфуза ПЎЛАТОВА тайёрлади.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔26
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔50
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔62
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил