Бу ўта жиддий, мураккаб ва масъулиятли савол. Устига-устак инсон томонидан таъриф берилган ҳар қандай истилоҳ ва тушунчалар мутлоқ ҳам, абадий ҳам бўла олмайди. Ҳолбуки, унинг мутлоқлиги ва абадияти замонлару маконлар, жамиятлару шахслар силсиласидаги мезон – нисбийлик билан ўлчанади.
Ушбу қонуният таъқибидан ҳатто сўз ҳам мустасно эмас. Устига муайян маъно юкини ортиб сафарга чиққан сўз интиҳо манзилини била олмагани каби, ўз вазифасининг не эканини ҳам ҳеч қачон била олмайди. Зиёли тушунчасининг-да ўнлаб тиллар, юзлаб шевалар, минглаб, туманлаб қадриятлар ва дунёқарашларни қамраб олган таърифу тавсифлари бор. Менинг «Зиёли ким?» деган сўроққа жавобим, маълум маънода, мавжуд тушунчаларга ворис эканидан қатъи назар индивидуаллик сифатидан ҳам холи эмас.
Менимча, зиёли мазкур сифатларни уйғунлаштирган кишидир. Булар: а) зоҳир ва ботин; б) фикр ва фаолият; в) илм ва амалдир.
Зоҳир ва ботин уйғунлиги ҳақида шарқнинг буюк мутафаккирлари Жалолиддин Румий ва Абдулқодир Бедиллар қуйидагича фикр билдиришган: «Инсон ўзини бўлгани каби кўрсатсин ёки кўрингани каби бўлсин». Зиёли бўлиш учун муҳит ва тарбия муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ. Бироқ асл моҳият инсон табиати ва ирсият муаммосига келиб тақаладики, буни инкор этиб бўлмайди. Ҳаёт тажрибалари ва илмий далиллар муҳит эътибори билан зиёли табақасига мутлақо алоқаси бўлмаган, бироқ ички маданияти ўта юксак кишилар борлигини кўп бор исбот этган ёки аксинча. Бундай ҳолатлар асосан, вазият тақозоси билан юзага чиқади. Хуллас, қалбан зиёли киши ҳар қандай вазиятда (очлик ва тўқлик, хотиржамлик ва саросима, уруш ва тинчлик ва ҳ. к.) ўзлигига содиқ қола билган зотдир. Зоҳир ва ботин уйғунлиги ҳам аслида шудир.
Фикри ва фаолиятида уйғунлик бўлмаган киши мисоли жамият оғочига тушган ҳашаротдир. Бундай кимсалар фикран собит бўлмагани боис, дуч келган мусиқага ўйинга тушишга мойил бўладилар. Бундай бетайин фаолиятлари билан замондошлари бошига турли фалокатлар ёғдириши ҳеч гап эмас. Ўтган асрнинг 30-йилларида кўплаб миллатпарвар-зиёлиларнинг ҳалокати, асосан, шундай «шахс»лар фаолияти билан боғлиқ бўлгани маълум. Фикр ва фаолият зиддияти нафақат жамият, балки шу инсоннинг ўзи учун ҳам фожиадир. Фаолиятини тафаккур кучи билан йўналтира олмаган одам ҳеч қачон шахс бўла олмайди. Ўзини англамасдан, ўзлигини топмасдан кераксиз буюм каби йўқликка маҳкум бўлади. Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» асарида савоб не, гуноҳ не билмасдан охират дунёсидаги «аросатга» деган ҳукмга дучор бўлган кимса образи фикримизга ёрқин далилдир.
Зиёли деганда кўпроқ билимли, тафаккурли одамни кўз олдимизга келтирамиз. Бироқ бу сифатларга эга ҳар бир инсон зиёли номига муносибми? Асло, йўқ! Негаки, билим (ахборот) компьютерда ҳам керагича топилади. Инсоният тарихида золимлиги билан ном қолдирган кишилар ўта кучли тафаккур эгалари бўлишган. Демак, илмини фақат эзгу амаллар учун сарфлаган кишинигина, илмига амал қилган олимнигина зиёли дейиш мумкин. Зеро, илм инсониятга тараққиёт, юксалиш учун берилган. Аксинча эмас.
Такрор айтаман, зиёли тушунчаси мураккаб ва ўта теран тушунча. Юқорида ёзганларим улкан денгиздан бир қатра, холос. Умуман, зиёли пок иймон соҳиби, эзгу фикрли инсондир. Ушбу жумла таърифи эса томлаб китобларга сиғмайди.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил