Жалолиддин Румий асарларини ўқир эканмиз, аввало, бу ҳаётнинг моҳиятини, ўзликни англаш, инсоннинг ҳаётдаги ўрнини ўзи белгилаши кераклиги, энг хавфли душман бўлмиш нафсни енгиш ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилади. Шу жумладан, Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» асари бу қарашларнинг мукаммал таснифи келтирилган ноёб китобдир.
Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали Ҳақнинг амрини тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам «Ичиндаги ичиндадир» асарига бир марта ошно бўлган фаросат эгаси борки, ундан умрбод айрилмасам, дейди. Чунки бу асар ўша инсон ҳақида — сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда.
«Олам – бир кўпик. Авлиёлар билимлари – денгиз. Денгизнинг дури қаерда? Бу олам хас-хашак билан тўлган кўпикдир, фақат бу кўпик денгизнинг чайқалишидан, ўйноқлашидан ва кўпириб қайнашидан покланади, софланади, гўзаллашади…»
Румий ҳазратлари инсонларга қарата бу оламни бекорга «кўпик» деб таърифламайди. Бунинг замирида дунёга, мол-мулкка, бекорчи нарсаларга, ҳою ҳавасларга кўнгил боғламанг, демоқчи. Олам оддийгина бир кўпик экан, ундан кимга қандай фойда бор?..
Билим эса денгизга қиёс этилади. Билимсиз, ақл-идроксиз инсонларнинг қадр-қиммати, иззати, ҳаётнинг эса моҳияти йўқолади. Асарда авлиёлар билими бўлмиш денгиз чайқалиши туфайлигина хас-хашак билан тўлган бу олам гўзаллашади, покланади, дейилади. Бу билан ҳар бир инсон билим олишга даъват этилади.
«Шундай бир олам борки, уни қидирмоғимиз керак. Бу дунё ва ундаги гўзал, хуш нарсалар инсоннинг ҳайвонлик тарафининг насибасидир. Улар ҳайвонликка куч беради. Асос бўлган инсонлик жиҳати эса кундан кунга заифлашади. Инсон гапирувчи ҳайвондир, дейишади. Демак у икки нарсадан иборатдир. Бу дунёдаги унинг ҳайвонлик тарафининг озуқаси шаҳват қўзғатувчи нарсалар ва орзулардир. Инсонлик тарафининг озуқаси эса билим, ҳикмат ва Оллоҳнинг жамолидир. Инсоннинг ҳайвонлик тарафи Ҳақдан, инсонлик тарафи эса дунёдан қочмоқдир».
Бу жумлаларни ўқиган ҳар бир инсон умрини бекорга сарфамаслиги, билим, ҳикмат олишдан чарчамаслиги, нафсига қул бўлиб, ўз мақсадларидан чекинмаслиги, ўзлигини англаш йўлида тинмай меҳнат қилиши кераклиги ҳақида чин юракдан ўйлайди, бош қотиради. Аслини олганга ҳаётнинг моҳияти ҳам айнан мана шунда.
Румий ҳазратлари нафсни енга олган, ўзини ўзи тарбиялай олган, дунёга кўнгил боғламаган, билим, ҳикмат олишдан чарчамайдиган, ўзлигини англашга бел боғлаган инсонларни улуғлайди.
«Қуръонда «Инсон ожиз қилиб яратилгандир», деб буюрилади. Амр этилганидек, инсон дастлаб ушоққина, заиф бўлади, бироқ шу заиф учқунни парвариш этсанг, гуркираб оламни ёқади».
Китоб бу каби ҳаётимизнинг тамал ҳикматига айланган жумлалар билан тўла. Уларни ўқиш, уқиш ва ундан етарлича насиба олиш эса ўз ҳимматимизга боғлиқ.
Дилбар ФАЙЗИЕВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔281
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил