Саломатлик      Бош саҳифа

ШИРИНКОМА

Мартти ЛАРНИ,

фин ёзувчиси

ШИРИНКОМА

 

Америкалик Купер хонимнинг ёшини аниқлаш амримаҳол. Бироқ унинг қирқ бир йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланаётгани инобатга олинса, унинг ёши қирқлардан ошган дейиш мумкин... Бу аёл ўндан ортиқ дўконларга пардоз-андоз маҳсулотлари етказиб берадиган корхонанинг хўжайини.

Бундан икки ҳафта бурун Купер хоним жаноб Сандерсга қарашли қурол-аслаҳа дўконига ташриф буюрди ва дўкон иш бошқарувчисига мурожаат қилди:

— Тўппончаларингизни кўрсам бўладими?

— Тўппонча сотиб олмоқчимилар? — сўради сотувчи амаки оталарча меҳр билан.

— Ҳа, олмоқчи эдим. Сумкачамга сиғадиганидан бўлсин, дегандим. Купер хонимнинг мулойим ва жарангдор овози қабулхонасидаги иш столига бош қўйганча хуррак тортаётган хўжайиннинг қулоғига ҳам чалинди. Жаноб ўрнидан дик этиб турди-да, дўкон пештахтаси олдига шошди. У мижоз хонимга кўзларини катта қилиб, ҳайрон бўлгандай қаради ва деярли ҳайқирганнамо деди:

—  Ё худойим, ахир бу Купер хоним-ку! Зўрға танибман-а?! Ўзиям йиллар ўтган сайин очилиб кетяпсиз-да, хоним! Хўш, каминага қандай хизмат буюрадилар?

— Менга тўппонча берсангиз.

Шундай қилиб жаноб Сандерс мижоз хонимга йигирма ўқлик тўппончани сотди.

Эртаси куни Купер хоним Сандерснинг қурол-аслаҳа дўконида яна пайдо бўлди. Унинг оч тилларанг сочи бир кечада қизил ранг олган ва дўзах ёлқини каби кўзни оларди.

Аёл иш юритувчига ­эътибор қилиб ўтирмай тўғри хўжайиннинг қабулхонаси томон ўтди. У сумкачасидан тўппончани олиб  хўжайинга шундай деди:

— Пулимни қайтариб олсам бўладими?

— Аммо муҳтарама Купер хоним, нима, молнинг камчилиги бор эканми?

— Мен уни ишлатиб ҳам кўрганим йўқ. Кеча эримнинг ўзи машина тагига кириб кетиб, асфаласофилинга жўнаворди.

— Таъзиямни қабул қилгайсиз, ғамингизга шерикман, сизга оғир бўлибди.

— Нимани назарда тут­япсиз? Ундан кўра хурсандчилигимга шерик бўлсангиз-чи! Мен энди ҳеч бўлмаганда яна бир марта эрга тегишим мумкин. Мана тўппончангиз, пулимни қайтаринг.

Жаноб Сандерснинг юзи тўрсайди. Сўнг молиявий инқироз ҳақида нималардир деб ғўлдирай бошлади. Бир йил аввал Сандерс касодга учраган қурол фабрикаси омборидан мана шунақа тўппончалардан олти мингтасини арзонгаровга сотиб олган эди. Бор бисотини шу ишга тикканди. Мол эса ўшандан бери унинг омборхонасида ҳаракатсиз ётарди. Сабаб, бундан тўққиз ойча бурун бошқача қуроллар урфга кирди. Эркаклар тўппончаларини болаларига бериб, ўзлари автоматлар билан қуроллана бошлашди. Аёллар учун сумкачаларда олиб юриладиган лаббўёғи шаклидаги қўлбола гранаталар тайёрланди.

Мана шу тушкун кайфиятдаги гапларини тугаллар экан жаноб Сандерс ҳаяжон ичра ўтина бошлади:

— Муҳтарама Купер хоним! Пулингизни сўраманг! Мен касод бўлиш арафасида турибман, уйи куйсин бу рақобат деганининг!

— Ҳа, рақобатчиларнинг оёқдан чалишдан бошқа иши йўқ, — унинг гапига қўшилди Купер хоним. — Фабрикам маҳсулотларини ҳам сотиш кундан-кунга қийинлашиб кетяпти. Ҳолбуки, улар дунёда энг асл моллар.

— Молингизнинг дунёдаги энг зўри эканига шубҳам йўқ, бу чеҳрангизда ҳам аён. Аммо менинг тўппончаларим ҳам ёмон мол эмас-да.

— Уларни реклама қилишга уриниб кўрмади­нгизми?

— Ҳеч нима ёрдам бермаяпти, нималар қилмадим дейсиз, нархларни туширдим, бир йилгача насияга беряпман, ҳатто. Уйи куйсин бу рақобатини...

Гап савдо-сотиққа тақалгач, Купер хонимнинг юраги юмшади. Унинг қурол сотувчига ёрдам бергиси келди ва бепул бир маслаҳат айтди.

— Жаноб Сандерс, сиз харидорларингизга берадиган қанақадир мукофотми-ей, ширинкомами-ей бирон бир шунақа нарса ўйлаб топишингиз керак.

— Аммо менда бунинг учун маблағ йўқ-да.

— Бироқ ўзингиз айт­япсиз, омборингизда олти мингтача тўппонча бор экан-ку. Агар гапимга кирсангиз, уларни бир ҳафтадаёқ сотиб бўласиз. Ҳар бир қурол нархига беш доллардан қўшинг ва харидорга сиз учун бор-йўғи бир долларга тушадиган ширинкома ваъда қилинг. Одамлар ширинкомасига бирор нимани бепул олиш учун нима бўлмасин ва қанча турмасин сотиб олишади. Агар қарши бўлмасалар, мен бу ишни сиз билан шерикчиликда қилар эдим.

Жаноб Сандерс рози бўлди. Эртаси куниёқ шаҳар газеталарида ярим саҳифани эгаллаган эълонлар пайдо бўлди: «Ҳар бир аёл сумкачасига — тўппонча! Сандерсдан тўппонча харид қилган  ҳар бир аёлга икки шишадан дунёда ягона ёноқ шафағи бепул берилади! Аёллар! Эсингизда бўлсин, конституциямиз ҳар бир кишига ўқотар қурол олиб юриш ҳуқуқини берган. Ҳам тўппонча оласан, ҳам яшарасан!»

Орадан икки кун ўтиб, барча газеталарда бир саҳифани тўлдириб эълон босила бошлади: «Купер  компанияси» бадан териси ва ёноқлар учун дунёдаги энг зўр суртмаларни ишлаб чиқармоқда! Нозик дидлилар учун чексиз танлов! Кимки дунёда ягона пардоз суртмаларидан ўн шиша олса, хонимчалар сумкачаларига сиғадиган тўппонча текинга берилади.  Хонимлар! Купер пардоз суртмалари ёшлигингизни асрайди, Сандерс тўппончалари эса ҳаётингиз посбонидир!»

Уч кундан сўнг жаноб Сандерс яна тўрт сотувчи ва навбатни тартибга солиб туриш учун бир кишини ишга ёллашга мажбур бўлди...

У Купер хоним билан учрашиб миннатдорлик билдирмоқчи бўлди. Аммо хоним навбатдаги асал ойини ўтказиш учун Гавай оролларига кетиб қолганди.

Шаҳарда ўхшаши йўқ андоза олиш бошланиб кетди. Барча савдогарлар ва фабрикалар эгалари мижозларга ширинкома учун нимадир беришга киришиб кетди. Нархлар эса ойимқизларнинг калта этагига ўхшаб, тобора кўтарилиб борар, бироқ бу ҳол харидорларни сира қизиқтирмас эди. Ахир улар ниманидир текинга олаётганидан жуда шод эди-да!

«Ҳотамтойлик» гўё осмондан ёғилиб тургандек эди. «Агар ўн бочка бензин сотиб  олсангиз, ширинкомасига икки шиша томат шарбатини бепул оласиз!» Томат шарбати ишлаб чиқарувчи корхона хўжайини кимки унинг маҳсулотидан йигирма шиша олса, бир бочка бензин туҳфа қилинишини эълон қилди. Велосипед сотаётган савдогар битта молини олганга йигирма қути кир ювиш кукуни ваъда қилди. Бир чаққон бева текинга бир юз йигирма қути кир ювиш кукунини олиш учун олтита велосипед сотиб олди. Саховатпешалар шунақа кўпайдики, асти сўраманг! Бу ишга автомобиль компаниялари ҳам қўшилишди. Ширинкомасига резина сақич, ғилдиракли конькилар, ҳожатхона қоғози ва апельсингача бера бошлашди. Ҳаттоки, бир енгил автомашина чиқарувчи компания харид эвазига енгил қизларни ҳам текинга ваъда қила бошлади!..

Бизнинг оғайничалиш Сандерс жаноблари эса ўз уйида ёнбошлаганча реклама газеталарини варақлаб, харидорларга ваъда қилинаётган болалар аравачасидан тортиб, тобутгача бўлган ширинкомалар ҳақида ўқиб ўтирибди. У ҳалиям асал ойида юрган Купер хонимдан жуда миннатдор эди. Жаноб Сандерс энг катта саховатпешалардан бири сифатида шаҳарлик хонимларга дунёда ягона бўлмиш пардоз сургиларидан ўн икки минг банкасини ҳадя қилиб, кўнгилдаги нархда олти мингта тўппончани пуллаб юборди.

Рус тилидан 

Маҳмуд  БЎРОН

 Таржимаси




Ўхшаш мақолалар

Ош бўлмасин!..

Ош бўлмасин!..

🕔14:51, 09.10.2025 ✔154

Дошқозондаги ошдан қолган қоп-қора ёғни чўмичда пластик идишга қуяётган ошпазга «Буни нима қиласиз?» дея савол бердим. У «Шуниям билмайсанми?!» дегандай энса қотириб жавоб қайтарди:

Батафсил
Энди дорилар  электрон  рецепт  асосида тайинланади

Энди дорилар электрон рецепт асосида тайинланади

🕔16:02, 18.09.2025 ✔99

Ўтган ҳафтада ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ рецепт билан бериладиган дориларни электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби белгиланди.

Батафсил
Ҳар етти кишидан бири  озиқ-овқатга қарамликдан азият чекмоқда

Ҳар етти кишидан бири озиқ-овқатга қарамликдан азият чекмоқда

🕔15:53, 18.09.2025 ✔88

Замонавий ҳаёт ритми биздан тезкорликни талаб қилаётгани бор гап. Улар орасида энг оммабопи – тез тайёрланадиган егуликлар (фаст-фуд) ва қайта ишланган саноат маҳсулотлари эканлиги ҳам ҳақиқат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар