Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Гуллаган тоқат

ёхуд сукунатдаги сирли ҳақиқатлар 

Гуллаган тоқат

Бир тоифа шоирлар борки, уларнинг шеъриятида сукунат руҳи ҳукм суради. Ижод намуналарини ўқиган инсон сокин бир оҳанг туяди. Бу оҳанг худди жилғанинг бир маромда шилдирашига, кузда сарғайиб, тўкилишга яқин қолган япроқларнинг бемажол шитирлашига ўхшаб кетади. Бу тур шеърлар ўзининг теран маъно кўлами, чуқур кўнгил кечинмаларини ифодалаши билан характерланади.   

Мана шундай «сукунат куйчилари»дан бири Манзар Абдулхайрдир. У ёзмасликнинг иложи бўлмагани учун ёзади. Сукут оҳанги билан ёзади. Шу аснода кўнглини ёзади. Бироз енгил тортгандек бўлади. Аммо кўп фурсат ўтмай яна ғам сели унинг қалбини қовураверади. У эса ёзаверади-ёзаверади.
Шоир шеърларидаги умумий жиҳат сукунат оҳангидир. Кўнгил, ишқ, дард, панд-насиҳат каби мавзулар ижодида етакчи ўрин тутади. 
2018 йил «Янги аср авлоди» нашриётида шоирнинг «Тааммул» номли шеърий тўплами нашрдан чиқди. Тўп­ламдан шоирнинг турли мавзудаги шеърлари, жаҳон шоирлари ижодидан қилган таржималари ўрин олган.
«Тааммул» сўзи, фикримизча, тўп­ламдаги барча шеърлар моҳиятини ўзида жамлай олган. Шунингдек, шоир руҳиятига, дунёқарашига, характерига ҳам мос тушган. Зеро, Манзар Абдулхайр – кўнгил кишиси, сукунат кишиси, ўй-фикрлар кишиси, дардлар кишисидир. 
Манзар Абдулхайр шеърларининг катта қисмида изтироб, қалб тошқинлиги, сукунат оҳанги, кўнгил чизгилари ҳукмрон. Бу хусусиятлар шоир шеърия­тининг бошқалардан фарқлаб турувчи жиҳатлардан ҳисобланади.
Муаллиф «Қизир саҳро гўё музмар дилимда» мисраси билан бошланувчи шеърида ўзининг ижод моҳиятини очиқ айтгандек бўлади ва бутун инсониятни-да сукунатга қиёслайди:

«Алам саҳросидир азим
    маҳшаргоҳ,
Мушкул-ки қочмоқлик
    тақдир-азалдан.
Бўзарар бу кўнгил лашкари ишқгоҳ,
Ғариб сукунатдир адам абаддан».

Шоир фикрича, одамнинг моҳияти – ғариб сукунатга ўхшайди. Унга борадиган йўлни адашмай топиб бориш эса жуда мушкул. Чунки сукунатда на бир ранг, на бир томчи нур, на бир сас, ҳеч нарса йўқ. Тўрт томон эса – очиқ. Йўллар кўп. Йўл кўрсаткич эса сукунат қаърида пинҳон. 
Манзар Абдулхайр лирикасининг энг эътиборли нуқталаридан бири қуйидаги тўртлик, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Чунки Ҳақ таоло қай бандасини ўзига дўст тутса ва у билан доим бирга бўлса, ўша инсонга бошқа нарсанинг кераги, ҳеч бир каснинг зарари бўлмайди.

 «Гўё руҳсиз ҳайкаллар янглиғ,
Тош бу кўнгил кутмас садоқат.
Муҳаббатдан топганим оғриқ,
Сабрларим гуллаган тоқат»

деб ёзади шоир ўзининг «Хаёлмиди кўрганим сени» сатрлари билан бош­ланувчи шеърида. У вафо кутмайди, айрилиқ изтироби сабрини сайқаллаб, «гуллаган тоқат»га айлантиради.
Муаллифни қийнаётган ишқ изтироблари, кенг оммага тушунарсиздек туюлади. Чунки кўпчилик ишқ деганда ёрқин рангларни, бахт-саодатни тушунади. Ишқдан бахт кутади. Шоирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у оғриқни, дардни Ҳаққа элтувчи йўл деб билади. Дардсизликдан қўрқади. Шу боис уни ўлчовлари анча юқори бўлган ижодкор, десак бўлади.
Манзар Абдулхайрни ёзмасликнинг иложи бўлмагани учун ёзади, дедик. Ҳақиқатан ҳам, шоир ҳеч қандай тамасиз, сунъийликлардан холи бир ҳолатда ижод қилади. Шоирнинг шеър ёзишдан мақсади тамадан, дунё ҳой-ҳавасларидан анча баланд. Бу нарса охирги икки мисрада яққолроқ намоён бўлган. Яъни муаллиф Аллоҳ ишқи қалбига тушганини, шунинг учун фақат Аллоҳни куйлашини изҳор қилмоқда. Холиқни васф этган, У учун қалам тебратган шоир кўнглига қандай қилиб дунё ҳаваслари сиғсин. Яна бир шеърида ижодкор бундай даражага эришиш, кўнгилни кирлардан поклаш учун нима қилиш кераклигини айтади:
«Кўнглинг тарк этмагай
    орзу-умид ҳеч,
Вале сен манфаат даъвосидан кеч.
То оёқ-кўлингга солмайин тушов,
Нафсинг муаммосин
ўз вақтида еч».

Нафс мавзуси одам яратилибдики, энг долзарб ва муҳим масала бўлиб келган. Яшаб турган дунёмиз ҳам инсон ва нафс (шайтон) кураши асосига қурилган. Шу маънода шоир бу тўртлигида энг катта мавзуни қаламга олган ва бутун инсониятга тааллуқли ғояни тўрт мисрада жамлаган.
Манзар Абдулхайрнинг ушбу шеърий тўпламида кўнгил ва унинг поклиги мавзусидаги шеърлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Шоир ўзини, ўзидан кўнглини, кўнглидан ҳақиқатни излайди. Кўнглини поклашга интилади. 
Шоир бир тўртлигида шундай ёзади:

«Ҳолига бир қара ёқаси чокнинг,
Элу юрт наздида тубаннинг, 
    хокнинг.
Даъватига қулоқ
    тутгин идрокнинг,
Осон минг мушкули
    ботини покнинг».

Барча муаммоларнинг, қийинчиликлару зиён-заҳматларнинг илдизи ботинда пинҳон. Шоир ана шу ботинга – кўнгилга боқишни, уни поклашни истайди. Зеро, илдиз соғлом бўлса, тана ҳам соғлом бўлиши турган гап.
«Тааммул» тўпламидан сукут оҳанги билан суғорилган шеърлар ўрин олган. Бу сукутда эса кўплаб сирлар – ҳақиқатлар яширин. 
Манзар Абдулхайр – кўнгил куйчиси, ишқ куйчиси, изтироб куйчиси. Ўйлаш, фикрлаш эса унинг ижодига олиб борувчи йўл, шоир ҳаётининг ажралмас қисмидир. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, тўплам ўқувчининг маънан юксалишига, ўйлаш, фикр юритиш қобилиятини ўстиришига хизмат қилади.
Ойбек ҲАЙДАРОВ




Ўхшаш мақолалар

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

🕔10:54, 11.09.2025 ✔84

«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

🕔11:20, 29.05.2025 ✔238

Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

Батафсил
Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

🕔12:13, 24.04.2025 ✔281

Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

    Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

    «Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

    Шавкат МИРЗИЁЕВ

    ✔ 84    🕔 10:54, 11.09.2025
  • «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

    ✔ 238    🕔 11:20, 29.05.2025
  • Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

    Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

    Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

    ✔ 281    🕔 12:13, 24.04.2025
  • Китоб –  озодлик  сари йўл

    Китоб – озодлик сари йўл

    Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.

    ✔ 386    🕔 15:24, 14.03.2025
  • Мутолаа  хўжакўрсинга бўлса...

    Мутолаа хўжакўрсинга бўлса...

    «Боболаримиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак».

    ✔ 359    🕔 15:53, 10.01.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар