Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилига эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси.
«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Буни эслатишга аслида ҳожат йўқдек. Аммо шаҳримизнинг айрим корхона, ташкилотларида жамоат жойларининг йўл ёқасидаги турли хилдаги турфа реклама ва эълонлар катта қилиб осиб қўйилган баннерларимиздаги сўзларнинг имло хатоларини кўриб, кўрмасликка, билиб билмасликка ўрганиб қолдик, деб қўрқаман. Нега деганда, болалар боғчасидан, мактаб, коллеж, лицейлар борингки, айрим ташкилотларнинг хона деворларида осиғлиқ турган лавҳаларгача бир кўз юритсангиз, турли хатолар ўзининг бўй-бастини кўрсатиб турганига гувоҳ бўласиз. Бундай ҳолатларни кузатиб, улар ҳақида бир-икки оғиз мулоҳаза юритишни лозим топдик.
Юқумли «саводхонлик»
Нигора АЪЗАМХЎЖАЕВА,
Яккасарой туманидаги 144-сонли
умумий ўрта таълим мактабининг
она тили ўқитувчиси:
– Шаҳримизнинг айрим кўчаларидаги ёзув лавҳалар ёки бўлмаса, шаҳар ичида қатнайдиган йўналишли автоуловлардаги бекатлар номи ёзилган рўйхатни ўқиб, ҳайрон қоламан. Улардаги имло хатолари ҳақида ҳайдовчига билдирганимда, гўёки мен нотўғри гапиргандек, бўзрайиб қўйгани ёдимда. Унинг қарашидан билдимки, гапим унга ёқмади. Аммо билиб билмасликка олишга, ўқиб ўқимасдан кетишга шунчаки менинг виждоним йўл қўймаган эди. Мен ишлаётган таълим муассасасида ҳам ўқитувчилар синфхоналарига осиб қўйиш учун кўргазмалар, таълим соҳасига оид турли кўргазмали воситаларни тайёрлашларидан олдин намуна нусхасини олиб келиб, ўқитишади. Ёзувларда имло хатолар бор-йўқлиги, сўз тузилишларининг тўғри ёки нотўғрилигини баҳоли қудрат кўриб бераман.
Кўчаларимиздаги айрим овқатланиш жойларининг номлари, ундаги таомлар номи ёзилган рўйхатларга бир кўз юритсангиз, имловий хатоларга кўзингиз тушиши аниқ. Ижтимоий тармоқларда айрим санъаткорларимиз ёзаётган фикр-мулоҳазаларни ўқиб, ундаги имловий хатоликларни, сўз қурилишидаги мужмалликларни кўриб, куюниб кетасан киши. Биргина телефонимиздаги хабарларни олайлик. Яқинда бир ўқувчимнинг онасидан шундай хабар олдим. Ўзи уч қатор сўз ёзиб юборган. Аммо ана шу уч қатор сўзда саккизта хато! Ахир, айрим ота-оналаримиз сўзлардаги имловий хатоларга амал қилмас экан, қандай қилиб, биз фарзандларимиздан буни талаб қила оламиз. Биргина ана шундай кундалик хабарлар инсон кайфиятига ўз таъсирини кўрсатади, албатта.
Орамизда баъзи инсонлар борки, ўзбек тилини ўзларининг тўмтоқ сўзлари билан «замонавий» қилмоқчи бўлишади. Ахир, ўз она тилида сўзларни тўғри ёза олмаган инсон қандай қилиб чет тилларда тўғри ва хатосиз ёза олиши мумкин?!
«Ёҳу! Бизга на бўлди?»
Шодиёр ТОШПЎЛАТОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Яккасарой туман Кенгаши раиси:
– Инсоннинг маънавияти нима билан белгиланади? Унинг юриш-туриши, ахлоқ-одоби, сўз-каломи билан, албатта! Аммо биз бу масалаларда кейинги пайтда жуда кўп салбий ҳолатларга гувоҳ бўляпмизки, эътироф этмай иложимиз йўқ.
Биринчидан, кирилл алифбосида ўқиб савод чиқарганлар лотин графикасини тўла-тўкис тушунмайди, баъзилар эса бунинг тескариси. Бу масаладаги иккиланиш ёзув қўлланилиши мумкин бўлган ҳамма жойда ўз таъсирини ўтказади. Масалан, кўчаларимиздаги кўплаб пешлавҳалар ўзбек тилида ёзилишига эътибор беринг. Уларнинг ярми лотин, ярми кирилл алифбосида.
Иккинчидан, аросатда юрган пайтда тилимизда ўзлашган сўзлар шу қадар кўпайиб кетдики, бунинг оқибатида жуда бой ва гўзал тилимизнинг миллий савияси ниҳоятда тушиб кетди.
Кўчадан келар эканман, катта ёзувларга эътибор қаратаман. «Аптека», «Домашка», «Женское белье» «Салон красоты», «Химчистка», «Хозмаг», «Вино-водка» каби русча, «Beauty salon», «Flowers city», «Сafe», «Market» каби инглизча сўзларга кўзим тушади. Хўш, бу сўзларнинг ўзбек тилида муқобили йўқми? Бор! Фақат бошқа тилдаги сўзлар кўзимизга жозибалироқ кўринади, негадир. «Ёҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқуб кетдук. Яхши қўшнингдан олгунча, ёмон уйингни қидир», деб бекорга бонг урмаган Абдулла Авлоний.
Бундан ташқари лотин графикасида ёзилган ибораларимиз, шиорларимизда оддий имловий хатоларга йўл қўйилмоқдаки, бу шиорлар худди уни ўқиётган ёшларни янада саводсиз бўлишга тарғиб қилаётгандек гўё.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёшларимизнинг аксарият қисми савод даражаси йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Бу ҳолатни ҳатто ижтимоий тармоқларда уларнинг ёзаётган хабарларида ҳам кўриш мумкин. Уларда ёппасига хатолик, шева сўзларнинг қўпол ишлатилиши, жаргонлар тилимизнинг саёзлашувига сабаб бўлмоқда. Масалан, «шуни рандом қилиб ўтирмасдан манга бериб қоя қолинг, қийналиб ғолибни излаб ўтирмийсиз», «To`ri qiliwipti. hamma adolat qaror topiwini xolawvotti...»
Истаймизми-йўқми, бунга қарши ҳаммамиз курашишимиз, аждодлар ва авлодлар олдидаги масъулиятни ҳис қилишимиз, миллатимиз руҳини асл қиёфада сақлаб қолишимиз шарт.
«Шоир ўзинг, доно ўзинг»
Наргиза АСАДОВА,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
– Бугун кўчалардаги ёзувларда нафақат имловий, балки мантиқий хатоликлар ҳам жуда кўп. Айниқса, буни ОАВда ҳам учратиш оддий ҳол бўлиб қолди. Масалан, радиодан бошловчибир-икки оғиз сўз айтиб, «…деган экан донолардан бири» дейди. Зиёли одам бу фикрни донолар айтганига ишонмайди, албатта. Тўрт қатор шеър ўқиб «шоир ёзганидек», дейди. Суриштириб қарасангиз «шоир» ҳам «доно» ҳам ьошловчининг ўзи бўлиб чиқади. Бу эса мантиқий хато, қолаверса, шармандали савиясизлик саналади.
«Ибрагимми ёки Иброҳим?
Ўлмас ул эмасми?»
Хўш, бу баҳсда ким ҳақ? Ким хато қилди? Ҳужжат ва имлонинг мос тушмаслиги ҳамда шу билан боғлиқ муаммоларни нафақат таҳририят ишида, балки кундалик ҳаётда ҳам тез-тез учратамиз. Бу муаммо жамиятда қачон пайдо бўлди? Таассуфки, кеча эмас. Мана, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил бўляпти. Изоҳли луғатлар, имло қоидалари жилд-жилд китоблар ҳолида босиб чиқарилди. Хўш, «билмаймиз» дейишга ҳақлимизми?
Авваллари хатолар давлат маҳкамаларида асосан рус миллатига мансуб кишиларнинг ишлаши билан изоҳланар эди. Бу муаммо маълум маънода бартараф этилди ҳам, бироқ тилимиздаги хатолардан ҳануз қутилмадик. Айниқса, «ҳ» ва «х» харфлари қатнашган исм-фамилияларнинг тўғри ёзилганидан нотўғриси кўп. Қолаверса, шундай исмлар ҳам борки, уларнинг асл имлоси аллақачон унутилиб кетгандай: «Бобир», «Машкура», «Бегзод», «Тимур», «Немат»…
Исм нотўғри ёзилдими, демак, қачондир ундан ҳосил бўладиган фамилия ҳам хато билан ёзилади. «Раджабов», «Сапаров», «Касимов», «Юлдашев», «Садиков», «Ходжаев» каби фамилияларнинг келиб чиқиш тарихи ҳам шу билан боғлиқ. Афсус, улар авлоддан авлодга ўтиб келмоқда ва уларнинг янги эгалари ҳам бу фамилияларни хатоси билан бирга қабул қилишмоқда.
Мана, масалан, кўп учрайдиган фамилиялардан бири – «Артиков». Наҳот ҳеч кимда савол туғилмаса: «Артик деган исм борми?». Ёки кўп тарқалган фамилиялардан яна бири: «Бабаджанов». Наҳот фамилия эгалари бир сўздаги нақ тўртта хатога кўз юмса!
Сўғдиёнани «Сагдиана» ё Иброҳимни «Ибрагим» дейиш Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас. Самир, Румейса, Симран, Ҳюрам, Индира… Бу каби янгича исмларни қўйиш урфга кирди. Яқин йилларда эса спорт ишқибозлари ўзининг севимли юлдузларининг исмларини фарзандига қўядиган бўлишди: ўзбек боласи Неймар, Рональдо, Месси исмлари билан чақириладиган бўлди. Булар бошқа-бошқа мавзулардир балки, лекин уларни туташтирадиган савол бир: исм қўйиш масъулиятини қачон ҳис қиламиз?
Айниқса, бирор кўчмас мулкка эгалик қилганлар ёки тадбиркорлик билан шуғулланадиганлар исм-фамилиядаги биттагина ҳарфни ҳам ўзгартиришга чўчишаркан. Айтишларича, бир ҳужжатда исмни тўғрилаш бошқа ҳужжатларга ҳам ўзгартириш киритишни тақозо қилади. «Айтишга осон-да», – дерсиз ҳойнаҳой. Ахир, расмий ҳужжатлар ҳақида гап кетганида одамларимиз кўз ўнгига идорама-идора юриш, сарсонгарчилик, эшиклар олдида соатлаб навбат пойлаш кабилар келади. Қолаверса, бу ерда гап ҳужжат олиш эмас, борини тўғрилаш ҳақида кетганидан кейин «ҳозир шу зарурми», дейдиганлар кўп…
Хатони ҳужжат билан боғладик, ҳатто кўпчиликнинг ортиқча қоғозбозликни хушламагани учун уни тузатмаслигини билдик. Ҳужжатлардан ташқарида ўз исмимизни тўғри ёзамизми? Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик фойдаланувчилар сони бир миллионга яқиндир. Эътиборга молик жиҳати, уларнинг аксарияти исм-шарифини профилига хато(лар) билан ёзган. Ҳатто катта ёшли, айрим ҳолларда олий маълумотли кишилар ҳам исмларини хато билан ёзишганини кўриш мумкин. Демак, чиндан, Беҳбудий ёзганидек, «Исмимизни билмаймиз»…
Ғанишер ЧЎЛИЕВ,
Яккасарой туман ҳокимининг
Маънавий-маърифий ишлар
самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси