Унинг чиройликкина боши, айниқса, эътиборни тортади. Сочлари қоп-қора. Юзлари сип-силлиқ, чунки у бўлар-бўлмасга кулаверадиганлардан эмас. Озода. Тартибли. Хушмуомала. Кўрган одамнинг ҳаваси келади унга.
Уни одатда китоб кўтариб юрган, китоб ўқиётган ёки китоблар ҳақида гапираётган ҳолатда учратиш мумкин.
У «принципиальный» шахс. Қилиш мумкин бўлган ва бўлмаган ишларнинг чегарасини қатъий белгилаб олган. Уларга оғишмай амал қилади.
У нозиктаъб инсон. Нарсаларининг жойи ўзгаргани, қоғоз-китобларининг буклангани, кийим-бошига қўнган чанг унинг кайфиятини ёмон бузади. Уйда ҳам, ишда ҳам кун бўйи чангларни қайта-қайта артаверади, қоғозларини тўғрилайверади… Бу ишлардан бўшаганида китоблар ва унинг муаллифлари ҳақида: «Ҳайронман, нега фалончининг ёзганларини кўкка кўтаришади? Кеча ўқиган китобимда аллақандай бўрилар ҳақида ёзилган. Ўзиниям хотинбоз бўлган, дейишади» қабилида гап сотади.
Унинг ишхонасида янги ходима пайдо бўлди-ю, ҳаётида янги саҳифа очилгандек бўлди.
Қиз, энг муҳими, унга ўхшаб яхшигина китобхон экан. У қайси китобдан сўз очса, қиз ҳам ўқиб чиққан бўлади. Ҳа, китобсеварлиги билан қаҳрамонимизга жуда муносиб рафиқа бўлиши мумкин.
Йигит қизни севиб қолди, десак муболаға бўлади. Ҳарқалай, у яна-да озода, хушмуомала бўла борди, чангларни артаверди, қоғозларини тахлайверди. Баъзан қизга Навоийдан Э.Воҳидовгача бўлган ишқий ғазаллардан ўқиб берди.
Яхшиямки, бу муносабат кўпга чўзилмади.
Бир куни йигит:
– Лермонтовнинг «Демон»идаги хотима билан чиқишолмайман, – деб қолди. – Аввало, Тамаранинг қаллиғини унутиши – бевафолик. Шайтонга бўса бергани эса – аҳмоқлик. Оқибатда, ўлди-кетди. Шунча гуноҳларидан кейин муаллиф уни жаннатга раво кўргани – мантиқсизлик. Ноҳақлик!
Қизнинг бунга жавобан:
– Наҳотки, тушунмаяпсиз, Тамаранинг муҳаббати демонга нисбатан бўлса-да, соф севги эди, – дегани қизиқ бўлди. – Уни жаннатга элтган – муҳаббати!
— Айтматовнинг «Жамила»си ҳақида ҳам шунга яқин фикрдамисиз?
— Жуфти ҳалолига хиёнат қилиб, бошқа йигит билан кетиб қолган Жамилани айтаяпсизми?
Ахлоқсизликни тарғиб қилаётган бундай асарлардан воз кечиш керак.
– Жамиланинг сиз писанда қилаётган гуноҳларини ювиб кетувчи асоси бор. Бу – севги!
Бундай асарлардан воз кечиб бўлмайди. Чунки улар инсонларни тушунишга ўргатади. Қолаверса, нега ўзингиз ўқийсиз бу каби китобларни?
– Ахир, зиёли одамман, ҳамма нарсани билишим керак. Уларни оқлаётганингизга қараганда унчалик иболи қизлардан эмассиз…
Қиз мириқиб кулиб:
– Тўнка экансиз-ку?! – деди.
Бундан сўнг улар кўришиб қолса, йигит бурнини кўтарадиган, қиз жилмайиб қўядиган бўлди.
У вақти келиб тўққизинчи синфни амаллаб битирган қизга уйланди. Унинг гапларини жон қулоғи билан тинглайдиган бу аёл эрининг шоиру ёзувчиларни тап тортмай танқид қилишига беш кетади.
Ҳаммаси яхши. Эрининг чиройликкина бошини: «Танқидчи олим бўлинг», деб қотиргани ёмон!
Дилрабо МИНГБОЕВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил