Жиззахда «Китоб дунёси» ва «Китоб маркази» савдо тармоқ марказлари томонидан ташкил этилган «Энг китобхон мактаб» кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ёшлар инновацион марказида ўтказилган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Китоб дунёси» ва «Китоб маркази» савдо тармоқ марказлари, Жиззах вилояти хокимлиги, халқ таълими бўлимлари масъуллари, барча мактаб раҳбарлари, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказиб келинаётган анъанавий китоб байрамларининг, кўрик-танловларнинг аҳамияти катта экани таъкидланди.
Бу каби тадбирлар, нафақат, китобхонликни тарғиб этиш, балки таълим муассасаларида адабиёт фани ўқитилишини, жойларда кутубхоналар фаолияти, китоб савдосидаги ютуқ ва камчиликларни ўрганишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– Ушбу лойиҳанинг ҳудудий босқичи ҳозиргача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида муваффақиятли ўтказилди, – дейди «Китоб дунёси» ва «Китоб маркази» савдо тармоқ марказлари муассиси Шуҳратжон Охунжонов. – Лойиҳанинг Жиззах вилояти босқичи жорий йилнинг 20 январидан бошланиб, 45 кун давом этди. Лойиҳа доирасида ҳудуддаги жами 548 та мактабда китоб ярмаркалари ташкил этилиб, уларда 200 мингдан кўпроқ ўқувчилар, уларнинг ота-оналари учун арзон нархларда болалар адабиёти, бадиий адабиётлар, шу жумладан, жаҳон адабиёти намуналаридан иборат сара китоблар тақдим этилди.
Тақдирлаш маросимида «Энг китобхон мактаб» лойиҳасида фаол иштирок этган туман халқ таълими бўлимларига мукофотлар топширилди. Жумладан, биринчи ўринни эгаллаган Арнасой тумани халқ таълими бўлими 10 миллион сўмлик китоблар ҳамда «Nexia-3» автомашинаси билан тақдирланди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Янгиобод ва Дўстлик тумани халқ таълими бўлимларига компьютер жамланмаси, телевизор, уяли телефон ва китоблар тўпламлари совға қилинди.
– «Китоб дунёси» ва «Китоб маркази» савдо тармоқ марказлари томонидан амалга оширилган «Энг китобхон мактаб» лойиҳаси ўқувчилар ўртасида китоб тарғиботини амалга оширишдаги энг хайрли ишлардан бири бўлди, – дейди Арнасой тумани халқ таълими бўлими мудири Мирмуҳсин Низомов. – Лойиҳа доирасида туманимиз мактабларида ўтказилган ярмаркаларда 20 мингдан зиёд китоб харид қилинди. Ўқувчиларимиз навбатдаги яна бир китобсеварлик лойиҳаси – вилоят ҳокимининг «Энг ёш китобхон» танловида ҳам юқори ўринни эгаллаш учун фаол иштирок этмоқда.
Маросимда лойиҳа ташкилотчилари томонидан уйда таълим олаётган, имконияти чекланган ўқувчиларга ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёл мактаб директорларига китоб жамланмаси совға қилинди.
Тақдирлаш маросими таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар концерт дастури билан якунланди.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔281
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил