Шўролар замонида ота исмига «…вич» қўшиб айтиш қоидаи қонунга айланган эди. Айниқса, раҳбарман деган борки (шу жумладан, ташкилот ва идора ходимларини ҳам), унга фалончи писмадончиевич деб, мурожаат қилинмаса, осмон узилиб ерга тушарди.
Ҳатто, кекса отахон набираси тенги бошлиқча ҳузурига кираётиб, унинг исм-шарифига бир амаллаб, тили айланиб-айланмай «…вич»ни ёпиштириб, сўнг саломга оғиз очарди. Бу тартиб партия ва комсомол ташкилотлари етакчилари-ю, ходимларининг онг-шуурига ажриқдек чирмашиб олган, чамамда, улар буни ўзгача бир ҳурмат, иззат-икром, мартаба деб тушунар, «…вич»ни эшитганда ўзларини каттаконлардек ҳис қилишарди.
Аммо ўша даврда ҳам мактаб ўқувчилари ўқитувчига «муаллим», институт ва университет талабалари ўз устозларига «домла» дея юзланарди. Кейинроқ «устоз» сўзи ҳам анча оммалашиб кетди. Шу билан бирга, «муаллим» ва «домла» сўзлари ҳам муомалада қолаверди, суриб чиқарилгани йўқ.
Орадан йиллар ўтиб, мустақиллик нашидасини сураётган давримизда «ўзимизникилар» домла масжидда бўлади, дея бу сўзни олий таълим тизимидан чиқариб ташлашга астойдил бел боғлашди. Кимнингдир тили айланиб, кимнингдир тили айланмайдиган «…вич»ни ишлатишга даъват этишди. Бу тарихий анъаналаримизу аждодларимиздан авлодларга ўтиб келаётган инсоний ҳурмат-эҳтиром юзига оёқ қўйиш билан баробар экани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади.
Кечагидек ёдимда. Бир йиғинда вазир жаноблари олий ўқув юртига тайинланган янги раҳбарнинг исм-шарифини айтиб, сўз берганида юқоридан келган каттакон «фалончи фалончиев эмас, фалончи писмадончиевич», дея танбеҳ берган эди. Бу ўша каттаконнинг «устоз» сўзи маъно-мазмунини, муомалаю муносабатда тутган нуфузи, ўрни, аҳамияти-ю, қадр-қимматини, ёши улуғ инсонга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи эканини билмаслигидан далолат бериб турарди.
Ахир, буюк бобокалонларимизни етти иқлимда «устоз» дея улуғлаганларини тарихдан яхши биламиз-ку. Имом Бухорий, Имом Ғаззолий, Имом ат-Термизий, Нажмиддин Кубро, Беруний, Ибн Сино, ал-Фарғоний сингари маънавиятимиз даҳолари юртма-юрт кезиб, зукко устозлардан илм-фан сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, ўзлари ҳам буюк устозлар бўлиб етишганлари биз учун сабоқ эмасми? Ана шундай аждодларнинг авлоди бўла туриб, устоз деб аталмиш қутлуғ ва муборак сўз ўрнига «…вич»ни ишлатиш билан нимага эришдик, нимани қойиллатдик?
Абу Ҳомид Ғаззолий айтади: «Устоз ҳаққи ота-она ҳаққидан ҳам кўпроқ бўлади. Чунки, ота-она фарзандининг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз охират биноси тикланишининг сабабчисидир».
Миллатимизнинг фахру ифтихори бўлган буюк алломаларимиз ана шундай устозлар сирасидан бўлганлари учун ҳам бугунга қадар аҳли олам тилида достон. Агар эрамиздан олдинги учинчи минг йилликда қадимги Шарқда устоз ва шогирд мактаблари бўлганини эслайдиган бўлсак, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг
Кимниким устоди йўқ, ҳам ишин бунёди йўқ,
Маъни йўлида ғарибдир, кимниким устоди йўқ
деган пурҳикмат байтлари моҳиятида чуқур маъно барқ уриб турганини янада теранроқ англаймиз. Ва албатта, соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўзларини устозлари Саййид Барака пойига қўйишни васият қилганлари ёдимизга тушиб, «устоз» сўзининг қудратию салоҳияти нақадар юксакда туриши яққол намоён бўлади.
Аллома бобомиз Мирзо Улуғбек давлат ишлари билан нечоғли банд бўлишларига қарамай, устоз ва шогирд мактабини ташкил этиб, илм-фан равнақи йўлида маблағни аямаганликлари, ўзлари устоз сифатида фалакиёт соҳасида иқтидорли шогирдлар етиштирганлари, бу анъана бугун ҳам изчил давом этаётгани фикр юритаётган мавзумиз бениҳоя долзарб эканидан далолат бермайдими?
Мутафаккирларнинг мутафаккири Алишер Навоий бобомиз ҳам устоз ва шогирд мактабини тузиб, унга ҳомийлик қилганликлари, ўзлари ҳар жабҳада ўрнак бўлганлари, айниқса, давлат ва жамият маънавий-маърифий ҳаётида беқиёс аҳамият касб этгани у улуғ зот асарларида қуёш янглиғ порлаб турганлигини биргина:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила
шоҳ байтларида устоз шогирд учун нақадар қадрли ва азиз экани, унинг хизматларини ҳеч бир нарса билан узиб бўлмаслиги гўзал ифодаланган бўлиб, шогирднинг устоз олдидаги бурчини доимо ҳис этиб туришга, буни ҳеч қачон унутмасликка ундамай қолмайди.
Устозлик ҳар кимга ҳам насиб қилавермаслиги, унинг иши жуда нозик ва юки бениҳоя залворли, масъулияти катта экани ҳақида яна бир мисол.
Бир куни ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурларига бир йигитча келиб, у кишидан илм ўрганмоқчи эканини айтиб, илтимос қилибди. Бунинг учун ҳатто қул бўлиб ёлланишга ҳам тайёрман, дебди. Ҳазрат йигитчага шундай жавоб қилибди: «Биз ҳаммамиз Яратган эгамнинг қулларимиз. Шу боис қулнинг қул тутиши тўғри бўлмас». Йигитча барибир шаштидан қайтмабди. «Бўлмаса, мени дастёрликка олинг, уй-рўзғор ишларингизни қиламан, фақат ёнингизда бўлсам бас!» дея илтижо қилибди. «Дастёрга эҳтиёжимиз йўқ. Илло, дил ба ёру даст ба кор — қалбимиз Аллоҳда, қўлимиз меҳнатда. Юмушларимиз ўзимиздан ортмайди», дебдилар ҳазрат. Шунда йигитча: «Унда мени шогирдликка олақолинг!» деб ёлворибди. Йигитчанинг илмга ташналигини, мақсади йўлида ҳар қандай машаққатни енгишга ғайрат-шижоати жўшиб турганини сезган устоз мамнун ҳолда рози бўлибди.
Кўриб турибсизки, йигитча ўзининг асл мақсадига «шогирд» сўзини ишлатиш билан эришиб, Нақшбандий бобомизни устоз дейиш бахтига муяссар бўлди. Бундан саодатли устозга садоқатли шогирд бўлиш осон эмаслиги, бунинг учун шогирд бўлмоқчи киши шунга муносиб кўрилишини англаш қийин эмас.
Агар аждодларимиз ўз фарзандларини дунёга келган кундан бошлаб, ана шундай пиру комил устозлар қўлига топширмаганларида, устозлар уларга меҳр билан таълим-тарбия бериб, баркамол қилиб вояга етказмаганларида жаҳон тамаддуни пештоқида турган даҳоларимиз бўлармиди?! Улар яратган оламшумул буюк кашфиётлар бугунга қадар олам ва одамни ҳайратга солиб турармиди?! Миллатимиз қалбини ғурурга, фахр-ифтихорга тўлдириб, уни аждодларимизга муносиб авлод бўлишга чорлармиди?..
Ана шулар ҳақида ўйлар эканман, бундан икки йил аввал яна «…вич» масаласи кўтарилгани, талабалар профессор-ўқитувчиларга устоз деб эмас, балки «фалончи фалончиевич» дея мурожаат қилишлари лозимлиги, ҳатто «Устоз ва мураббийлар кенгаши» номидан устоз сўзи олиб ташлангани ёдимга тушиб, салла деса, каллани олишга жуда уста эканимиздан куйиниб кетгандим. Хўш, бу билан нима ўзгарди? Профессор-ўқитувчининг шохи чиқдими ёки мартабаси юксалиб қолдими? Таълим-тарбияда туб ўзгаришлар рўй бердими? Оламшумул ютуқларга кўмилиб қолдикми? Йўқ, албатта!
Шунга қарамасдан, биз бўлар-бўлмас топшириқлар билан ўзини намоён қилишни яхши кўрадиган айрим «каттакон»лар сингари устоз сўзини қўллашни қатъий талаб қилиб қўяётганимиз йўқ. Бор-йўғи бу сўзнинг улуғворлигини, мазмун-моҳияти, масъулияти-ю, аҳамияти нафақат ёш авлод таълим-тарбиясида, балки шу номга муносиб инсонлар ҳаётида ҳам алоҳида ўрин тутишини, керак бўлса, бу маънавиятимизу маърифатимизнинг ёрқин кўринишларидан эканини, кимнидир устоз дея этагидан тутган шогирднинг тилига ҳали чипқон чиқмаганини эслатиб қўйиш, холос. Аммо кимгадир «…вич» маъқул бўлса, марҳамат, «вич»лайверсин! Қолгани жамоатчиликка ҳавола.
Нуриддин ОЧИЛОВ,
журналист