Кўриш қобилиятини яхшилашга ёрдам берадиган контакт линзалардан фойдаланишнинг нозик жиҳатлари.
Бугун кўзойнакдан кўра контакт линзалардан фойдаланиш оммалашиб бормоқда. Уларнинг ҳаётимизга кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Хўш, линзаларнинг кўзойнакдан афзаллиги нимада? Қай ҳолатда тақиш керак ёки қачон улардан воз кечган маъқул?
Бизнинг шу каби саволларимизга мутахассис Дилфуза ЗИЁВУДДИНОВА жавоб берди.
— Бугун линзаларнинг олти тури мавжуд. Энг оммалашган юмшоқ линзалар ҳам иккига бўлинади: қалин ва юпқа. Қалин линзалар узоқ муддатли бўлади. Уч ойгача фойдаланиш мумкин. Юпқа линзаларнинг эса муддати бир ой. Контакт линза ишлаб чиқаришда, асосан, АҚШ, Италия, Жанубий Корея фирмалари етакчи. Бугун энг оммабоп контакт линза билан ухлаш ҳам мумкин. Бир ҳафтада ечса бўлди, чунки у ҳаво ўтказади. Қолаверса, таркибида 8 фоиз намлик (сув) мавжуд. Аммо ҳамма турдаги контакт линзаларда бундай хусусият йўқ. Уларни эрталаб тақиб, олти соатдан сўнг ечиш зарур.
— Контакт линза аслида кимлар учун?
— Кўриш қобилияти пасайган одамлар учун, албатта. Уни, асосан, иш ёки ўқишга борувчилар тақади. Уйга қайтгач, линзани ечиб, кўзойнак тақиш керак. Чунки кўз кун бўйи линзадан чарчаб, қизаришни бошлайди.
— Кўзойнакдан афзаллик жиҳатлари нимада?
— Кўзойнакда фақат тўғри йўналишни кўра оласиз. Чапга ёки ўнгга қараш учун бошингизни буришингиз керак. Линзаларда эса кўзингизни буриш орқали кенг кўламда кўра оласиз. Қолаверса, қишда кўзойнак буғланади, линзада эса бу муаммо йўқ. Ҳамма фаслда бемалол фойдаланиш мумкин.
— Чирой учун тақиладиган линзаларнинг кўзга зарари борми?
— Албатта, кўзга жуда катта салбий таъсири бор. Рангли линзалар ҳаво ўтказмайди. Куни билан тақиб юрилса, кўриш қобилияти сусайиб кетади. Бу ҳол вақт ўтганидан сўнг сезилади. Рангли линзалар бир кунда уч, узоғи билан тўрт соат тақилиши керак. Аммо кўпчилик уни узлуксиз тақиб юраверади. Бу эса кўз қизаришига, вақт ўтгач, кўриш қобилияти сусайишига олиб келади.
— Линза тақиш ёшга боғлиқми?
— Линзалар, асосан, 14-15 ёшдан тақилади. Агар линза тақувчи линза тақиш техникасини бажара олса, у линза тақиши мумкин. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, шамоллашда ва йўтал кузатилганида, даволаниб, кейин яна линзаларни тақиш мумкин. Тутун ва чангларда ҳам линза тақмаган маъқул.
— Ундан фойдаланиш учун сотувчининг тавсияси кифоями ёки алоҳида шифокор кўригидан ўтиш шартми?
— Албатта, шифокор кўригидан ўтиш керак. Чунки баъзиларнинг кўзига линза тақишнинг кераги йўқ. Шифокор кўрикдан ўтказиб, қандай линза тақиш кераклиги ҳақида маслаҳат беради. Кўрикдан ўтмасдан линза тақиш умуман нотўғри ҳисобланади.
— Линзаларнинг муддати тугаса ҳам тақиш мумкинми?
— Кўп ҳолларда «линза йиртилмади, яхши турибди», деб уларни тақиб юраверишади. Аммо бу жуда зарарли. Муддати тугаган линзалар кўзга зарар етказиб, кўриш қобилиятини сусайтиради. Шу сабаб ҳам контакт линза тақишда жуда эҳтиёткор бўлиш шарт.
Озода ВАЛИЕВА
ёзиб олди.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔20
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔43
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔56
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил