Бунинг давоси жарроҳликми ёки тошни табиий тушириш йўли борми?
Буйракда тош йиғилишининг сабаби нимада? Ушбу хасталикни қандай даволаш мумкин?
Алишер Зуҳриддинов,
Самарқанд вилояти
— Буйракда тош тўпланиши организмда моддалар алмашинувининг бузилганидан дарак беради, — дейди Республика ихтисослаштирилган урология маркази шифокори, уролог Хуршид ХУДОЙБЕРДИЕВ. — Касалликнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Масалан, буйрак ва пешоб йўлларида яллиғланиш, пешоб таркибида кальций тузи кўпайиб кетганда ана шу ҳолат кузатилади. Бундан ташқари, инсон айрим дориларни қабул қилганда буйракда тош келиб чиқиши мумкин.
— Буйракда тош бўлса, у қандай аломат беради?
— Сийдик йўлида тўсиқ пайдо бўлиб, буйрак санчиғини юзага келтиради. Санчиқ эса хуруж даражасигача бориши мумкин. Белда ҳосил бўлган оғриқ чов соҳаси бўйлаб, қовуқ-киндик томон тортиб, кучаяди. Хуруж вақтида ва ундан кейин сийдик қон аралаш тусга киради. Касалликда кўнгил айниши, қайт қилиш, иштаҳа йўқолиши, уйқу ва бошқа руҳий бузилиш каби белгилар ҳам намоён бўлади. Агар тош жойидан қўзғалмаса, ҳеч қандай оғриқ белгилари бўлмаслиги мумкин. Баъзилар буйрагида бир неча миллиметрли тош кўтариб юрганини тиббий текширув пайтида билиб қолишади. Лекин буйрагида кичик тош бор кишиларда ҳам вақти-вақти билан кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши ёки оғизда тахирлик кузатилиши мумкин.
— Тош қандай йўл билан олиб ташланади?
— Агар тош ҳажми 4-10 миллиметр бўлса, эритиб туширувчи дори препаратлари ҳамда парҳез таомлар тавсия этилади. Буйракдаги тош ўлчами 1,5 сантиметргача бўлганида эса уни майдалаш мақсадида электромагнит ёки ультратовуш зарб тўлқини ёрдамида муолажа ўтказилади. Мазкур амалиёт амбулатор шароитда бажарилиб, ҳеч қандай тиғ ишлатилмайди. Электромагнит тўлқин таъсирида майдаланган тошлар 3-5 кун ичида пешоб билан чиқиб кетади. Ҳажми йирик тошлар эса эндоскопик жарроҳлик амалиёти билан олиб ташланади.
— Бемор буйрагидан тошлар олингандан кейин муайян вақт ўтгач, бу ҳолат баъзан яна қайталаниши кузатилади. Бунинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
— Агар организмдаги модда алмашинуви изга солинмаса, буйракда бир-икки йилда тош яна қайта тўпланиши мумкин. Шунинг учун дориларни ёки муолажани қабул қилгандан сўнг, мутахассис-шифокор беморга қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш ва нималардан тийилиш кераклигини айтади. Масалан, бундай киши ёғсиз мол гўшти, қайнатилган, буғда пиширилган парранда ва балиқ гўшти, ўсимлик мойлари, сариёғ, товуқ тухуми (суткасига биттадан кўп эмас), мураббо, мармелад, гуруч, карам, бодринг, турп, қовоқ, сабзи истеъмол қилиши мумкин. Ўрик, беҳи, нок, олма, шафтоли, узум, қовун-тарвуз, олча каби мевалар жуда фойдали. Кўк чой, мева ва сабзавот шарбатлари ҳамда наъматак дамламасини доим ичиб юриш ҳам яхши наф беради.
Бундай бемор кўп миқдорда шовул ва сийдик кислотаси пайдо қилувчи маҳсулотлар истеъмол қилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, ош тузи, жигар, буйрак, тил, қази, дудланган гўшт, маргарин, бедана тухуми, бринза, пишлоқ, шоколад, қўзиқорин, анжир, мош, нўхат, ловия, аччиқ қора чой, қаҳва ҳамда какао каби маҳсулотлардан тийилган маъқул.
Айримлар бунга риоя этмаслиги оқибатида буйракда тошлар қайта тўпланиши кузатилади. Шундай экан, шифокор кўрсатмаларига тўла амал қилингандагина бу касалликка йўлиқишнинг олди олинади.
Бекзод НАСИМБОЕВ
ёзиб олди.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔26
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔50
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔62
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил