Саломатлик      Бош саҳифа

Аввал «супуриб» сўнг «айлантирилади»

Тишларни соғлом сақлаш қоидаларини биласизми?

Аввал «супуриб» сўнг «айлантирилади»

Кариес — энг кенг тарқалган тиш касаллиги. Маълумотларга кўра, 80 фоизгача одам ундан азият чекади. Хўш, бунинг сабаби нимада? Кариес қай тарзда ривожланади? Унинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

— Кариес — тиш қаттиқ тўқималарида мураккаб ва секин тарзда кечадиган, ноқулай ташқи ва ички омиллар таъсирида ривожланадиган патологик жараён, — дейди Тошкент давлат стоматология институти терапевтик стоматология кафедраси доценти Доно АЛИМОВА. — У тиш оғриғини энг кўп келтириб чиқарадиган касалликдир. Бунда тиш эмалидан минерал моддалар: кальций, фосфор, магний, калий, натрий, фтор, хлор ва ҳоказолар ювилиб кетади ва охир-оқибатда тишда кавак ҳосил бўлади.             

Агар оғиз гигиенасига риоя қилинмаса, бу кариес ва унинг асоратларига сабаб бўлади. Аксарият ҳатто тишни қай тарзда тўғри тозалаш ҳақида маълумотга эга эмас. Тишларни парвариш қилиш қоидаларини ҳам билмайди.

— Эътибор берсак, эрталаб ва кечқурун овқатдан кейин тишини тозалайдиган, кўкату сабзавотлар, умуман, тиш учун фойдали маҳсулотларни кўп истеъмол қиладиган кишиларнинг ҳам тишида ковак ёки бошқа касаллик пайдо бўлади. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

— Тиш кариеси умумий ва маҳаллий омилларга ҳам боғлиқ. Умумий омилларга экологик муҳитнинг ўзгариши, витамин ва минералларга бой бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотини ҳамда таркибида фтор миқдори кам бўлган ичимлик сувни истеъмол қилиш, йўлдош касалликлар, иммунитет пасайиши, ирсий хасталиклар туфайли тиш тўқимасининг тузилиши ва таркиби ўзгариши киради.

Маҳаллий омилларга эса гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, тиш пилакчаси (тиш устида бактериялар йиғилишидан ҳосил бўладиган рангсиз қобиқ), оғиз суюқлиги таркиби ҳамда хусусиятининг бузилиши киради. Шунингдек, ёпишқоқ ширин маҳсулотларнинг оғиз бўшлиғида қолиб кетиши, тиш тўқимасининг кариесга мойиллиги, тиш тўқимаси тузилишининг бузилиши, тишларнинг чиқиши ва ривожланиш пайтидаги ўзгариш ҳам шулар жумласидандир.

— Баъзан одам совуқ ичимлик ичганда тишлар зирқираб кетади. Нега? Бунинг олдини олиш учун нималар қилиш зарур?

— Бу гиперестезия дейилади. У тишни тозалаш пайтида чёткани нотўғри, яъни фақат олд-орқа (горизонтал) ҳолатда ҳаракатлантирганда келиб чиқиши мумкин. Ёки бўлмаса, жағ қисмига босим нотўғри тушса, цитрус маҳсулотларни, газланган ичимлик сувини кўп истеъмол қилса, тишлар буни бирдан сезади. Шу билан бирга, эндокрин касалликлар, жумладан, қалқонсимон без хасталиклари бўлса, шундай ҳолат кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай вазиятда стоматолог ва тор мутахассисликдаги шифокорга, албатта, мурожаат қилиш зарур.

— Сақич чайнаш тишга салбий таъсир кўрсатадими? 

— Сақич овқат истеъмол қилгандан сўнг, тиш тозалашнинг бир усулидир. Чайнаш юкланмаган жойга қўшимча ҳаракат, пастки жағ ривожланиши ва бўғимнинг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Милкларни массаж қилади. Бундан ташқари, милкда қон айланишини яхшилайди.

Салбий тарафи эса, пломба ва қопламаларнинг бузилишига, пастки чакка бўғим касалликларига, кариес ҳосил бўлишига (таркибида шакар миқдори кўп бўлса) олиб келади. Оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватида яра ёки тиш атрофидаги милкда яллиғланиш бўлса, тишларнинг тушиб қолишига, инсон юзининг нотабиий ўзгаришига (ассиметрия), ошқозон-ичак касалликларига, яллиғланиш ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.

— Тиш пастасини танлаганда нималарга эътибор бериш лозим? Пастани даврий равишда алмаштириб туриш керакми? 

— Таркиби ва таъсир хусусиятига қараб, даволовчи ва профилактик тиш пасталар бўлади. Масалан, кариеснинг олдини олувчи, яллиғланишга қарши, оқартирувчи, даволовчи, тузли ва сезгирлиги ошган тишлар учун ва ҳоказо. Кариес касаллигига қарши тиш пасталар таркибида кальций ва фтор бирикмаларини сақлайди. Улар профилактик мақсадда ишлатилади.

Яллиғланишга қарши тиш пасталари милк касалликларида ишлатилиб, даволовчи табиий ўтлардан ҳамда бактерияларга қарши синтетик дори воситалардан тайёрланган. Оқартирувчи тиш пасталари ўз таркибида абразив (механик ишлов учун мўлжалланган қаттиқ материал) моддалар, пероксид водороди («металл» таъмли рангсиз суюқлик) ёки карбамид (оқ кристалл шаклидаги кимёвий бирикма)ни сақлайди.

Сезувчанлиги ошган тишлар учун таркибида кальций, фтор, стронций (кимёвий элемент) элементи бор пасталар тўғри келади. Тиш пастаси оғиз бўшлиғининг индивидуал ҳолатини инобатга олган холда, қандай мақсадда ишлатилишига қараб танланиши керак.

— Тишни тўғри тозалаш усули ҳақида гапириб берсангиз…

— Тишларни тозалаш 3-5 дақиқани ташкил этиши керак. Уни супурувчи ҳаракатлар билан бошлаган маъқул. Олдин тишлар вестибуляр (лунж) ва танглай (тил) тарафдан супуриб тозаланади. Сўнг тишларнинг чайнайдиган юзаси горизонтал усулда тозаланади. Тишни тозалашни охирида айланма ҳаракатлар билан якунлаш керак. Тиш чёткасини эса ҳар ойда янгилаб туриш лозим.

 

Асилахон ТОЛИБЖОНОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Ош бўлмасин!..

Ош бўлмасин!..

🕔14:51, 09.10.2025 ✔154

Дошқозондаги ошдан қолган қоп-қора ёғни чўмичда пластик идишга қуяётган ошпазга «Буни нима қиласиз?» дея савол бердим. У «Шуниям билмайсанми?!» дегандай энса қотириб жавоб қайтарди:

Батафсил
Энди дорилар  электрон  рецепт  асосида тайинланади

Энди дорилар электрон рецепт асосида тайинланади

🕔16:02, 18.09.2025 ✔99

Ўтган ҳафтада ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ рецепт билан бериладиган дориларни электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби белгиланди.

Батафсил
Ҳар етти кишидан бири  озиқ-овқатга қарамликдан азият чекмоқда

Ҳар етти кишидан бири озиқ-овқатга қарамликдан азият чекмоқда

🕔15:53, 18.09.2025 ✔88

Замонавий ҳаёт ритми биздан тезкорликни талаб қилаётгани бор гап. Улар орасида энг оммабопи – тез тайёрланадиган егуликлар (фаст-фуд) ва қайта ишланган саноат маҳсулотлари эканлиги ҳам ҳақиқат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар