Фикрбазм      Бош саҳифа

Дуч келган одам ўзбек киносини топташига йўл қўймаслик керак

Таниқли кинорежиссёр, «Сотқин», «Барон» каби фильмлари билан сўнгги йиллардаги миллий киночилигимизда ўзига хос бурилиш ясаган истеъдодли ижодкор Рустам САЪДИЕВ билан фикрбазм

Дуч келган одам ўзбек киносини топташига йўл қўймаслик керак

Махсус савол

Нигора УМАРОВА, санъатшунос:

— Фильмларингизга ном танлашда кўпроқ нималарга эътибор қаратасиз? Чунки улар ўзгача номларга эга: «Муҳаббат синовлари», «Севгинатор», «Барон»...

Буларда реклама мақсади бирламчими ёки...

— Кинофильмга санъат асари ва саноат маҳсулоти тушунчалари ўрталиғида қарашга ўрганганман. Яъни, яхши фильм ҳам санъат ривожига хизмат қилиши, ҳам ўзига сарфланган маблағни оқлай олиши керак. Бизнесда ва санъатда оригинал ном — ярим муваффақият. 

«Севгинатор»? Бу номни танлашда ёшлар фикри, қизиқишларидан келиб чиққанмиз. Уларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида шунга келишганмиз. «Барон»га келсак, бу номни, айримлар ўйлагандай, лўлилар ҳаётидан олмаганман. Киноасар наркобарон ҳақида ҳам эмас, балки «Барон» тахаллуси остида иш олиб борган ўзбек контрразведкачиси фидойилиги хусусида.

Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ, журналист (Тошкент шаҳри):

— Сценарийлар бўш бўлса, режиссёр сифатида уларни тузатган (қайсидир лавҳаларни олиб ташлаган ё қўшган) ҳолатларингиз бўлганми? «Сотқин» фильмида куёвнинг «иштонини ҳўл қилиб» қўйиш лавҳаси этикага тўғри келармикан?

— Ҳеч қачон сценарийда қандай бўлса, шундайлигича суратга олмаганман. Чунки қоғоздаги гаплар жонли тилда айтилгач, нимадир сунъий эшитилади, яна бири ошиб кетган ё қиёмига етмай қолган бўлади.  Масалан, «Сотқин»да чўзилиб кетган айрим эпизодларни ихчам қилганмиз. Дейлик, фильмда экстремистларнинг ички ишлар ходимлари формасида тинч аҳоли уйларига кириб, Қодирали ва ўқитувчини олиб чиқиш саҳнасини олайлик. Бу сценарийда Ҳафизулло Омон тилидан айтиладиган «мелиса формаларини топинглар, уч-тўрт одамни олиб чиқиб отамиз», деган гап атрофига қурилганди. Муаллиф Рихсивой Муҳаммаджонов билан келишиб, бу лавҳани анча сирли ва ишонарлироқ тарзда қайта ишладик. Томошабин уларнинг разил қиёфасини сўзда эмас, ҳаракатлар орқали англаб олди. Ёки сценарийда Ғуломнинг арабча сўзларни ишлатадиган жойи йўқ эди. Бу гапларни Жавоҳир Зокиров билан қамоқхонада, экстремизм ботқоғига ботган, бироқ ҳали ҳам ёвуз ғояларидан қайтмаган кимсалар билан бўлган узоқ суҳбатлар-баҳслар орасида «топиб олганмиз».

Куёвнинг «иштонини ҳўл қилиб» қўйиш лавҳасига келсак, бу эпизод Ғулом кабиларнинг нақадар аблаҳ-мунофиқлиги, ҳеч нарсадан тап тортмаслигини кўрсатиш учун киритилган. Фильм реал воқеалар асосига қурилган. Ваҳоланки, Ғуломга ўхшаган экстремистлар бундан беш баттар қабиҳликларни содир этган-ку! Биз ҳали ҳам уларни анча «юмшатиб» тасвирладик.

Самандар ЭШҚУВВАТОВ, ўқитувчи (Ангрен шаҳри):

— Замон қаҳрамонини яратиш ҳақида кўпчилик гапиради. Лекин бу ҳақда аниқ тасаввурнинг ўзи йўқдек, назаримда. Сизнингча, бу қандай образ бўлиши керак?

— Эсласангиз, «Барон»да махсус хизмат ходими (Ж.Зокиров) жаҳон чемпиони (У.Қодиров)га шундай дейди: «Агар ўзинг ҳақингда яхши гап эшитгинг келса, ўлиб кўр, дейишган. Менинг айбим — олдингда тирик турганимми?.. Қанча йигитларимиз тўқнашувларда жон берган. Уларнинг бирортасини дунё танимайди сенга ўхшаб. Улар нафси учун эмас, бурчини ўтаб жон беришган».

Ҳа, биз, одатда, ўз қаҳрамонларимизни ўз вақтида англаб етолмаймиз. Кечикиб англаймиз, йиғлаймиз. Албатта, идеал масаласи баҳсли. Лекин, назаримда, замон қаҳрамони ҳаётдан олинса, одамлар қалбига сингади. Ички зиддиятларсиз, сип-силлиқ, ўйлаб топилган қаҳрамонлар томошабинларнинг фақат энсасини қотиради, жаҳлини ҳам чиқариши мумкин.

Самандар ДАРХОНОВ, юрист (Жиззах вилояти):

— Эшитишимча, «Кинематография тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилаётган экан. Сиздан таклифлар сўрашса, қонун лойиҳасига қандай қоидаларни таклиф қилган бўлардингиз?

— Бу ҳақда сўрашди, таклифларимни айтдим. Масалан, кинофильмларнинг профессионаллик даражасини белгилаб берадиган мезонлар ишлаб чиқилиши керак. Агар биринчи категорияга жавоб берадиган фильмларга иқтисодий-маънавий рағбатлантиришлар берилса, учинчи категорияда кино олаётган режиссёрлар ҳам шунга интилади. Бугун эса бизда бу борада на ҳужжат, на назария бор. Кино мутахассислари ўзидан келиб чиқиб, фильмларга баҳо бераверади.

Энг асосийси, дуч келган одамнинг кинофильм олишига, ўзбек киносини топташига йўл қўймаслик керак. Мана, кўчадан келган ҳар қандай одам тўғри шифохонага кириб, беморни  операция қилиб кетмайди-ку! Агар шифокорлар одам танасини даволаса, санъаткорлар инсон руҳиятини муолажа қилади. Шундай экан, ўзбек киноси мактабини ривожлантириш, катта режиссёрларимиз устахоналарини ташкил этиш керак.

Абдукарим СОҲИБОВ, пенсионер (Наманган вилояти):

— Яхши кинолар оляпсиз, хурсанд бўлиб, дуо қиляпмиз. Сўрамоқчи бўлганим — асл ўзбекча кинони қандай тасаввур қиласиз?

— Аввало, миллий характерни тушунаман. Бу дўппини қия қилиб, нуқул чойхонада ош дамлайдиган кимса эмас, олам ва одам ҳақида ўзбекча фикрлайдиган инсон ҳақидаги кинодир.

Ойбек УМАРЧАЕВ, алоқа ходими (Марғилон шаҳри):

—  Бугун кинода ўйнамаган хонандаларимиз қолмади ҳисоб. Яқинда эшитдим — бир актёр тўйларга чиқиб ашула айтишни бошлапти. Ҳамма ўз ишини қилса бўлмайдими, деб ўйлаб қоламан...

— Эпласа, қандини урсин. Лекин уддалай олмаса, йиғиштириш керак. Сиз назарда тутган ўша «тўйларга чиқиб ашула айтишни бошлаган актёр»нинг қўшиғини эшитиб кўрдим. Масалан, менга ёқди.

Абдужаббор   МАМАЖОНОВ, иқтисодчи (Қўқон шаҳри):

— Эшитишимча, дуппа-дуруст ёзувчилар ҳам яхшигина гонорарга енгил-елпи сценарий ёзиб берар эмиш. Бу эҳтиёжми, нотавонликми ё мунофиқлик? Сир бўлмаса, битта кино ишлаб қанча топасиз?

— Айнан кимларни назарда тутяпсиз? Буни билмай, жавоб айтиш — ғийбатга ўхшаб қолади-да. Шахсан мен бирорта таниқли ёзувчининг енгил-елпи сценарий ёзиб берганини эшитганим ё кўзим билан кўрганим йўқ. Чунки катта кинодраматурглар бу йўлни танлашмайди.

Бизда ҳали кинофильм саноати замон даражасида тараққий этгани йўқ. Шунинг учун бугун кино ишлаб бойишни ўйлаш —  кулгили. Албатта, насибага яраша ризқ топамиз.

Жаҳонгир ЙЎЛЛИЕВ, филолог (Қибрай тумани):

—  «Сотқин», «Барон» фильмларингиз «пират» дискларга чиқиб кетганидан жуда қаттиқ  ранжиганингизни биламиз. Хўш, шу ишларни қилганларга бирор чора кўрилдими?

— Жазолаш билан бу муаммони ечиб бўлмайди. Чунки бу борадаги ҳуқуқий ва маънавий механизмлар кутилганидек ишламаяпти, балки эскиргандир ҳам. Масалан, муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида қонун ва қонуности ҳужжатлари бор, бироқ унинг ижроси-чи? Нега бозорларимизда «пират» дисклар савдоси гуллаб-яшнаяпти? Бунга одамларнинг маънавиятидаги бўшлиқлар ҳам сабабчи. Ўзини ҳурмат қилган инсон бировларнинг ҳалол меҳнати бўлган кинофильмларнинг ўғирланган вариантини кўришдан ўзини тияди. Ўйлашимча, бу маънавий хасталикларни тузатиш учун ҳали анча ишлар қилиниши керак.

Мен ҳар нимадан яхшилик излайдиган одамман. Модомики, фильмларим шундай тарқалибдими, демак, уларга талаб кучли бўлган. Ахир ўзи дискларга ёзиб текин тарқатса ҳам биров олмайдиган-кўрмайдиган кинолар камми?!

Байрам ЧИНПЎЛАТОВ, санъатшунос (Чимбой тумани):

— Яқинда Баҳодир Йўлдошевнинг бир кўрсатувдаги «ҳар гал янги спектакль қўйишдан олдин худди ҳеч нарсани билмайдигандек аҳволга тушаман», деган сўзларини тинглаб, ижодий улғайиш нималигини ҳис қилгандай бўлдим. Сизда ҳам бу жараён кечадими? Санъаткорнинг ижодий улғайганини  баҳолаш мезонлари қандай, сизнингча?

— Яқинда устозим Шуҳрат Аббосов бир гапни айтди: «Ҳали мен билмаган қанча нарса бор экан-а?!» Ваҳоланки, устоз 85 ёшга чиқдилар. Айтмоқчиманки, санъат ҳар доим, узлуксиз изланишни талаб қилади. Мен ҳамиша фильмдан фильмга мураккабликларни елкага олишга одатланганман. Чунки замон ўзгаряпти, авлодлар, қадриятлар ўзгаряпти. Кечаги фикр бугунга тўғри келмай қоляпти. Шунинг учун ҳар бир қаҳрамонимга аниқ прототип топиб, уни синчиклаб кузатаман: соч турмагидан тилигача ўрганаман. Сўнг образ шаклланади.

Санъаткорнинг ижодий улғайиши асарларидаги янги фикр, янги услуб, янгича қарашларда намоён бўлади. Агар замондан бир қадам орқада қолган фикр-дунёқараш билан фильм олсангиз, томошабинни ҳайратлантириш тугул, ҳайрон қолдириб ҳам бўлмайди.

Зилола ЙЎЛДОШЕВА, коллеж битирувчиси (Хатирчи тумани):

— Ҳаётда топганларингизни озми-кўп биламиз, ютқазганларингиз-чи?

— Конфуцийнинг бир ҳикматини яхши кўраман: «Ҳаётда қандай одам учрамасин, дўстми-душманми, у сенга устоздир». Ҳаётдаги ютқизиқлар, йўқотишларни ҳам доим яхшиликка йўяман.

Илҳом БОЛТАЕВ, дизайнер (Қўшработ тумани):

— «Барон» фильмида наркобарон образига салобатли бирор актёрни жалб қилсангиз бўлмасмиди? Ахир бу образ миллионлаб доллар пулни ўйнатадиган одам, бироқ экранда унинг нигоҳларида ўта бечораҳоллик, тушкунлик акс этган.

— Бу укамиз кўпроқ Лотин Америкаси ё Европа фильмлари таъсирида шунақа деяпти, шекилли. Биласизми, «Барон»ни тасвирга олишдан олдин шу соҳани чуқур биладиган мутахассислардан консультатив гуруҳ тузгандик. Уларнинг ташаббуси билан қамоқхонада, айнан наркотик моддалар савдоси туфайли жиноий жазони ўтаётган собиқ наркобаронлар билан учрашдим, суҳбатлашдим. Шу тасаввурлар, характерларни ўрганишдан олган якуний хулосалар асосида наркобарон образи шаклланди ва бунга Исоқ Тўраев мос келди.

Шодия ЧОРИЕВА, уй бекаси (Тошкент шаҳри):

— Буюк Раж Капур «Аслида, санъаткорнинг оиласи бўлмайди, деган гапларда жон бор. Чунки ижод учун юрагингизни беришингиз керак. Қалб ҳарорати эса оила учун ҳам ниҳоятда зарур», деган эди. Бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз? Оилада отанинг ўрни, сизнингча, қандай бўлиши керак?

— Санъаткорнинг оиласи бўлмайди, деган гапни ижодкор ҳамиша ёлғиз бўлади, деб тушуниш керак. Чунки фильм устида иш бошларкансиз, ўзингиз билмаган ҳолда қаҳрамонлар билан бирга яшай бошлайсиз.

Оилада ота ҳамиша лидер бўлиши керак, деб ўйлайман. Бу борада режиссёрларга жуда қийин. Боз устига, уларнинг рафиқаси рашкчи бўлса, азоб. Шукрки, аёлим архитектор бўлса ҳам санъатни яхши тушунади. Бир ўғлим иқтисодчиликка ўқияпти, яна бири санъат йўлидан кетмоқчи, қизим эса психолог бўлишга қизиқади. Уларга доим эътиборли бўлишга ҳаракат қиламан.

Қарчиғай ХОЛДОРОВ, тадбиркор (Бойсун тумани):

— Киноларингизда хориж режиссёрларидан таъсирланган ҳолатлар бор. Айниқса, «Чўқинтирган ота» фильмидан. Масалан, «Сотқин»да Ғуломнинг ўз куёвини ўлдириши...

— Таъсирланиш айб эмас, сабоқ. Агар бу кўр-кўрона кўчириш, ўғирликка айланса, албатта, ёмон, ҳатто айб. Ғуломнинг ўз куёвини ўлдириш саҳнаси плагиатлик эмас, назаримда. Чунки мен услубларни ўрганаман, лекин ҳеч қачон айнан кўчирган эмасман. Копполанинг «Дон Корлеоне» образига келсак, ҳар бир халқ кинофильмларида бундай қаҳрамонлар бор.

Иброҳим АДҲАМОВ, қурувчи (Ғазалкент тумани):

— «Барон»да калитларни нега фильм ўртасида ошкор қилди­нгиз (контрразведкачининг оиласи билан чегарада кўришиши)?

— Кино назариясида «оралиқдаги елвизак» тушунчаси бор. «Барон»да Иззатнинг чегарада оиласи билан кўришиши худди шундай — калит эмас, савол. Чунки премьера куни ҳам аксарият томошабин буни пайқамади: уларда «Нега булар учрашиб қолди? Ё олдин ажрашиб кетишганми ёки танишми?» каби саволлар пайдо бўлди.

Асли мақсадимиз ҳам шу — калитни якунга сақлаш эди. Чунки Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудовни «Барон»га чақирганимда, унинг айнан қайси образни ўйнашини барчадан сир тутганмиз. Агар сиз булардан бехабар тарзда фильм ўртасидаёқ ­Иззатнинг аслида контрразведкачи эканини топа олган бўлсангиз, қойилман.

Сайфулла ЭШБОБОЕВ, муаллим (Зангиота тумани):

— Фильмларингизга Ғассон Маъсуд, Андрей Смоляков, Виктор Вержбицкий, Павел Прилучний, Фарҳод Маҳмудов каби таниқли хорижлик актёрларни жалб қила олдингиз. Уларнинг ўзбек актёрларидан қандай устун ва камчилик жиҳатларини англадингиз?

— Сиз айтган таниқли хориж актёрлари билан ишлаш анча қулай: ҳақиқий профессионал, катта кино ҳавосини олган, жуда саводли. Ўзбек актёрлари асосан иқтидори, ижодий маҳорати эвазига ютиб кетади, лекин, афсуски, кам китоб ўқишади. Биласизми, буюк актёрлар қанча машҳур бўлса, шунча камтар бўлар экан. Ғассон Маъсуд — бугун араб кино оламининг қирол санъаткорларидан, бироқ унинг камтарлиги қаршисида лол қолдим.

Уларни фильмга жалб қилишдан икки мақсадимиз бор эди: ўзбек киноси географиясини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон гиёҳвандликка қарши курашда мустаҳкам сиёсий ирода кўрсатаётганини дунёга намойиш этиш.

Искандар КАЛОНОВ, деҳқон (Зарбдор тумани):

— Бир мени эмас, кўпчиликни бугун бир савол қизиқтиряпти: «Барон»нинг давоми бўладими?

— «Барон»нинг давоми бўлади. Ҳозирча фильм ғояси, сценарийси шаклланяпти. Қайноқ янгилик — Фарҳод Маҳмудов билан тасвирга олиш муддатларини ҳам келишиб олдик. 

Илёсиддин КОМИЛОВ, коллеж ўқувчиси (Ургут тумани):

— Ўз мамлакатининг тарихи, эпосларини олиб чиққан, «Троя», «Шерюрак» каби жаҳон киносаноати дурдонасига айланган фильмлар бизда қачон чиқади? Масалан, Амир Темур ёки Алпомиш ҳақида?

— Бу ҳамма ўзбек режиссёри қатори менинг ҳам орзум. Лекин бунга қўл уриш учун кенг-чуқур тарихий билим ва маълумотлар, кучли актёрлар ансамбли, анча вақт ва жуда катта маблағ керак. Қачондир шу даражага ҳам етиб олармиз. Бундай фильмлар ҳар қандай ўзбек киноижодкори фаолиятининг чўққиси бўлади.

Умид ЁҚУБОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Мактаб  яратган ҳофиз

Мактаб яратган ҳофиз

🕔15:48, 21.01.2022 ✔507

Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

Батафсил
ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

🕔15:06, 16.02.2018 ✔11105

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Батафсил
«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

🕔16:00, 12.10.2017 ✔11502

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мактаб  яратган ҳофиз

    Мактаб яратган ҳофиз

    Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

    ✔ 507    🕔 15:48, 21.01.2022
  • ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

    ✔ 11105    🕔 15:06, 16.02.2018
  • «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

    ✔ 11502    🕔 16:00, 12.10.2017
  • «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

     

    ✔ 11753    🕔 11:32, 15.06.2017
  • «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

    ✔ 11571    🕔 10:17, 13.04.2017
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар