Саломатлик      Бош саҳифа

Нафас қисиши анемиядан...ми?

— Тез-тез нафасим қисилиб, ҳаво етмаётгандек туюлади. Аввалига спорт билан шуғулланганим учун шундан бўлса керак, деб ўйладим ва шуғулланмай қўйдим. Аммо бу ҳол яна такрорланди. Тез-тез нафас қисишига нима сабаб бўлиши мумкин? Унинг олдини олиш чоралари қандай?

​​​​​​​Назира ҚЎШБОЕВА,

Сирдарё вилояти

Нафас қисиши анемиядан...ми?

— Нафас қисишини келтириб чиқарувчи бир қанча омиллар мавжуд, —  дейди олий тоифали шифокор Нигора РЎЗМЕТОВА. — Масалан, физиологик (табиий) нафас қисиши зинапоядан тез тушиб-чиққанда ёки югурганда юзага келади. Мушакларнинг қисқариб-бўшаши қондаги кислородга бўлган талабни бир неча маротабагача ошириб юборади. Бош мия эса кислород етишмовчилигини рефлектор йўл билан тез нафас олиш орқали қоплашга ҳаракат қилади.

Физиологик нафас қисиши йигирма дақиқадан сўнг ўтиб кетса, ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Аммо узоқ вақт давом этса, демак, тананинг жисмоний ҳолати яхши эмас.

Мунтазам равишда очиқ ҳавода жисмоний машқлар қилиш нафас ритми ва юрак уришини меъёрлаштириб, нафас олиш ҳамда юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди. Ҳар куни камида ярим соатдан тез-тез қадам ташлаб пиёда сайр қилиш ёки зинапоядан 3-4 марта тушиб-чиқиш ҳам фойда беради.

Сизнинг ҳолатингизда нафас қисишининг яна бир сабаби камқонлик (анемия) бўлиши ҳам мумкин. Сабаби, темир ионлари қоннинг кислород билан тўйиниши, тўқималар орқали нафас олишини таъминлаб, қон яратилишида муҳим роль ўйнайди. Улар етишмаганда танада гипоксия (тўқималарда кислород етишмаслиги) ривожланади. Бунга жавобан ўпкамиз билан зўриқиб нафас олиш юзага келади. Анемияда овқатланишни тўғри йўлга қўйиш керак.

Яна бир сабаби ортиқча вазндир. Кишида ортиқча вазн тўпланса, қалин ёғ қавати ўпка ва юракни ҳамма томондан ўраб олиб, меъёрий нафас олишга халақит беради. Бундан ташқари, ортиқча вазн ҳолатида юрак ҳам зўриқиш билан ишлайди. Натижада керак бўлган муҳим аъзоларга меъёридан камроқ кислород етиб боради.

Ортиқча ёғ тўқимасидан халос бўлишда парҳез ва жисмоний ҳаракатлар ёрдам беради. Жисмоний машқларни оддийдан мураккабга қараб секин-аста кўпайтириб бориш лозим. Акс ҳолда машқ пайтида одам ҳушини йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас.

— Нафас қисиши баъзан руҳий кечинмаларни жиловлай олмаганда ҳам содир бўлиши мумкин, — дейди кардиолог Муниса ­ҚОСИМОВА. — Ўта ҳаяжонланиш, ваҳима босиши, қаттиқ жаҳл ва қўрқув адреналин гормони ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Адреналин қонга тушгач, ўпкада меъёрдагидан кўпроқ ҳаво айланади, оқибатда нафас қисилиши рўй беради.

Ҳиссий зўриқиш туфайли юзага келган нафас қисишининг саломатлик учун деярли зарари йўқ. Лекин ваҳима хуружлари (вегетатив криз) кузатилганда, бемор мутахассис шифокорга кўриниши зарур. Бу вақтда киши ўз-ўзидан ваҳима ва қўрқувга берилади, бу ҳолат эса бирор касаллик, масалан, вегетатив-қон томир дистониясининг белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Кўпинча артериялар спазмда ҳам нафас қисиши мумкин. Юракнинг ишемик касаллиги туфайли нафас қисиши кутилмаганда пайдо бўлади, беморга ҳаво етишмаётгандек туюлади, кўкрак қафасининг чап қисмида оғриқ туради.

Юрак етишмовчилиги туфайли нафас қисиши паст ёстиқда ётганда бошланиб, бош ва танани бироз кўтарганда ўтиб кетади.

Кутилмаганда кучайиб борувчи нафас қисиши рўй берса, дарҳол тез тиббий ёрдамни чақириш зарур. Бу ҳол организмдаги аъзолар ишининг жиддий бузилишидан дарак бериши мумкин. Электрокардиография ўтказилиб, ташхис қўйилгач, кардиолог-шифокор даволаш тартибини белгилайди.

 

Озода ВАЛИЕВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Доривор ва ёввойи ўсимликлардан қонуний фойдаланиш ҳуқуқини E-auksion орқали қўлга киритинг

Доривор ва ёввойи ўсимликлардан қонуний фойдаланиш ҳуқуқини E-auksion орқали қўлга киритинг

🕔14:26, 22.10.2026 ✔23

Ҳурматли тадбиркорлар, экспортёрлар ва қайта ишловчи корхоналар! Энди юртимизнинг табиий бойликларидан қонуний фойдаланиш, доривор ва техник ўсимликлар хомашёсини йиғиш ҳамда қайта ишлаш бизнесини ривожлантириш учун янги имконият мавжуд!

Батафсил
Соғлом  овқатланиш мия қаришини секинлаштириши мумкин

Соғлом овқатланиш мия қаришини секинлаштириши мумкин

🕔13:13, 15.10.2026 ✔93

Янги тадқиқотлар MIND диетасига кўпроқ амал қилган одамларда мия ҳажмининг қисқариши секинроқ кечганини аниқлади. Бу ҳақда Science тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Батафсил
Асалари  ва инсоният

Асалари ва инсоният

🕔10:55, 18.09.2026 ✔185

Асалари – фақат асал берувчи ҳашарот эмас. У гулли ўсимлик­ларнинг кўпайиши, мева ва уруғ ҳосил қилиши, генетик хилма-­хилликнинг сақланишини таъминлайдиган асосий экологик бўғинлардан биридир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар