Билимнинг серқирра олмоси сизники бўлиши учун ҳаракатни бошладингизми?
Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларим эди. Дадам уйга қўлида китоб билан кириб келди. Муҳаммад Юсуфнинг «Улуғимсан, Ватаним» шеърлар тўплами экан. Фақат мактаб дарсликларини варақлаб юрган бола учун у катта ва залворли асардек туюлди. Дадам кўзларимдаги иштиёқ ўтини кўрди-да, агар шу китобни тўлиқ ўқиб чиқсам, футбол тўпи олиб беришни ваъда қилди. Мен ҳам дарровгина рози бўлдим. Ҳамма нарсани бир четга суриб, берилиб китоб ўқий бошладим. Бир-бирига қуйилиб келаётган қофия, маъно мени ўзига ром эта бошлади. Қаноат қилмай, шеърларни икки-уч қайта ўқиганимдан, айримлари ҳатто ёд бўлиб кетди. Футбол тўпини ҳам унутиб, дадамдан унинг ўрнига китоб олиб беришини сўрадим.
Ҳа, ҳар бир инсоннинг қалбида китобга меҳр-муҳаббат бор. Фақат уни уйғота олиш, юзага чиқариш керак. Бу иш қанча эрта амалга оширилса, натижаси шунча тез кўзга ташланади. Шу мақсад йўлида бугун юртимизда ёшларнинг китобхонлик иштиёқини қўллаб-қувватлаш учун «Ёш китобхон» танлови ўтказиб келинмоқда. Бугун бирор ютуқ ва ғалабани кўзлаб қўлига китоб олган ўқувчи, эртага ўзининг маънавий эҳтиёжи учун китоб ўқий бошлаши аниқ.
— «Ёш китобхон» танловида ўтган йили 250 мингдан зиёд ёш қамраб олинган бўлса, бу йил уларнинг сони 720 мингдан ошди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши бош мутахассиси Қандил БОБОҚУЛОВ. — Беш мингдан ортиқ билимли ёшлар 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш тоифасида саралаш жараёнидан тест усулида танлаб олинди. Китоблар рўйхати иштирокчиларга маҳаллий босқич бошланишидан бир ой олдин тақдим этилди. Шунингдек, www.yoshkitobxon.yi.uz сайтида мазкур китоблар рўйхати ва уларнинг электрон нусхалари жойлаштирилди. Танловнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, иштирокчи китобни юзаки ўқиши эмас, балки маъно-моҳиятини тушуниб ўқиган бўлиши лозим. Буни аниқлаш учун асарни шарҳлашда аниқ мисол ва далиллар келтириши, адабий тил қоидаларига риоя қилиши, шунингдек, асарни бугунги давр муаммолари билан боғлашга эътибор қилиши алоҳида инобатга олинди.
Ҳозир маҳаллий босқичлардан ҳар бир туман (шаҳар)дан уч нафардан ёш (ҳар бир ёш тоифасидан бир нафардан) ҳудудий босқичга йўл олишди. Ҳудудий босқичларини телевизион шаклда сентябрь-октябрь ойларида ўтказиш режалаштирилган.
Танловда тавсия этилган адабиётлар рўйхатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ, шунингдек, экспертлар комиссияси томонидан буюк мутафаккирларимизнинг нодир мероси, жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари қамраб олинган. Уларни шакллантиришда ёш тоифасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 10-14 ёш тоифасида 40, 15-19 ёш тоифасида 50, 20-30 ёш тоифасида 60 номдаги адабиётлар рўйхати шакллантирилди. Рўйхатда ўзбек халқ достонларига ҳам алоҳида ўрин берилган.
— Ўтган йили танловда иштирок этаётган тенгдошларимни катта қизиқиш билан кузатиб, менда ҳам иштирок этиш нияти пайдо бўлди, — дейди 10-14 ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритган қаршилик Исмигул САМАДОВА. — Айниқса, бу йил танлов уч ёш тоифасида ташкил этилиши ҳам биз учун катта имконият бўлди. Вилоят ва Республика босқичида ҳам юқори натижаларни қўлга киритиш ниятидаман.
Бу каби энди қўлига китоб олаётган ёки бор меҳрини ўқишга бераётган ёшларни кўриб, болалигимдаги ўша воқеа яна хотирамда жонланди. Вақти келиб улар ҳам китобга бўлган меҳрни ич-ичидан ҳис қилишлари аниқ. Билим олишнинг сирли эшиклари очилиши билан кўзни қамаштирувчи дуру жавоҳирлар ҳар кимни ҳам ўзига маҳлиё этиши, шубҳасиз. Ўқишга, ўрганишга интилаётган ёшларимиз келажакда қандай соҳани эгаллашидан қатъи назар, дунёқараши кенг, мушоҳадали инсон бўлишида бадиий асарлар алоҳида ўрин тутади. Бугун бошланган хайрли ишлар самараси эса тез орада ўзининг ижобий натижаларини кўрсатишига умид қилиб қоламиз.
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил