Иқлим      Бош саҳифа

Жуннати — бир қоп тош жун

Қўй-қўзи, эчки-улоқлар ҳам тошга айланган.

Жуннати — бир қоп тош жун

«Хатирчи-Зарафшон» катта трассасидан ўнгга бурилиб, баланд-баланд теракзорлар билан ўралган уч-тўрт қишлоқдан ўтилгач, Кўксарой ҳудудига қарашли ерлар бошланади. Бу гўшанинг юқори қисмидаги тоғда Жуннати, деган жой бор. Оқтовнинг ғарбий адоғидаги Жуннати чўққиси, халқ орасидаги ривоятларга қараганда, Хизр бобонинг дуоси билан пайдо бўлган, дейишади. Агар синчиклаб қаралса, чиндан ҳам, қаққайган Жуннати чўққиси тўлдирилган қоп шаклини эслатади. Мазкур чўққи пойидаги катта-кичик тошлар эса, қўй-қўзилар шаклида эканини кўриб, табиатнинг беқиёс мўъжизасига тан берасиз. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳақиқатдан ҳам, бу чўққи жун билан тўлдирилган қоп эмиш! Эл орасида оғиздан-оғизга ўтиб юрувчи шундай ривоятлар бор.

 ...Қадимда Оқтов этагида чор-атрофга фавқулодда хасислиги билан танилган бир бой ўтган экан. Унинг сон-саноқсиз қўй-қўзиси, эчки-улоғи, туя-йилқилари бўла туриб, уйига ямоқли шолча тўшалган экан. Хасис бой ҳузурига ёрдам сўраб келганлар ҳам қуруқдан-қуруқ қайтиб кетаркан.

Бой эса, хизматкорларига: «Барча қўй-қўзиларимнинг жунини қирқиб, баланд тоғ кўтартираман!», дея мақтанишини қўймас экан. Хуллас, нияти ижобат бўлиб, тоғдай баланд жун уюми кўтарибди. Бундан бой роса севинибди.

Кўп ўтмай, қишлоғу овулларни кезиб, ризқ-насибасини териб юрган бир қаландар бойнинг эшигини тақиллатибди. Дарвозани очган бой ундан жеркиганнамо:

— Эй, банда, сенга нима керак? — дея сўрабди.

— Бойни кўрмоқчи эдим, — дебди мулойимлик билан қаландар.

— Ўша бой менман. Менда нима ишинг бор, эй, қаландар? — дебди бой.

— Эй, саховатли, олиҳиммат бой. Қиш-қаҳратон кунларга яқин қолди. Марҳаматингни дариғ тутмай, менга бир чакмонлик жун берсанг, деб келгандим.

— Жун? Бир тутам ҳам беролмайман, ўзимга керак, — дебди афтини буриштириб бой. Сўнг қаландарни ҳақоратлаб, ҳайдаб солибди. «Бундай қилиш яхши эмас, бой ота», деганларга ҳам қулоқ осмабди. Хафа бўлган қаландар атрофдагиларга қарата «Бу бойнинг бағри ҳам, ўзи ҳам тош экан», дебди. Шунда мўъжиза юз бериб, баланд жун хирмони тошга айланибди. Кетидан қўй-қўзилари ҳам бирин-кетин тошга айланиб қолибди.

Кейинчалик эл орасида «Қаландар либосидаги ўша одам аслида Хизр бобо бўлган», деган гап тарқалган. Хатирчиликлар ҳали-ҳануз Жуннати ҳақидаги ўша ривоятни эслаб туришади.

Дарвоқе, бу гўша хорижлик сайёҳларни ҳам қизиқтириб қўйган.

 

Улуғбек ЖУМАЕВ




Ўхшаш мақолалар

Геоэкологик барқарорлик:  Сув, тупроқ ва ер ости бойликларини  асраш  масъулияти

Геоэкологик барқарорлик: Сув, тупроқ ва ер ости бойликларини асраш масъулияти

🕔14:30, 22.10.2026 ✔12

Бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ва тупроқни муҳофаза қилиш, ер ости сувлари ҳолатини кузатиш ҳамда геоэкологик мувозанатни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Батафсил
Иссиқхоналар «яшил» технологиялар асосида  экологик  хавфсиз  фаолият юритади

Иссиқхоналар «яшил» технологиялар асосида экологик хавфсиз фаолият юритади

🕔13:24, 15.10.2026 ✔92

Ўтган йилларда куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши кузатилди.

Батафсил
Термизнинг чанг бўронлари ва  ҳаво  ифлосланишига  чидамлилиги оширилади

Термизнинг чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланишига чидамлилиги оширилади

🕔13:15, 24.09.2026 ✔135

«Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига нисбатан жамоалар ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини табиатга асосланган ечимлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар