Болалар саломатлиги – келажакка энг зўр сармоя
Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси
БатафсилСемизлик кўплаб касалликларнинг доясидир. Шу боис ортиқча вазн бугун дунё миқёсида глобал муаммолар сирасига киритилган.
Нега семирамиз?
Бунинг омиллари кўп. Бу аввало, ирсият билан боғлиқ. Ота-онасидан шундай ген ўтган авлодда бу қонуният ўз кучини кўрсатаверади. Кейинги омил — нотўғри овқатланиш. Калорияси юқори озиқ-овқат истеъмол қилгандан сўнг унинг ҳазми масаласига ҳам эътибор қаратиш керак. Лекин аксарият ҳолларда бунинг аксини қиламиз. Масалан, кўпчилик оилаларда кечки овқатга палов, қовурдоқ, хамирли таомлар тайёрланади. Уни истеъмол қилгандан сўнг ёнбошлаб телевизор кўриб, кейин ухлашга ётамиз. Ошқозонга тушиб, ҳаракатсизликдан бижғий бошлаган овқат эса танага куч-қувват бермайди, аксинча, ҳужайраларга кислород ташиб дармон бўлиш ўрнига, уларнинг «қотили»га айланади.
Камҳаракатлик вазн ошишига сабаб бўлади. Соғлом танада ҳамма нарса мувозанатда бўлиши лозим. Озиқа миқдори билан организмнинг қувват сарфи бир-бирига тўғри келганда, ортиқча вазн муаммоси ҳам ўз-ўзидан йўқолади. Организмда ёғ қатлами тўпланиши сезилмасдан кечади. Ҳамиша ортиқча ёғнинг тўпланиши ва семиришнинг олдини олишга ҳаракат қилиш лозим.
Касалликлар онаси
Семизлик одамда бошқа хасталикларга чалиниш хавфини оширади. Бу рўйхатнинг бошида хафақон, яъни гипертония туради. Гипертониянинг ўзиёқ инсонни ҳам жисмонан, ҳам руҳан чеклаб қўяди. Навбатдагилари қандли диабет, юрак, жигар, ўт пуфаги, буйрак, умуртқа поғонаси, бўғим хасталиклари, бепуштлик ва бошқалар.
Ортиқча ёғ ҳар бир аъзо фаолиятини чеклайди ва уларни зўриқтиради. Деворларини ёғ босган юрак кўп ишлашга мажбур бўлади ва шу туфайли кенгаяди. Вазннинг одатдагидан ортиб кетиши тана устуни — умуртқа ва бизни кўтариб турувчи бўғимларни зўриқтириб, туз йиғилиши, яллиғланиш каби хасталикларни ривожлантиради.
Нафсингизни тийинг!
Семиришга мойил кишилар оқ нон, хамирли, қовурилган овқатлар, ширинлик ва пишириқлардан тийилиши, кўпроқ мева ва сабзавотлар, сут-қатиқ, сузма, творог, кўкат истеъмол қилишга ўтиши керак. Тана вазнининг ортиб кетмаслиги учун фойдали формула: қанча овқат есангиз, шунча ҳаракат қилиб, куч сарфлашга интилинг.
Маслаҳатлашинг!
Семизликнинг шифоси — парҳез қилиш. Унинг энг самаралиси шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилганидир. Ўзбошимчалик билан парҳез турини танламанг. Йўқса, бу фойда ўрнига акс таъсир кўрсатиши, натижада иштаҳанинг батамом йўқолиши, тўқима ҳамда аъзоларда модда алмашинувининг бузилиши ва авитаминоз, иммунитет сусайиши пайдо бўлиши мумкин.
Семизликка қарши парҳез бир маромда олиб борилгани дуруст, унинг кескин турларини танлаш ярамайди. Шунингдек, овқатдан батамом тийилиш ҳам хавфли. Оз-оздан, калория кўрсаткичларига амал қилган ҳолда овқатланиш мақсадга мувофиқ. Тўғри, бунда натижа бирданига қўлга киритилмайди. Ана шундай пайтда парҳезни ташлаб қўл силтаб қўймаслик лозим. Ёдда тутинг: қатъий парҳез яна кўп овқат ейишга ўтишга ҳам олиб келади.
Парҳез ва спорт
Озишга киришган айрим кишилар эътиборини қандай ва нима тановул қилишга қаратмай, спорт ва жисмоний машқларга зўр беради. Бу ҳам яхши усул. Аммо озиш учун югуриш ва спорт билан фаол шуғулланиш кутилаётган натижа учун камлик қилади. Чунки машқ пайтида тана тўпланган териости ёғини эмас, балки вужуддаги углеводлар захирасини сарфлайди.
Яна айрим тоифадагилар парҳез бошлаши билан барча жисмоний иш ва машқларни тўхтатиб қўяди. Натижада организмга тушган овқат оз миқдорда бўлса ҳам яхши ҳазм бўлмай, тери остида ёғ тўпланишига сабаб бўлади ва одам яна семира бошлайди.
Мухтасар айтганда, семизлик тана учун ҳамиша ортиқча юк. Бу муаммодан қутулишнинг ягона чораси эрта ё индиндан эмас, бугунданоқ унга қарши курашишдир.
Ирода СОДИҚОВА,
эндокринолог
Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси
БатафсилАҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш депутатларнинг доимий назоратида турган масалалардан.
БатафсилОлимлар «фаст-фуд» ва ширин газли ичимликлар нафақат семиришга, балки когнитив назоратни йўқотилишига сабаб бўлишини исботлашди.
Батафсил