Хасталик сабаблари турлича, даволашни бошлашдан олдин эса…
Бола парвариши билан машғул бўлган оналарнинг кўпини фарзандидаги вазн етишмаслиги ташвишга солади. Оилавий поликлиникада кўрикдан ўтаётиб, бир онанинг фарзандидаги озғинликни қандай бартараф этишни билмай хуноб бўлаётганини эшитиб ўйланиб қолдим. Ортиқча вазнни қандай йўқотиш ҳақида кўп гапирганмиз. Бироқ вазн етишмаслигининг қандай олдини олса бўлади?
— Вазн етишмаслигининг бир неча сабаблари бор, — дейди олий тоифали шифокор Нигора РЎЗМЕТОВА. — Булардан бири углеводлар алмашинувининг бузилишидир. Бунда нафақат, вазн етишмаслиги, балки тери остидаги ёғ қавати ва мушакларнинг ривожланишдан ортда қолиши ҳам кузатилади. Бундай вазиятда таомномада углеводга бой сабзавот ва мевалар кўпроқ бўлиши лозим.
Иккинчидан, овқат таркибида дармондориларнинг етишмаслиги ҳам вазн камлигига олиб келади. Болаларнинг қорни тўйса бўлди, деб эмас, балки уларни фойдали маҳсулотлар билан озиқлантириш керак. Акс ҳолда, вазн етишмаслиги юзага келади. Бунда калорияга бой бўлган, гўштли таомлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
Эндокрин касалликлар
Қалқонсимон без ёки буйрак усти бези касалликларида болада терлаш, юракнинг тез уриши, ич қотиши ёки ич кетиши, ақлий ривожланишдан ортда қолиш, бўй ўсмаслиги ва яна бошқа ҳолатлар кузатилиши мумкин. Бундай вақтда эндокринолог кўриги ва қон таркибидаги гормонлар миқдорини текшириш зарур.
Ферментлар етишмаслиги
Овқатлангандан сўнг оғирлик ҳисси, кўнгил айниши, зарда қайнаши, боланинг овқатдан бош тортиши, доимий тарзда тўқлик ҳисси кузатилиши фермент етишмаслигидан дарак беради. Бундай вазиятда зарурий таҳлиллар топширилади. Шундан кейин аниқ хулоса чиқариш мумкин. Овқат ҳазмини яхшилаш учун кам миқдорда ва тез-тез овқатланиш, овқатланаётганда чой ичмаслик тавсия этилади. Суюқлик ичиш зарурати туғилганида, шарбат ёки сув ичиш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, ҳазм қилиш жараёнини яхшиловчи ферментларни педиатр кўрсатмаси билан қабул қилиш керак.
Ошқозон-ичак тизимидаги муаммолар
Гастрит ва бошқа ошқозон касалликларида шу соҳада оғриқ, оч қолганда оғриқнинг кучайиши, кўп овқатланганда ноқулайликни ҳис қилиш, ич қотиши ёки унинг акси каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Шунингдек, ошқозоности бези фаолияти бузилганда тез чарчаш, кўп овқат тановул қилишга қарамасдан, вазн ортмаслиги, асабий ва инжиқланиш каби белгилар кузатилади. Бундай вақтда гастроэнтеролог кўриги буюрилади. Мустақил равишда даволаниш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Гижжадан азият чекса
Бола гижжадан азият чекканда тана вазни етишмаслигидан ташқари, тез чарчаш, ҳолсизлик, асабийлик, бўғимларда оғриқ, терида ўзгаришлар, камқонлик, соч тўкилиши, терида оқ доғлар пайдо бўлиши келиб чиқади. Зурурий текширувлардан кейин касаллик ташхиси аниқ бўлгач, шифокор билан маслаҳатлашиб даволашни бошлаш лозим.
Витамин ва минераллар етишмаслиги
Болалар овқати таркибида микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги ҳам бу муаммони келтириб чиқариши мумкин. Улар тухум, мол гўшти, балиқ гўшти, парранда гўшти каби маҳсулотларни истеъмол қилиши жуда зарур.
Марказий асаб тизими
Кўп йиғлайдиган, асабий, инжиқ ва эмишдан бош тортадиган болалар туғилишида муаммо кузатилган бўлади. Бу киндик тизимининг бола бўйнига ўралиб қолиши, бола бошининг қисилиб туғилиши, туғуруқ жараёнидаги шикастланишлар, кесар кесиги ёрдамида туғилиши кабилар билан боғлиқ. Бунда бола мунтазам невропатолог кузатувида бўлиш керак. Унинг тавсиясига кўра, тинчлантирувчи дорилар бериш мумкин.
Наслий мойиллик
Айрим ҳолларда инсон вазни ирсиятга боғлиқ бўлади. Бунда ота-онаси озғин бўлса, фарзандларининг ҳам келажакда шундай вояга етиши эҳтимоли 70-80 фоизни ташкил қилади.
Муддатига етмай туғилса...
Агар аёл узоқ муддат давомида бепуштликдан даволанган бўлса ёки бола муддатига етмай туғилса, кейинчалик унда вазн камлиги муаммоси юзага келади.
Агар она ҳомиладорликда гормонал даво қабул қилган бўлса, бундай болаларда ҳам вазн етишмаслиги аниқланади. Бу болалар учун махсус парҳез ва мунтазам равишда эндокринолог ва педиатр кўриги буюрилади.
Сунъий овқатланиш
Табиий овқатлантиришда бола вазни тез ортиб боради. Жуда эрта даврда сунъий овқатлантирилган болаларда бу жараён секинроқ кечади.
Озода ВАЛИЕВА
ёзиб олди.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔27
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔51
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔62
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил