Халқ билан      Бош саҳифа

ДАБДАБАЛИ ТЎЙГА ҲАММА ҚАРШИ

Бироқ нега ҳеч ким тўйини камтарона қилмаяпти?

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ўзига тўқ бир оиланинг «намунали» тўй қилганини эшитиб ёқамни ушлаб қолдим. Бир қарашда камхаржгина тўйдек кўринади. Атиги 150 кишини чақириб ош берган. Аммо хўжакўрсинга қилинган бу маросимнинг қолган икки қисми ҳам бор. Фақат улар бошқа тўйхонада давом этган…

ДАБДАБАЛИ ТЎЙГА ҲАММА ҚАРШИ

Тасаввур қиляпсизми, битта эрталабки ошнинг ўзи учга бўлиб берилган. Бундан кўзланган мақсад дабдабани енг ичида қилишми ёки оилавий маросимларни ихчамлаштириш ҳақида бонг ураётган жамоатчилик юзига оёқ босишми?

Жуда қизиқ ҳолат. Худди тақиқланган нарсани ёш бола бошқача кўринишда қилишга урингани каби баъзилар жамият фойдасини кўзлаб қилинаётган ҳаракатларни айёрона четлаб ўтса... Ҳамманинг ўзига инсоф берсин-да, деб юборади киши бехос. Ҳақиқатан ҳам, инсоннинг ўзида виждон, маънавият бўлмаса, барчаси бекор. Шундай деймиз-у, лекин жамият ривожи, фуқароларнинг фаровон ҳаётига таҳдид солаётган, миллий қадриятларимизга соя бўлаётган ортиқча дабдабабозликка чек қўйиш заруратига ҳар қадамда муҳтожлик сезаверамиз.

Маҳалланинг ўрни қаерда?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни ва унга илова тарзида Низом лойиҳасини фуқаролар муҳокамасига тақдим этган эди. Ҳозирда мана шу Низомга турли таклифлар киритиш, аҳоли мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида ҳудудларда ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилмоқда. Тошкент вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда ҳам вилоят ва туман ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилди. Уларнинг зиммасидаги вазифаларга яна бир карра тўхталиб ўтилди. 

— Охирги ўн-ўн беш йил ичида жуда катта дабдабабозлик, исрофгарчилик ва шуҳратпарастлик, ўзининг имконияти даражасидан ортиқ сарф-харажат қилиш анча авж олди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ. — Натижада тўйдан кейин тўй эгалари қаттиқ тушкунликка тушиб, ҳатто турли ­оилавий можаролар келиб чиқмоқда. Бу уйланаман, турмуш қураман, деган ёшларнинг фикри-зикрига нотўғри таъсир кўрсатаётганининг гувоҳи бўл­япмиз. Қўшнисининг 100-150 килограмм ош дамлаганини кўргач, унинг ёнидаги тўй бошлаганлар ҳам мен ундан камманми, деб ортда қолмасликка тиришади. Ваҳоланки, унинг молиявий аҳволи буни кўтара олмайди. Тўйни қарзга қилади-да, эртага қарзини сўраб келса, пули йўқ бўлади. Орага совуқчилик тушади.

Ота-боболаримиз айтади: ҳар бир нарсанинг меъёри бўлиши керак. Тиббиёт мутахассиси сифатида шуни таъкидлашим жоизки, меъёрида ичилган илон заҳри ҳам даво. Меъёридан ортиқ истеъмол қилинган асал ҳам соғлиққа зарар.

Кўпчилик яхши эслайди, илгари тўй қилаётган киши маҳалла оқсоқолини чақириб маслаҳат сўрарди. Ёши улуғлар эса хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб йўл-йўриқ кўрсатарди. Энди-чи, раис қайси хонадонда тўй бўлаётганини ҳатто, билмайди. Наҳотки, маҳалла ўз ўрнини йўқотган бўлса?

Бугун хорижий давлатлар бизнинг маҳалла фуқаролар йиғинини энг маъқул тизим сифатида ўрганиш даражасига етди. Унинг обрўсини, йиллар давомида орттирилган кўникмаларни эсдан чиқармаслигимиз керак, назаримизда. Айниқса, бу эртага ёшларимиз қалбида миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурматнинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга.

Инсофни ўзимизга берсин

— Бизда тўйгача бўлган олди-бердининг ўзига каттагина маблағ сарфланади, — дейди Ўзбекистон Маданият вазирининг ўринбосари Озодбек НАЗАРБЕКОВ. — Тўй бу — инсоннинг келажагини таъминлаш, эртанги куни учун бирор фойдали иш қилиш дегани эмас-ку?! Бир кунда ўтиб кетадиган маросим, икки ёшнинг оила қуриши, холос. Ота-оналар емай-ичмай тўй қиламан, деб пул йиғишади. Ҳаётимни яхшилайман, бизнес қиламан, фарзандимни ўқитаман, деб ҳеч ким пул жамғармайди.

Биз санъаткорлар элимизнинг шундай яхши кунларида хизматдамиз. Аммо баъзан тўйларга борганимда, шу одам менга берадиган пулига деворини тиклаб олса бўлмасмикан, деб ўйлаб қоламан. Шундай оилалар ҳам бор орамизда. Тўй қилиш учун нима кўйга тушса тушади.

Бу каби муаммоларга ечим топиш учун жамиятнинг, одамларнинг маънавиятини шакллантириш керак. Одамлар мақсадни тўла тушуниб етсагина натижа бўлади. Шундагина улар ўзини назорат қилади, ўзига чеклов қўя олади.

Тўй бўлса бўлдими? Ўқиш-чи?

Билдирилаётган фикрларнинг ҳаммасида жон бор. Дабдаба билан тўй қилган оилаларнинг кўпи зўрға кун кўраётгани ҳам бор гап. Ҳатто, фарзандининг шартнома пулини тўлашга имкони йўқ. Кредит олиб тўлаяпти. Аммо тўйга келганда пулни аяётгани йўқ. Хўш, нега бундай дабдабабозлик давом этмоқда? Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар битта маҳалла, туман ва вилоят ўзининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатини ишлаб чиқиши керак. Келиб тушаётган таклифларнинг асосий мазмун-моҳияти ҳам худди шундан иборат.

Фаоллар зиммасига вилоятларининг ҳар битта туманида Низомда белгиланган тамойил, тартибларни муҳокама қилиб, ўз таклифларини бериш  юклатилди. Ундаги талабларга ҳар бир фуқаро ўз мулоҳазасини билдириши кераклиги таъкидланди. Муддат 25 майдан 1 июнга қадар белгиланди. Тўй эгаси тўй қилишдан аввал мана шу низом билан танишиши керак. Маҳалла мутасаддилари оиланинг имконини ўрганиб, баҳо бериши, ортиқча харажатлар бўлса, камайтириш борасида таклифлар киритиши керак.

Тўйхоналар талабга жавоб берадими?

Масаланинг яна бир эътиборга молик жиҳати — оилавий тадбирларни ўтказишда тўйхоналарга қўйиладиган талаблардир. Тошкент шаҳридаги тўйхоналарнинг энг кичкинаси 300 кишилик. Агар таклиф қилинган меҳмонлар сони 150 та бўлса ҳам шартномага биноан тўйхона 300 киши учун солиқ тўлайди. Бу адолатдан эмас, албатта. Кўпчиликнинг фикрича, шартнома асосида нечта одам таклиф қилинса, солиқ ҳам шунга яраша бўлиши керак. 

Қўйилаётган талаблардан кўринадики, бундан буён ихчам тўйхоналар қурилиши керак. Қўшалоқ тўй қилаётганлар, яъни ака-укани ёки эгизакларни уйлантираётганларни ҳисобга олган ҳолда, 250 ўринли тўйхоналар мақсадга мувофиқлиги таклифи киритилди. Лицензия беришда ҳам шу жиҳатга алоҳида эътибор бериш кераклигига урғу берилди.

Тўйхоналар ҳақида гап борганда, яна бир нарсани айтиб ўтиш керак. Уларнинг деярли кўпида хавфсизлик масаласига эътибор қаратилмаган. Турли кутилмаган вазиятлар, бахтсиз ҳодисалар рўй берганда меҳмонлар қисқа муддат ичида эвакуация қилиниши шарт. Тўйхоналар қурилаётган вақтда бу жиҳатлар эътиборга олинмаяпти. Чиқиш эшиклари кўпроқ бўлиши керак. Қолаверса, ошпазларнинг соғломлигини ва озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини назорат қилиш ҳам бироз эътибордан четда қолаётгани бор гап. Турли маросимларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраётгани ҳеч кимга сир эмас. Тўйхона эгалари билан шартнома тузганда озиқ-овқатнинг сифатига жавоб бериши ҳам эътиборга олиниши керак.

Баъзи тўйхоналарнинг олдида автотураргоҳ йўқ. Бунинг оқибатида йўллар тўсиб қўйилади. Бу ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зид. Янги қарор лойиҳасида бир тўйхона камида 50 та машина сиғадиган автотураргоҳига эга бўлиши шартлиги ҳам кўзда тутилган.

Намунали дастурхон безатиш

Зайниддин Низомхўжаевнинг қўшимча қилишича, бир йилда мамлакатимизда 40 минг нафар одамда ўт қопи тош касаллиги аниқланади. Буни келтириб чиқарувчи асосий омил нотўғри овқатланишдир. Тўй дастурхонига тортилган етти-саккиз хил таомларни истеъмол қилган киши табиийки, уни ҳазм қилишга қийналади. Шу боис бу масалада тиббиёт ходимлари, диетологлар тўйхоналарда намунали дастурхон безатиш, кўкатлар, мевалардан иборат фойдали маҳсулотлар қўйиш бўйича аниқ таклифлар киритиши кераклиги айтиб ўтилди.

Биргина тўй ортида қанчадан-қанча яширин муаммолар мавжудлиги борган сари кўзга ташланмоқда. Уларни бартараф этиш эса юқорида таъкидланганидек, ўзимизга ва яна ўзимизга боғлиқ бўлиб қоляпти. Ҳар ким ўз қаричидан келиб чиқиб иш кўрса, олам гулистон.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Депутатлар  Жиззахдаги  аҳволни  ўрганишмоқда

Депутатлар Жиззахдаги аҳволни ўрганишмоқда

🕔13:27, 06.09.2023 ✔193

Сиз ўзингиз сайлаган депутатлар аслида қандай фаолиятни амалга оширишларидан қанчалик хабардорсиз? Бошқача айтганда, депутатнинг асосий вазифаси нималардан иборат эканини биласизми?..

Батафсил
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:  Андижондаги  экологик муаммоларга  самарали  ечим топамиз

Абдушукур ҲАМЗАЕВ: Андижондаги экологик муаммоларга самарали ечим топамиз

🕔16:21, 06.07.2023 ✔227

Андижон ҳақида сўз кетганида, авваламбор, ўзбек халқининг кўп асрлик маданияти пойдевори бўлган анъналарни асраб келаётган, меҳмондўст, мард ва танти инсонлар умргузаронлик қилаётган табаррук замин кўз олдимизда намоён бўлади. Андижон Ўзбекистоннинг йирик маданият марказларидан биридир.

Батафсил
Ўзбекистонда аёлларга қандай  имтиёзлар бор?

Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар бор?

🕔10:57, 13.03.2023 ✔380

Бугун 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни! Ушбу байрам билан муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни табриклаган ҳолда, мамлакатимиз қонунчилигига асосан аёлларга берилган айрим имтиёзлар билан таништириб ўтишни лозим топдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Депутатлар  Жиззахдаги  аҳволни  ўрганишмоқда

    Депутатлар Жиззахдаги аҳволни ўрганишмоқда

    Сиз ўзингиз сайлаган депутатлар аслида қандай фаолиятни амалга оширишларидан қанчалик хабардорсиз? Бошқача айтганда, депутатнинг асосий вазифаси нималардан иборат эканини биласизми?..

    ✔ 193    🕔 13:27, 06.09.2023
  • Абдушукур ҲАМЗАЕВ:  Андижондаги  экологик муаммоларга  самарали  ечим топамиз

    Абдушукур ҲАМЗАЕВ: Андижондаги экологик муаммоларга самарали ечим топамиз

    Андижон ҳақида сўз кетганида, авваламбор, ўзбек халқининг кўп асрлик маданияти пойдевори бўлган анъналарни асраб келаётган, меҳмондўст, мард ва танти инсонлар умргузаронлик қилаётган табаррук замин кўз олдимизда намоён бўлади. Андижон Ўзбекистоннинг йирик маданият марказларидан биридир.

    ✔ 227    🕔 16:21, 06.07.2023
  • Ўзбекистонда аёлларга қандай  имтиёзлар бор?

    Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар бор?

    Бугун 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни! Ушбу байрам билан муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни табриклаган ҳолда, мамлакатимиз қонунчилигига асосан аёлларга берилган айрим имтиёзлар билан таништириб ўтишни лозим топдик.

    ✔ 380    🕔 10:57, 13.03.2023
  • Янгиланган Меҳнат кодекси:  меҳнат қонунчилигида  нималар ўзгаради?

    Янгиланган Меҳнат кодекси: меҳнат қонунчилигида нималар ўзгаради?

    Меҳнат ва меҳнат муносабатларини қонун доирасида амалга ошириш бугунги кундаги энг долзарб муаммолардан бири.

    ✔ 297    🕔 11:31, 13.02.2023
  • Боғчадан  Бошланаётган экомаданият

    Боғчадан Бошланаётган экомаданият

    Она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-­авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини ёш авлодга ёшлигидан сингдириб бориш керак.

    ✔ 474    🕔 23:23, 18.03.2022
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар