Фарғоналик Абдурашид ака Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги қўйлар шаклини эслатувчи ноёб, антиқа тошларни бир бориб кўришни ният қилганини айтиб қолди. Лоп этиб ёдимга ўша гўшага илк борган чоғларим келди. Бу 1995 йилда бўлганди. Ўшанда газетада ишлардим...
Кузда устозимиз Саъдулла Ҳаким бетоб бўлиб, шифохонага тушди, ҳамкасблар билан кўргани бордик. Гап орасида у кишига:
— Индинга дўстимиз Улуғбек Одиловнинг никоҳ тўйи. Икки-уч ҳамкасб бориб, икки ёшни табриклаб келмоқчимиз, — дедим.
— Тўғри ўйлабсиз, албатта, бориш керак. Баҳонада Ғаллаоролдаги «Қўйтош»ни ҳам кўриб келасизлар, — деди устоз.
Эртасига йўлга тушдик. Ҳаво очиқ. Куз бўлишига қарамай, шувоқ, каррак, янтоқ сингари чўл ўсимликларининг ўткир ҳиди димоққа урилади. Лекин шу тобда барчани кўпроқ устоз айтган антиқа тошлар қизиқтирарди. Манзилга етиб боргач, Нурота тоғ тизмасининг жанубий-шарқий қисмидаги қўйни эслатувчи улкан тошларга ҳайрат ила узоқ тикилиб қолдик. Тасвирлаб бўлмас манзара...
Кейинроқ ҳам бу ерларга неча марталаб келганман. «Қўйтош»даги деярли ҳар бир тош менга таниш бўлиб қолган. Табиат ўзи яратган бу нодир асарини кўзга дарров тушмайдиган жойларга яширган. Тошга яқин жойга аҳён-аҳён чўпонлар ёки овчилар бориб қолади. Бир-бирига қадимда девларга ем бўлиб кетмаслиги учун Яратганнинг ўзи уларни тош қўйларга айлантириб қўйгани ҳақидаги афсоналардан сўзлаб беради. Шу баҳона тошларнинг тарихи, тузилиши, аҳамияти, сайёҳларни ўзига жалб этиши ҳам бот-бот тилга олинади. Аслида у мамлакатимиздаги ажойиб геологик табиат ёдгорликларидан биридир.
Тоғ тошларидаги минералларнинг ташқи таъсирларга чидамлилиги ҳар хил бўлганидан чидамсизлари тез емирилган. Бардошлилари қўйлар гавдасини эслатувчи шаклларни ҳосил қилган. Чиндан ҳам, узоқдан қараганда қўйлар сурувига жуда-жуда ўхшаб кетади. Шу боис маҳаллий аҳоли унга «Қўйтош» номини берган.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, мамлакатимиздаги бу сингари ёдгорликларнинг ҳосил бўлишида тектоник кўтарилишлар асосий ролни ўйнаган. Ғаллаорол ҳудудидаги тоғ жинсларининг ҳар хил кўриниш, шаклларга киришида ва ғаройиб геологик ёдгорликка айланишида ташқи кучлар (шамол, ёғин-сочин, иссиқ-совуқ)нинг ҳам таъсири катта, албатта.
«Қўйтош»нинг ҳайвонот олами ҳам ўзига хос. Қулай табиий шароит, ҳамда муҳофаза қилиш яхши йўлга қўйилгани сабаб бу ерда баъзи жониворлар турлари кўпайиб бормоқда. Қолаверса, мазкур гўша хорижлик сайёҳларнинг кўп ташриф буюрадиган масканларидан бирига айланиб боряпти. Зеро, буюк мусаввир табиат яратган бундай бетакрор ёдгорликларнинг завқи ҳам ўзгача...
Улуғбек АКТАМОВ
Қатъий чоралар кўриш бошланди: Тоза ҳавони таъминлаш учун муросага ўрин йўқ
🕔15:51, 27.11.2025
✔54
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва атрофида кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси жамоатчиликда чуқур ташвиш уйғотмоқда. Пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётган бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этади.
Батафсил
Уйингиз ичидаги экологик муҳит қандай?
🕔15:24, 20.11.2025
✔32
Беш ёшли Азизбек қишда ҳам, ёзда ҳам тез-тез шамоллайди, йўталади, аксиради.
Батафсил
Иссиқхона газлари 50 фоизгача камайтирилади
🕔15:54, 13.11.2025
✔64
Ўзбекистон Париж битимига мувофиқ ўзининг 3-Миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини (ММБҲ 3.0) эълон қилди. Миллий шароитлар ва имкониятларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси «2010 йил даражасига нисбатан 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламалари (яъни уларнинг интенсивлиги)ни 50 фоизга камайтириш» мажбуриятини олди.
Батафсил