Нега у эзгуликка тоқат қилолмайди?
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ижодидан бехабар ўқувчи бўлмаса керак. Унинг қалами йиллар давомида музлаб, илиқликни унутган юракларни ҳам ёриб ўтади. Ёзувчи инсон қалбида унутилган, қор-ёмғирлар ювиб кетган хотираларни жонлантиради. Кўз ёш нелигини билмай қолган қорачиқларга томчиларни меҳмон қилиб олиб келади...
«Жимжитлик» романи Саид Аҳмаднинг ана шундай асарларидан биридир. 1988 йил дунё юзини кўрган роман тез орада ўз мухлисларини топди. Аввалига у «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилди. Ўша вақтда мавжуд бўлган цензура ҳатто, Саид Аҳмаднинг ўзига билдирмасдан, романнинг учдан бир қисмини олиб ташлади. Ўн тўрт йил давомида адиб асарни қайтадан ишлаб, замон талабига яроқли қилиб, иккинчи бор оммага тақдим этди.
Роман қаҳрамони Толибжон ва Мирвали бир-бирига тамоман тескари табиатли инсонлар. Толибжон тақдир юборган синовларга бош эгиб, уларни итоат билан қабул қилиб, ўз виждони поклигига хиёнат қилмайди. Тақдирнинг совуқ шамоли аёлни яккаю ягона ўғлидан айирганда ҳам азобларини ичига ютади. Юраги йиғласа-да, кўзларида ёш кўринмайди...
Уни журъатсиз деганлар адашади. Фақат ўзини ўйламайдиган инсонлар бугун йўқолиб бораётгани учун шундай деб аташ адолатсизлик. Қарор қабул қилишдан аввал уни ҳар томонлама ўйлаб, ҳеч кимга зиён етмаслигига ишониб яшагани учун ҳам Толибжон кўп қийинчиликларга дуч келади.
Дунёга келгандан бошлаб ҳаётида бир зум жимжитлик ҳукм сурмаган, ғалаба учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган Мирвали учун сокин ҳаёт бегона. Болалигидан қайсар, шумтака бўлиб ўсди ва бу хислатлар умри давомида ҳамроҳи бўлди. Қанчадан-қанча оилалар унинг жирканч нафси туфайли барбод бўлди. Қишлоқда уни ҳамма ёмон кўрди. Ҳа, у ҳаммадан илғор. «План»ни ҳам биринчилардан бўлиб топширади. Кўксидаги медали ярақлаб туради. Бироқ унинг тагига яширинган юракни бу медалнинг ярақлаши ҳам ёритолмайди. Балчиқ қаърига ғарқ бўлган қалб эзгуликдан йироқ. Гўдак бўлиб шўхлик нелигини тушунмаган Азиз Мирвали ўйинида қурбон бўлганлардан бири. Ўртоқлари тўп тепиб юрган дамда унинг бошида рўзғор ташвиши. Қишлоқ «булбули» бўлган онасининг номусдан ўз жонига қасд қилиши Азизни чин етимга айлантирди ва қалбида қасос ўтини алангалатди.
Жайрона. Бу қаҳрамонни асарнинг кўзмунчоғи дейиш мумкин. Болалар уйида катта бўлиб, бир қанча ютуқларга эришиб, оила қуришни ўйлаб кўрмаган қиз. Аслида унга жуда кўп йигит ошиқ. Бироқ уни жиловлаш осон эмас. Ҳатто, Мирвалининг жиловидан ҳам қочиб қутула олган ягона қиз! Ўзга юртларда Толибжонга тақдир қийинчиликларида елкадош бўлди. Ким билсин, балки мана шу пайтларданоқ қалбида муҳаббат куртак оча бошлагандир... Узоқ кутилган, ҳаётнинг ҳижрон рангларидан халос қилган ягона муҳаббати Толибжон эди. Бироқ совуқ шамоллар уни юлиб олиб, яна ҳаётини ранги ўчган, маъноси йўқ кунларга ташлади.
Азизнинг қалбидаги нафрат ўти Мирвали баданига санчилиб, уни дунёнинг бир бурчагига ирғитди. Ўзи ҳукмрон бўлган, қанчадан-қанча жасадларнинг гувоҳига айланган қояларда бир кун келиб ўзининг жасади ҳам бўлишини билганида, балки барчаси ўзгача бўлармиди?
Толибжон ниятига етди. Ўзи истаган мангу жимжитлик оламига равона бўлди. Бироқ яна унга кулиб боқмаган тақдир, қалбининг икки парчасини юлқиб олиб, ўзини сокин дунё қаърига ғарқ қилди.
Озода ВАЛИЕВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил