Халқ билан      Бош саҳифа

БОШҚА  ДАРГОҲДА  ЯШАШНИ  ИСТАЁТГАН  БОЛАЛАР

Бу муаммога сиз қандай қарайсиз?

«Болалигимда ота-онам тез-тез жанжаллашарди. Отам кунда-кунора уйга маст ҳолда келар, онам билан гап талашиб, унга қўл кўтарарди.

Охири йўқ жанжаллардан юрагим безиллаб қолган, бола қалбим билан ҳар куни худодан отам онамни урмасин, дея ўтинардим.

Бир куни устозим кундалигимизни ота-онамизга имзолатиб келишни буюрди. Ҳамма болалар қатори янги вазифанинг гашти билан уйга бордим. Онамнинг йиғлаб ўтирганини кўриб, юрагим ғашланди. Ўша куни на отам, на онам билан гаплашиш имкони бўлди. Эртасига кундаликсиз мактабга бордим. Устозимга буни қандай тушунтиришни ҳам билмас эдим. Ўша куни ҳамма болаларнинг кундалигидаги имзоларни кўриб ўзимни ниҳоятда ночор сездим. Ҳамма синфдошларим мендан кўра анча бахтли эди. Шу-шу кўзимга бошқа болаларга, аниқроғи, уларнинг ота-онасига ҳавас уйғонди. Ота-онам жанжаллашган кунлари «қанийди, бошқа оилада туғилган бўлсам...», деган хаёллар менга тинчлик бермасди.

Мана, ўзим ҳам оила қурдим. Яқинда фарзандли бўламан. Фарзандларимни тарбиялашда, аввало, оиламда бахтли муҳит яратиш, муаммоларни вазминлик билан ҳал қилишни дилимга тукканман. Сабаби, болаларим ҳам мен каби қалбида чандиқ билан улғаймасин дейман…» 

Таҳририятимизга сурхондарёлик мухлисимиздан келган мактубни ўқиб, юрагимиз ачиди. Хат охирида бу мактубни газетага йўллашдан мақсади дардини достон қилиш эмас, айрим ота-оналарни огоҳликка чорлаш эканини ёзибди.

Аслида ҳам ота-она боланинг энг яқин кишиси, меҳр чашмаси, ҳимоя қўрғонидир. Бола ота-онасини яхши кўради, унга суянади, тақлид қилади, тарбия олади. Унинг эндигина ўсиб бораётган тафаккури оиласидаги муҳитдан озиқланади, ҳаёт ҳақидаги тушунчалари шаклланади.

Бола қалби эса ниҳоятда нозик ва сезгир, ҳар нарсани ўзида акслантира оладиган шаффоф ойна кабидир. Унга нимани кўрсатиш ота-онанинг қўлида.

Бола оиласидаги бахтиёрлик шукуҳини туйиб, аҳилликдан қувониб улғайса, албатта, бу унинг келажагига, жамиятда ўрнини топишига, оила қуришига ижобий таъсир кўрсатади. Лекин аксинча бўлса-чи?

— Оиласида бир кун нотинчлик бўлган бола дарров бошқалардан ажралиб қолади, — дейди Яшнобод туманидаги 282-мактаб ўқитувчиси Моҳигул ЭШМАНОВА. — Унинг кайфияти тушади, дарсга диққати сусаяди, паришон юради. Энди ота-онаси кунда жанжал қиладиганларни  тасаввур қилаверинг. Бундай ўқувчи бошқалардан ўзини тортадиган, дўстлари билан киришолмайдиган, ҳар нарсага таъсирланиб, ўзига оладиган бўлиб қолади. Агар ота-она боланинг ўқишига ҳам эътибор қилмай қўйса, бундай боланинг дарсга қизиқиши ҳам сусаяди.

— Оиладаги ҳар қандай келишмовчилик бола онгига жароҳат етказади, — дейди болалар психологи Гулрух ШОДИЕВА. — Бола кўпроқ онасига қалбан боғланган бўлади. Шу боис онаси ҳақ-ноҳақлигидан қатъи назар, жанжалда кўпинча отасини айблайди. Улар отасидан ҳайиқади, ҳатто ётсирай бошлайди. Онасининг жабрланганини кўрган бола ундан хавотир олади, онамга бирон кор-ҳол бўлмасин, деб ваҳимага тушади. Бу ваҳима болани уйқусида ҳам тарк этмайди, босинқирайдиган бўлиб қолади. Отасидан қаттиқ ҳайиқиб ўсган болалар улғайганда ҳам у билан дилдан суҳбат қуролмайди.

Тадқиқотчилар сувли икки идишга гул солиб, уларни бир хил шароитдаги икки хонага қўйишибди. Гулларнинг бирига яхши гаплар айтиб, унинг олдида яхши кайфиятда суҳбат қуришибди. Иккинчи гулни эса фақат ёмон гаплар билан ҳақоратлаб, баъзан ўз дардларини айтиб, кўз ёш тўкишибди. Уч кундан сўнг гулларни бир жойга олиб келиб солиштириб кўришса, биринчи гул яшнаб очила бошлаган, барглари ўз ҳолатини йўқотмаган, иккинчисининг эса япроқлари сўлиб, ҳатто қурий бошлабди.

Ҳа, бола ҳам гул кабидир. Унинг қанчалик бўй чўзиб яшнаши қандай шароитда парвариш қилиниши, боғбоннинг маҳоратига боғлиқ.

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА




Ўхшаш мақолалар

Жамоатчилик эшитуви  Сув таъминоти ва  канализация  хизматларидан одамлар  розими?

Жамоатчилик эшитуви Сув таъминоти ва канализация хизматларидан одамлар розими?

🕔08:57, 08.09.2025 ✔77

Фарғона вилоятида Осиё тараққиёт банки кўмагида «Иқлим шароитига мос сув таъминоти ва канализация хизматларини кўрсатиш лойиҳаси» доирасида жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.

Батафсил
Ногиронлиги бўлган шахслар учун  шароитлар қониқарлими?

Ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар қониқарлими?

🕔08:59, 08.08.2025 ✔127

Экопартия вакиллари Урганч шаҳри бўйлаб муаммо ва таклифларни ўрганишди

Батафсил
Аёллар  Экологик барқарорлик учун бирлашди

Аёллар Экологик барқарорлик учун бирлашди

🕔15:57, 26.06.2025 ✔181

Гуллар шаҳри Наманганда ҳар йили «Гуллар фестивали»ни ўтказиш чиройли анъанага айланган. Бу йилги 64-халқаро «Гуллар фестивали» ҳам табиат ва инсон уйғунлигини ўзида ифода этиши, ранг-баранг гулларга бойлиги билан барчада катта таассурот қолдирмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар