Айни пайтда барча жойларда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам фуқаролар йиғини оқсоқоли ва унинг маслаҳатчилари сайловига катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Сайловни ўтказиш бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши қошида тузилган Кўмаклашувчи комиссия томонидан туркум семинар-тренинглар ва йиғилишлар ташкил этилмоқда.
Ҳозирлик ишларининг бориши маҳалла номига яраша намунали тарзда ташкил этилаётганини ҳисобга олиб, Жалақудуқ тумани Жалақудуқ шаҳарчасидаги Намуна маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудуддаги ишчи гуруҳ вакиллари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.
Унда қатнашчиларга маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар йиғилишида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш жараёнлари амалий тарзда намойиш этилди. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни сайлаш жараёни иштирокчилар томонидан қизиқиш билан кузатиб борилди.
Дастлаб, раисликка уч нафар номзоднинг рўйхати алифбо тарзида ўқиб эшиттирилди. Сўнгра уларнинг таржимаи ҳоли таништирилди ва навбат билан ўз дастурларини эълон қилиш учун сўз берилди. Раисликка номзодлар ўз дастурларини эълон қилар эканлар, ўзига хос рақобат муҳити юзага келгани кузатилди.
Навбатда вакиллар йиғилиши қатнашчиларининг олдида масъулиятли палла турибди. Овоз бериш шаклини танлаб олиш керак. Бунда очиқ овоз бериш йўли танланди. Саноқ комиссияси томонидан ҳар учала номзодга ёқлаб берилган овозлар санаб чиқилди ва ёқлаб берилган овозлар сони 12 тага кўп экани қайд этилди. Ана холос, ким хато қилди?
Семинар ташкилотчилари бу жараёнда учраб келаётган мураккабликни усталик билан ёритишга эришди. Ким кимга ёқлаб овоз берса, ўша қатнашчи ишчи гуруҳ томонидан берилган вакиллик гувоҳномасини саноқ комиссиясига топширадиган бўлди. Иккинчи марта қўл кўтаришнинг олди олинди. Натижа ҳам адолатли бўлди.
— Маҳалламизда 3 минг 420 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сайловга тайёргарликнинг дастлабки босқичида 18 ва ундан катта ёшда бўлган 1 минг 890 нафар фуқаро рўйхатга олинди, — дейди Жалақудуқ туманидаги «Намуна» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган Ишчи гуруҳ раҳбари Дилбар Мадраҳимова. — Туман кўмаклашувчи комиссиясининг қарорига асосан ҳар 26 нафар фуқародан бир киши вакил сифатида сайловда қатнашадиган бўлди.
Маҳаллада тўққизта кўча мавжуд. Уларда ўтказилган умумий йиғилишларда 70 нафар вакил сайланди.
Маслаҳатчиларни сайлаш жараёни ҳам юқоридагидек қўл кўтариб овоз бериб эмас, аксинча, сайлов бюллетенлари орқали амалга оширилди.
— Сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларини кузатар эканмиз, — дейди вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи етакчи мутахассиси Баҳодир Юнусов, — ушбу жараёнлар парламентга сайловлар ёки маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловидан тубдан фарқ қилса-да, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда сайловнинг халқаро умумэътироф этилган принципларининг ёрқин намоён бўлиши билан энг демократик ва бир вақтда ўзига хос мураккаб сайлов жараёни эканини кўрамиз. Сайлов жараёнлари бир нечта босқичдан иборатлиги, қоидаларнинг, энг аввало, маҳаллада яшовчи фуқароларнинг фаол иштироки орқали амалга оширилиши аҳолининг ижтимоий фаоллигини янада кучайтираётганини кузатишимиз мумкин.
Семинар сўнггида тадбирдан кўзда тутилган мақсад — маҳалланинг обрў-эътиборини юқори босқичга кўтариш экани таъкидланди. Ўзини ўзи бошқариш органининг тақдирини белгилайдиган етакчилар сайловида эътибор қаратилиши зарур жиҳатлар юзасидан тажрибалар ўртоқлашилди.
Умиджон МАМАРАСУЛОВ,
Андижон вилояти
Энди маҳаллада ҳуқуқ- тартибот маскани бор
🕔14:51, 02.10.2026
✔120
Экологик партиядан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева ўзи сайланган «Қўйлиқ ота» маҳалласида фуқаролар томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларни ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
Батафсил
Agrobank аҳоли даромадини ошириш ҳаракатида
🕔10:15, 10.09.2026
✔175
Давлатимиз раҳбари раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида молия муассасалари зиммасига ҳам муҳим вазифалар қўйилди.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшганлар мукофотланди
🕔16:02, 27.08.2026
✔214
Мукофотланганлар орасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида самарали меҳнат қилиб, табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда деградацияга учраган ерларни тиклаш йўналишларида муносиб хизмат кўрсатган фидойи инсонлар ҳам бор.
Батафсил