(Фарзандларингизга ўқиб беринг)
Эринибгина дарс тайёрлашга ўтирган Нодир онасидан сўради:
— Ойи, устозим китобни офтоб, дедилар. Нега шундай деганларини англамадим. Ахир, у қуёш каби оламни ёритмайди-ку?
— Ёритади, ўғлим, ёритади, — деди она бамайлихотир.
— Мана, қаранг, жавон тўла китоб. Улардан ҳеч қандай нур таралаётгани йўқ.
— Китоблар ён-атрофингни эмас, ички оламингни ёритади. У ерда яшириниб ётган яхши хислатларингнинг бошидан зиё сочиб, тезроқ ўсишига кўмаклашади.
— Китобларим кўп бўлса, уларни ўқимасам ҳам ёритаверадими, ойижон?
— Ташналигингда сувнинг рангига қараб чанқоғинг қонадими?
— Йўқ.
— Сувнинг олдида туриб, ундан ичмасанг — қовжираб, қувватдан қоласан. Китоб ўқимасанг — яхшилик, гўзаллик, поклик, саховат, оқибат, меҳр-муҳаббат каби дунёдаги энг саодатли фазилатларнинг тотини туймайсан. Чунки бу вақтга келиб ёмон иллатларинг бўй чўзган ва яхши хислатларингдан ўзиб кетган бўлади.
— Ёмон иллатлар қайси?
— Чақимчилик, очкўзлик, бахиллик, зиқналик, ёлғончилик, ялқовлик, бадхулқлик, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш... Улар жуда кўп.
— Яхши хислатлар-чи?
— Улар ҳам анчагина. Ҳаттоки санаётиб саноқда адашиб қолишинг ҳам мумкин. Ростгўйлик, поклик, омонатга хиёнат қилмаслик, сахийлик, хушмуомалалик, фидойилик, адолатлилик, оқиллик, тиришқоқлик кабилар.
— Ёмонликларнинг доғда қолиб, яхшиликларнинг ғолиб бўлиши учун китоб ўқиш шунчалар муҳимми? — тобора қизиқди бола.
— Бўлмасам-чи, — деди она қатъият билан. — Кунгабоқарнинг нега қуёшга боқишини биласанми?
— Йўқ.
— Кунгабоқарни кўрганмисан?
— Кўрганман, бувимларнинг ҳовлисида экилган дароз ўсимликни айтяпсизми?
— Ҳа, янглишмадинг, — она шундай деб дераза токчасида турган тувакдаги гулни столнинг устига қўйди. — Мана бу гулга қара. Буни кунгабоқар деб тасаввур қиламиз.
— Нега айнан кунгабоқар?
— Чунки кунгабоқар сенинг ақлингга, китоб эса офтобга ўхшайди... Мана бу — қуёш, — китобни гулнинг ўнг томонига тутди она. — У бу тахлит нур сочади, — қўлидаги китобни ўнг томондан чап томонга ёйсимон ҳаракатлантирди у. — Кунгабоқар эса ўрнидан жилмайди, фақатгина юзини қуёшга қаратиб кулиб туради. Қуёш эса унинг очиқчеҳралигидан ҳайратланиб, бўйнини чўзиб қўяди!.. — ўғлини эркалаб, яноғини чимдиб қўйди.
Она-бола шарақлаб кулиб юборишди.
— Бу ҳазил эди, — жиддийлашди она. — Кунгабоқар ниҳоятда тез ўсадиган ўсимликлардан бири. Олимларнинг аниқлашича, уларнинг таркибида ёруғлик сезувчан оқсиллар тўплами бошқа ўсимликларга қараганда кўпроқ экан. Шу боис уларнинг қуёшга юзланган томони иккинчи томонига қараганда яхшироқ ривожланиб, кўпроқ бўй тортади. Турган гапки, ўз-ўзидан кунгабоқарнинг гардиши бироз пакана томонга ўгрилади. Куннинг ярмидаги қуёш тафти ва тундаги ой нуридан озиқланган кунгабоқар тонгнинг отишини табассум билан кун чиқар томонга юзланиб қарши олади. Саҳар чоғидаги иссиқ гуллар эса асалариларнинг жону дили...
Китоб ўқиганинг сайин ички оламинг ёришиб, тобора дунёни тиниқроқ кўрасан ва яна, ақлинг тобора теранлашади. Аҳли донишларнинг эса атрофидан яхши одамлар аримайди, ўғлим.
— Китобим — офтобим! — Қўлидаги китобни бағрига босди Нодир.
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил