Саломатлик      Бош саҳифа

«ҚОН ГУРУҲИ АЁЛИМДА — III,  МЕНДА — II, ЎҒЛИМДА — I. НЕГА?!»

«Оила шифокори» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«ҚОН ГУРУҲИ АЁЛИМДА — III,  МЕНДА — II, ЎҒЛИМДА — I. НЕГА?!»

Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори Аълонур САИДОВ муштарийлар юборган саволларга ­жавоб берди.

Шерзод ҲАМРОЕВ, Паркент тумани:

 — Фарзандим муддатидан олдин туғилган. Шифокорлар плазма қилишга эҳтиёж борлигини айтишди. Қони I гуруҳ эди. Қон қуйилгач, «келажакда бирор инфекцияли касалликлар билан оғримаслигига кафолат бермаймиз», дейишди. Донордан қандай касалликлар юқиши мумкинлиги қон қуйилмасдан олдин аниқланмайдими?

— Донор қони қуйилмасдан олдин тайёрланиш жараёнида, албатта, бир нечта инфекцияларга текширувлар ўтказилади. Бу жараёнда гепатит В, С, ОИВ, захм касалликлари қонда бор-йўқлиги текширилади. Агар қонда бу инфекциялар чиқмаса, донор қони яроқли ҳисобланади. Лекин бу инфекциялар яширин даврга ҳам эга. Масалан, гепатит В ва С одамга юққанидан кейин олти ойгача юзага чиқмайди. ОИВнинг яширин даври 3, захмники 3-4 ҳафта. Шу яширин  даврда инсон қон топширса, унда бу касаллик аниқланмайди. Лекин у топширган қонда инфекциялар сақланиб қолади.

Гўзал БОБОҚУЛОВА, Тошкент шаҳри:

— Онам I гуруҳ ногирони. Қандли диабет билан оғрийди. Ҳар уч кунда гемодиализ қилиниб, қони тозаланади. Кўпинча гемоглобини тушиб кетади. 300 грамм қонни 100 минг сўмга сотиб оламиз. Гоҳида IV гуруҳ қони топилмай қолади. I гуруҳ ногиронларига қонни марказдан бепул олиш имкони борми? Ёки чегирмалар йўқми?

— Агар онангиз I гуруҳ ногирони бўлса, боз устига, қандли диабет билан оғриса, гемодиализ қилинаётган шифохонадан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 457-буйруғига асосан имтиёзли донор қони олишлари мумкин. Бунинг учун шифохона маъмурияти хат тайёрлайди. Талабнома ва ишончнома ҳужжатлари билан қон қуйиш марказларидан (Республика ва шаҳар қон қуйиш маркази) бепул донор қони олишингиз мумкин.

Барно АСАДИЛЛАЕВА, Тошкент вилояти:

— Гемофилия касаллиги билан оғриганларга қандай имтиёзлар бор?

— Гемофилия — оғир ирсий касаллик. У қон ивиш тизимидаги ўзгаришлар билан намоён бўлади. Авлоддан-авлодга ўтади, тез-тез қон кетиши билан характерланади. Агар чақалоқ туғилган заҳоти унда бу хасталик аниқланса, ногиронлик рўйхатига олинади. Агар вояга етганда, гемофилия аниқланса, беморнинг касаллик ҳолатига қараб ногиронлик гуруҳи  берилади. Ногиронлик гуруҳига эга гемофилия беморлари учун касалхоналарда даволаниш, текширувлар, дори-дармонлар бепул.

Нодир ҚУРЁЗОВ, Хоразм вилояти:

— Эшитишимча, гемофилия  билан фақат ўғил болалар оғрир экан, қизлар эса ташувчи ҳисобланар экан. Никоҳдан олдинги тиббий кўрикларда бўлажак аёлим гемофилия ташувчими-йўқми, шу ҳам аниқланадими?

— Гемофилия касаллигига чалинган аёллар тиббий кўрикларда аниқланмайди. Фақат уларнинг наслини сўраб-суриштириш билангина бу хасталикни ташувчилик эҳтимолини аниқлаш мумкин.

Ҳамро МАЖИДОВ, Бухоро вилояти:

— Ижтимоий тармоқларда, кейинги пайтларда қон сўраб эълон берувчилар кўпайди. Марказ беморларни қон билан етарлича таъминламайдими ёки бу ерда бошқа сабаблар борми?

— Марказ беморларни етарлича қон билан  таъминлаши учун донорлар кўп бўлиши керак. Айниқса, гематологик клиникаларда, қон касаллиги бор беморларга (лейкоз, апластик анемия, гемофилия ва б.) жуда кўп миқдорда донор қони керак бўлади. Сабаби, уларни даволаш стандартларига кимётерапия, антибиотикотерапия билан бир қаторда қон компонентлари қуйиш киради. Фақат беморларнинг оила аъзолари ва қариндош-уруғи топширган қон ҳар доим ҳам етарли бўлмайди. Битта лейкоз касалига чалинган беморга бир курс даволаш жараёнида 10 тадан 50 тагача қон компонентлари керак. Бу шунча донор қони дегани. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси бўйича беморларни тўлиқ қон билан таъминлаш учун ҳар минг аҳолининг 30-40 таси донор бўлиб қон топшириши керак. Бизда эса бу кўрсаткич 4 тани ташкил қилади, холос. Шу сабабли беғараз, ихтиёрий донорликни ривожлантириш зарур.

Ирода МАҲКАМОВА, Тошкент шаҳри:

Лейкоз билан оғриган курсдош дугонам кимёвий муолажалар олди. 2-3 йил даволангач, врачлар дугонам тўлиқ тузалганини айтишибди. Кимёвий муолажалар унинг турмушга чиқиши ва фарзандли бўлишига таъсир қилмайдими? 

Агар шифокорлар дугона­­нг­изга тўлиқ тузалганлигини айтишган бўлса, у турмушга чиқиши ва фарзандли бўлиши мумкин. Бу ҳеч кандай таъсир кўрсатмайди.

Дилроз ҲАКИМОВА, Қашқадарё вилояти:

— Онам менга ҳомиладорлигида гемоглобини миқдори 70-80 бўлган. Ёшим 26 да, турмушга чиққанман. Менинг ҳам гемоглобиним шу миқдорда. Шифокорнинг айтишича, энди гемоглобинимнинг ошиши даргумон экан. Бу эса онамнинг менга ҳомиладорлигида гемоглобини пастлиги билан боғлиқ экан.  Шифокорнинг ташхиси тўғрими?

— Ҳомиладорликдаги онанинг камқонлиги ҳомилага таъсир кўрсатади.  Бунинг учун камқонликнинг турига қараб, узоқ вақт даво муолажасини олиб бориш керак. Аёлларда кўпроқ темиртанқис камқонлик учрагани учун организмдаги темир захираси миқдорини кўтариш керак. Шундагина қондаги гемоглобин миқдори кўтарилади.

Олимларнинг кўп йиллик кузатувлари шуни кўрсатмоқдаки, аёл ҳомиладорлигида камқон бўлса, ундан туғилган фарзандлар ҳам, айниқса, қиз болалар вояга етиб ҳомиладор бўлганида камқонликка мойил бўлади. Шу сабабли ҳам камқонликни узоқ муддат охиригача даволаш керак.

Каримжон АБДУВАҲОБОВ, Тошкент вилояти:

— Қон қуюлиши ёки ҳаддан ортиқ суюлиб кетиши нимага боғлиқ?

— Қон қуюлиши ёки ҳаддан ортиқ суюлиши қон таркибига (факторларига) боғлиқ.

Нозим БАРНОЕВ, Фарғона вилояти:

— Хотинимнинг қон гуруҳи уч, меники икки, ўғлим эса биринчи гуруҳга мансуб бўлиб туғилди. Қайси сабабларга кўра фарзандимнинг қон гуруҳи ўзгарган? Аслида ота қон гуруҳи неччи бўлса, фарзандиники шундай бўлмайдими?

— Агар аёлингизнинг қон гуруҳи III бўлса, ўзингизни қон гуруҳингиз II бўлса, тиббиётда бу ҳолат гетерозигота  дейилади  ва фарзандингиз қон гуруҳи I гуруҳга мансуб бўлади. Буни тушуниш учун мактабда биология фанидан ўқитилган Менделнинг оддий тажрибасини эслаш керак. Мендель иккита сариқ силлиқ нўхатни чатиштириб, охир-оқибат яшил ғадир-будир нўхат олган.

Дилрабо НОРОВА, Пайариқ тумани:

— Опамнинг учта қизи бор. Шифокорга учраса, қон гуруҳи минуслиги сабаб фақат бир жинсдаги фарзанд дунёга келтиришини айтибди. Шу тўғрими?

— Опангизнинг қон гуруҳи минуслиги (яъни резус манфий) бу фарзандининг жинсига боғлиқ эмас. Резус манфий аёллар ҳам ўғил, ҳам қиз фарзанд кўриши мумкин.

Анора КАРИМОВА, Тошкент шаҳри:

— Камқонлик эркаклардан кўра аёлларда кўпроқ кузатилади. Бунга сабаб нима?

— Бунга сабаб аёлларда қон йўқотиш эҳтимоли эркакларникига қараганда юқори. Яъни аёллар ҳар ойда ҳайз кўришлари, ҳомиладорлик ва эмизиш даврида катта миқдорда темир моддаси йўқотади.

Илҳом БОЛТАЕВ, Самарқанд вилояти:

—  Яқинда фарзандли бўлдим. Туғуруқхонадан мени қон қуйиш марказига жўнатишди. Маълум сабабларга кўра, Тошкент шаҳрида вақтинча пропискам йўқ эди. Шу сабаб қон қуйиш марказида мендан қон олишдан бош тортишди. Нима учун донорнинг пропискаси сўралади? Бунинг нима аҳамияти бор?

— Ҳар бир инсон қон топшириш учун (донор бўлиши учун) паспорти ва паспортда прописка (доимий  ёки вақтинчалик) бўлиши шарт. Бу эса донордан олинган қоннинг текширув жараёнида қандайдир инфекцион касаллик аниқланса, донорни топиш ва унга хабар бериш учун керак.

Аҳмад АЛИҚУЛОВ, Сурхондарё вилояти:

— Фарзанд дунёга келганида боланинг отаси қон топширишга мажбурми? Қанча миқдорда топширилади? Агар қон топширмаса, у қанча миқдорда пул тўлаши керак?

— Ҳар қандай туғуруқ жараёнида қон йўқотиш бўлади. Фақат баъзи ҳолларда оз миқдорда қон йўқотилади. Аёлдан кўп қон кетса, унинг ҳаёти хавф остида бўлади. Бунда йўқотилган қон миқдорини қоплаш учун қон компонентлари (эритроцитоар масса, янги музлатилган плазма, криопреципитат) қуйилади. Шу сабабли ҳар бир туғруқ жараёни учун захирада қон компонентлари бўлиши шарт. Туғуруқхоналарга доимо шундай захирани сақлаб туриш вазифаси юклатилган.

Агар беғараз, ихтиёрий донорлик яхши ривожланиб, қон топширувчилар ҳар минг аҳолига нисбатан 30-40 тани ташкил қилса, унда беморларни қариндош-уруғларига қон топшир деб юрмас эдик. Ҳозирча захирани доимо тўлдириб бориш учун шифохоналарда, айниқса, туғуруқхоналарда қариндош-уруғларга донор бўлиб қон топширинг деб мурожаат қилишга мажбурмиз. Фақат пулли хизмат кўрсатаётган клиникаларда (улар қаторида туғуруқхоналар ҳам бўлиши мумкин), ўрнатилган прейскурант бўйича шифохона ғазнасига қон учун пул тўлаш мумкин.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Ош бўлмасин!..

Ош бўлмасин!..

🕔14:51, 09.10.2025 ✔153

Дошқозондаги ошдан қолган қоп-қора ёғни чўмичда пластик идишга қуяётган ошпазга «Буни нима қиласиз?» дея савол бердим. У «Шуниям билмайсанми?!» дегандай энса қотириб жавоб қайтарди:

Батафсил
Энди дорилар  электрон  рецепт  асосида тайинланади

Энди дорилар электрон рецепт асосида тайинланади

🕔16:02, 18.09.2025 ✔99

Ўтган ҳафтада ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ рецепт билан бериладиган дориларни электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби белгиланди.

Батафсил
Ҳар етти кишидан бири  озиқ-овқатга қарамликдан азият чекмоқда

Ҳар етти кишидан бири озиқ-овқатга қарамликдан азият чекмоқда

🕔15:53, 18.09.2025 ✔88

Замонавий ҳаёт ритми биздан тезкорликни талаб қилаётгани бор гап. Улар орасида энг оммабопи – тез тайёрланадиган егуликлар (фаст-фуд) ва қайта ишланган саноат маҳсулотлари эканлиги ҳам ҳақиқат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар