Мусаввирлик ва ёзувчилик бир-бирига яқин ижод тури, чунки икковида ҳам ижодкор ботини яширин. Улардаги яқинлик шундаки, бир-бирини тўлдириб туради. Ёзув беролмаган тасвирни мўйқалам жонлантирса, мўйқаламнинг кучи етмаган нуқталар сўз орқали ёритилади.
Ўзбекистон халқ рассоми, академик Алишер Мирзони мана шундай уйғунликда ижод қилувчи бетакрор ижодкор деса бўлади. Кўп йиллар мобайнида ўзининг таъсирли, жозибага бой суратлари билан танилган мусаввир яқинда нашр этилган «Каллахоналик йигитча» ҳамда «Мусаввир» романлари билан кўпчиликни ажаблантирди.
— Кўнглида кечган туйғулар, бошқалар илғамайдиган қирраларни мўъжизавий акс эттириб келган рассомнинг ёзувчиликка қўл уриши ўзбек замонавий рассомчилик тарихида янгилик бўлди, — дейди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. — Ижодкор сифатида муаллифнинг адабиётдаги илк изланишлари муваффақиятли чиққан. У чизган суратлардан ҳайратланиб, ўзингизни топсангиз, романларида эса бутун халққа тегишли ҳаёт, руҳий кечинмаларнинг гувоҳи бўламиз.
— Алишер Мирзо мўйқаламни ёзув қаламига алмаштиргани, алмаштирганда ҳам, насрнинг тўнғич ва ғоятда мураккаб роман жанрида асар битишга жазм этгани ҳам ажабланиш, ҳам ҳайрат, ҳам ҳавас, ҳам таажжуб уйғотгани табиий, — дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад. — «Каллахоналик йигитча» романида ҳаётнинг жуда оддий, жўн ва эскирмас ақидаси — рўзғор тебратиш мажбурияти билан бозор-дўконлари, майдончалари гирдобига тортилган йигитча ҳаёти тилга олинган. У бозор йўллари ва сўқмоқларини кашф эта боради, одамларни танийди, турли қийинчиликларга учрайди ва шунинг баробарида кўнглининг туб-тубида пинҳон ётган эзгу нияти — рассом бўлиш истагини зинҳор унутмайди. Турмуш қанчалик мажбур қилмасин, мақсадидан воз кечмайди ҳамда орзусига эришиш учун Москвага йўл олади.
«Мусаввир» романи эса «Каллахоналик йигитча»нинг давоми бўлиб, йигитчанинг Москва давлат санъат институтига талаба сифатида ўқишга кириши билан бошланади… Бир сўз билан айтганда, ҳар иккала роман қаҳрамони прототипи — Алишер Мирзо ва унинг ҳаёт йўлидир.
Биринчи китобда кўнгилга тугилган эзгу ниятга астойдил ҳаракат орқали эришиш мумкинлиги тасвирланган бўлса, иккинчи китоб сюжетининг тагзамири ҳаёт реаллигини бадиий реалликка айлантирмай туриб, катта ижодкорлик мақомига етишишни орзу қилиш хомхаёлдан ўзга нарса эмаслиги очиб берилган.
Китоблар «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган.
Дурдона САФАРОВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил