Қизим туғилганидан бошлаб, қаерда болаларбоп, қизиқарли китоб кўрсам, харид қилишга одатландим. Унга ухлашдан олдин эртак китоблар ўқиб берардим. Қизим бир куни ўша китоблардан бирини ушлаб йиғлаб турарди... Ундан сабабини сўраганимда, «Шу-у-унча китобим бору, нега мен ҳалиям ўқишни билмайман?..», деганди. Ўшанда ҳаяжон ва қувончдан йиғлаб юборгандим...
Демак, уйда китоб бўлса ва мунтазам мутолаа йўлга қўйилса, болада ўз-ўзидан ўқишга иштиёқ туғилар экан.
Аксарият ёш ота-оналар фарзандини китоб ўқимаслигидан нолишади. Келинг, болаларимизни планшет, компьютер ўйинлари каби «дўст»ларидан бироз узоқлаштириб, чин дўст — китобга меҳр уйғотишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Лобар НОРБОЕВА,
уй бекаси:
— Болалигимда «Иф қалъасининг маҳбуси» фильмини иштиёқ билан томоша қилганимни кўрган отам бу асарнинг муаллифи машҳур ёзувчи Александр Дюма эканини, китоби фильмдан ҳам ажойиб эканини гапириб, мени қизиқтириб қўйган. Асар бош қаҳрамони граф Монте-Кристонинг сабри, шижоати мени илҳомлантиргани боис, китобни қайта-қайта ўқиб чиққанман. Отамнинг бу услуби ҳозир менга ҳам ўтган. Болаларим бирон кинони қизиқиб томоша қилишса, китобини ҳам топиб ўқишни тавсия қиламан. Албатта, тавсия қилиш билан иш битмайди. Шахсан ўзим топиб беришга ҳаракат қиламан, чунки ҳамма воқеалар ҳам фильм сюжетига киритилавермайди.
Яқинда қизим Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини ўқиб, фильмда фойдаланилмаган жойларини сўзлаб берди.
Биз ота-оналар фарзандларимизни ўқимасликда айблашдан олдин бунинг йўлини топишга ҳаракат қилишимиз фойдалироқ, назаримда.
Регина ЮНУСОВА,
бошланғич таълим ўқитувчиси:
— Айрим ота-оналар фарзандининг бирданига даҳо бўлиб қолишини исташади. Ёшига мос бўлмаган адабиётларни келтириб, ўқишга мажбурлашади. Бу — энг биринчи хато! Агар китоб ёшига мос, қизиқарли бўлганида ҳам болани мажбурлаш эмас, қизиқтира олиш керак. Дейлик, китоб дўконига олиб тушдингиз. Табиийки, бола рангли, безакдор китобларни танлашга тушади. Ўша пайт ҳийлани ишга солиш керак. «Агар мен танлаган китобни ҳам ўқиб, ҳам гапириб беришга ваъда берсанг, сенга истаган китобингни совға қиламан», қабилида.
Болангиз иштиёқ билан бирон ўйин ўйнаяпти. Ёки зўр қизиқиш билан мультфильм томоша қиляпти. Бу ҳолатда болани мажбурлаб китоб ўқитиш уларни асабийлашишга олиб келади. Болаларга ўз психологиясидан келиб чиқиб муомала қилиш керак. Дейлик, ўғлим, қизим, кел бирга ўйнаймиз, дейиш мумкин. Улар ўйин сўзини эшитгач, дарров сизга эътибор қаратишади. Китобдаги ҳикояни образларга бўлиб, ўйин тариқасида галма галдан ўқиш мумкин.
Фарзандингиз учун ҳар куни иложи борича бир соат вақт ажратишга ҳаракат қилинг. Вақти келиб, бунга асло ачинмайсиз. Аксинча, фахрланиб юрасиз!
Адолат ФАЙЗИЕВА,
журналист:
— Инсонларда китобга меҳр қачон пайдо бўлади? Агар китоб ўқишни иш деб эмас, ҳузурланиш деб ҳисоблаганида. Буни болаларга ҳам сингдириш муҳим. Уйимизда, албатта, китоблар учун бурчак бўлиши керак. Шкафнинг ичида эмас, айнан кўринарли жойда. Унга ҳар сафар кўз тушганида мутолаага иштиёқ туғилсин.
Айримлар китоб ўқимасликни вақтнинг камлиги билан изоҳлашади. Мен буни жавоб деб ҳисобламайман. Таклифим: ёнимизда, сумкамизнинг бир чеккасида доим кичикроқ ҳажмда китоб олиб юрайлик. Иш билан турли жойларга борамиз. Дейлик, шифокор қабулидамиз. Агар навбатда мижозлар кўп бўлса, дарров китоб «овунчоғимиз» бўлади. Автобус, метрода кетаётганда, бекор ўтиргандан кўра китоб ўқиб кетиш мумкин. Хоҳиш бўлса, имконият топилади.
Ёдгора АБДУРАЗЗОҚОВА,
меҳнат фахрийси:
— Болани ширин гап, турли ўйинлар билан қизиқтириб китобга ўргатиш мумкин. Баъзида, мен кўзойнагимни атайин олиб қўяман. Неварамдан кўзойнагимни тополмаяпман, газетани ўқиб беролмайсанми, деб сўрайман. Ўқишни бошлагач, ҳар замонда тўхтатиб, мақолани шарҳлаб тураман. Ўқиган китобларим ҳақида, уларнинг қаҳрамонлари ҳақида сўзлаб бераман. Невараларим эса гапириб берган китобларимни интернетдан топиб кўрсатишади, ўқиб чиқишади. Демак, ҳаракатларим зое кетмаяпти. Оз бўлса-да, оилам маънавиятига ҳисса қўшяпман, деб хурсанд бўламан.
Шундай экан, муаммоларни ўйлаб бош қотирмасдан, ечим топишга ҳаракат қилайлик. Биз катталар келажагимиз пойдеворларига ўрнак бўлиб, қўлимизга китоб олайлик. Зеро, хайрли ишнинг, албатта, мукофоти бўлади.
Нилуфар САПАЕВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил