Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига

Шу сатрларни қоғозга туширар эканман, бу ёруғ кунлар ўз-ўзидан бўлмагани, йўқдан борга айланмагани, бунинг учун аждодларимиз узоқ йиллар давомида меҳнат қилгани, курашгани, ҳатто жонини фидо этгани миямда ўрнашиб олди. Модомики шундай экан, биз, уларнинг авлодлари ўша инсонларни эслаб туриб, уларнинг хатоларини такрорламаслик, ютуқларини кўпайтириш учун бурчлимиз.

ДАРҒА

Шукрки, ўтмишимизни холисона ўрганиш, тиклаш, ўзининг ҳаёт йўли, иш фаолияти билан юртимиз тарихида чуқур из қолдирган аждодларимиздан  фахрланиш, уларни эъзозлаш ва самарали ишларини давом эттириш даври келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори юқоридаги фикримизнинг тасдиғидир.

Қирқ икки ёшли раҳбар

Қарийб чорак аср давомида Ўзбекистонга раҳбарлик қилган, ҳаётлигида ҳурмати бажо келтирилган Шароф Рашидов вафотидан кейин Марказнинг кўрсатмаси билан бадном қилинди, ҳаттоки қабридан олиниб, бошқа жойга дафн қилинди, хотираси очиқ-ойдин таҳқирланди. Ачинарлиси, бир вақтлар Шароф Рашидов билан бирга ишлаган, уни «кўп ҳурматли устоз» деб, вафотидан кейин эса республика тепасига келган раҳбарлар устозини ҳимоя қилиш ўрнига, аксинча, Марказнинг «ўзбеклар иши», «пахта иши» каби бўҳтонларига жўр бўлишди. Аммо олий ҳакам — вақт ҳамма нарсани жой-жойига қўйди, одамларга, раҳбарларга амалий ишларига қараб баҳо берди. Мана, раҳматли Шароф Рашидовга ҳам ярашиқли баҳони бермоқда.

Шароф Рашидов 1959 йили — қирқ икки ёшда республиканинг биринчи раҳбари сифатида халқимизга бошчилик қилган эди. Бу, биринчи навбатда, унда одамлар билан ишлаш, уларни ишонтириш, уюштириш, уларга сардорлик қилишдек туғма қобилият бўлганидан, иккинчидан, унинг ўз кучига тўла ишонганидан, учинчидан, қийинчиликлардан қўрқмай ҳаракат қилишидан, ҳамиша олдинга интилганидан далолат беради.

Мен шундай моҳир инсон қўли остида, унинг бевосита раҳбарлигида ишлашга муяссар бўлган кишилардан бириман. 1969 йил баҳорида мени юксак нуфузли идорага таклиф этишди. Бу ердаги турли даражадаги раҳбарлар билан бўлиб ўтган суҳбатлардан кейин мени ва менга ўхшаган қатор бўлажак ходимларни Шароф Рашидов қабул қилди. Республиканинг биринчи раҳбари Марказқўмга чақирилишимиз сабаб ва муддаосини тушунтириб, бизга билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил ишлаш, одамларни ҳурмат қилиш, камтар бўлиш, мағрурланмасликка даъват этиб, ҳар биримизнинг қўлимизни сиқиб муваффақият тилади. Шундан бошлаб қарийб ўн йил давомида мен Марказқўм воизи ва воизлар гуруҳи раҳбари бўлиб ишладим. Шу давр давомида Ўзбекистон раҳбарининг партия съездлари, республика фаоллари йиғинлари, деҳқонлар қурултойлари ва бошқа йиғилишлардаги нутқ ва маърузаларини тинглаш, кўрсатмаларини амалга оширишда иштирок этиш, топшириқларини бажариш жараёнида кўриш,  кузатиш, ўрганиш имкониятига эга бўлдим.

Эртани кўзлаб...

Ижтимоий  ҳаётининг бирон-бир муҳим соҳаси йўқки, Шароф Рашидов уни четлаб ўтган, унинг масалалари билан бевосита шуғулланмаган бўлса. Масалан, мен хизмат қилган воизлар гуруҳи фаолияти ҳам у кишининг доимо диққат марказида бўларди. Республика биринчи раҳбари беҳисоб муаммолар ечимини топиш билан банд бўлишига қарамасдан гуруҳимиз аъзолари фаолиятини кузатиб борар, самарали ишлашимиз учун барча зарур қулайликларни яратиб берар ва албатта, аҳолидан қандай саволлар тушаётгани билан қизиқар, уларни умумлаштириб, тегишли раҳбарларга юбориб туришни талаб қилар эди. Бир гал тушлик пайтида Марказқўм ҳовлисида республикамизнинг бир неча раҳбарлари билан суҳбатлашиб турган Шароф ака мени кўриши билан, ёнига чақириб: «Нега телевидениеда чиқмай қўйдиларинг? Одамлар орасида бевосита маъруза қилганларингда сизни юз ёки икки юз киши тинглаши мумкин, телевизор орқали эса миллионлаб томошабинлар гапларингни эшитадилар. Оқил Умурзоқович (Марказқўм котиби), булар телевизор орқали чиқиб туришсин», деб бу масаладаги мавжуд тушунмовчиликларга чек қўйган эди.

…Хоразмга сўнгги келганида Шароф ака вилоятнинг бошқа раҳбарлари олдида менга: «Ўртоқ Қурбонов, бу йил ҳарбий билим юртларига ўқишга қанча ёшларни юбордиларинг? — деган саволни берди. Мен олдинги йили икки нафар ёш йигит ўқишга юборилган бўлса, бу йил қирқ нафардан зиёд жўнатилди, десам, «Режа қанча эди?», деб сўради ва жавобни эшитиб: «Етарли ишламабсизлар, ҳаракат қилиш керак», деди қатъий оҳангда. Унинг ушбу масалада билдирган норозилиги ва талаби шу ерда ҳозир бўлган вилоят, туман ва шаҳар раҳбарларининг барчасига қаратилган экани тушунарли эди. Бу билан ­Шароф Рашидов ҳарбий округ раҳбарлари, асосан, Россия Федерацияси, Украина, Белорусь, Болтиқбўйи республикалари вакиллари эканини яхши билар ва биз учун миллий ҳарбий кадрлар ҳам жуда зарурлигини, бунинг чораларини кўриш лозимлигини таъкидлаган эди.

Шароф Рашидов мамлакат ҳаётининг турли соҳасига доир қарор ва режаларни қабул қилишда мавжуд муаммоларнинг сабаб ва оқибатларини обдан ўрганар, ёрдамчилари, ҳамкасблар, мутахассислар, тажрибали кишилар билан маслаҳатлашар, бунда давлат ва одамлар манфаатларининг уйғунлигини таъминлашни инобатга олишни талаб қилар эди. Ҳар бир мавжуд аниқ вазиятда масаланинг ижобий ва салбий томонларини  инобатга олиб, бор имкониятлардан фойдаланиб, белгиланган мақсадларга эришарди.

Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқдаги ўрни ва салоҳиятини тушунадиган Марказ халқимизнинг бутуниттифоқ дастурхонига ўзининг олтини, гази, пахта ва пилласи, қишлоқ хўжалиги машиналари билан қўшаётган салмоқли ҳиссасига тегишлича баҳо беришга мажбур эди. Шунинг учун Шароф акани ҳам шонли меҳнатлари эвазига бир неча бор мукофотлади. Бундай шароитда Шароф Рашидовнинг обрўйи республикада ҳам, бутун Иттифоқ миқёсида ҳам  ошди. Катта-ю кичик унинг номига албатта, «ака» ёки «ота» сўзини қўшиб, юксак ҳурматини  билдирар эди. Шу билан бирга Марказ республика халқи ва унинг биринчи раҳбарининг ютуқларини кўролмайдиган кишиларни, ҳасадчиларни, шу жумладан, думалоқ хатлар муаллифлари ва тарафдорларини текшир-текширлар билан рағбатлантириб келгани ҳам ҳақиқатдир. Шароф Рашидов Марказнинг босими ва ғанимларнинг чақишларига чидаб келган бўлса-да, улар унинг соғлиғига  путур етказди, албатта. Миллат сардорининг чарчаган бемор юраги 1983 йил октябрь ойи охирларида уришдан тўхтади...

Меҳрибон ва талабчан ота

Шароф ака ва турмуш ўртоғи Хурсаной опа беш фарзанд кўрдилар. Улар таълим-тарбия бериб, боғча ва мактабга жўнатиб, кутиб олиш, дарсларни тай­ёрлашларини кузатиб бориш асосан уй бекасининг елкасида бўлса ҳам, болалар отанинг диққат-эътибори-ю, меҳр-муҳаббатисиз қолгани йўқ. Шароф ака ишдан келганларида фарзандларининг ҳар биридан, кеч қайтган кезлари эса Хурсаной опадан болаларининг соғлиғи, юриш-туриши, ўқиши, кимлар билан дўстлашгани, қандай китоблар ўқиётгани ҳақида суриштирар, кичкинтойларни кўтариб эркалатаркан. Ҳар бир фарзандининг исмига ўзига яраша ширин сўзларни қўшиб  мурожаат қилиш одати бўлган экан. Катта қизи Сайёра опа: «...ҳар биримиз билан кўнглимизга мос гаплашарди. Албатта, талабчан эди, бироқ жазолашга шошилмасди. Дейлик, фарзандларига бир нарсани қатъий буюрмас, балки таклиф сифатида айтар эди. Фикрлашга ундарди. Биз уни бажонидил қўллаб-қувватлардик. Отам биздан хурсанд бўлиши, ғурурланиши учун барчасига тайёр эдик», деган эди бир суҳбатда.

Хурсаной Ғафурованинг айтишича, Шароф Рашидов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланган куни уйга жуда кеч қайтиб, хотинидан болаларни уйғотишни сўраган. Фарзандлари уйқу аралаш ювиниб, кийиниб оталарига қараб ўтирганларида, у киши шундай деган эканлар: «Болаларим, мен бугун катта бир мажлисдан ҳозиргина чиқиб келдим. Мени республиканинг биринчи котиби қилиб сайладилар. Энди бу оғир вазифада мен кимга суянаман? Биринчи навбатда, сиз — болажонларим менинг ёрдамчим бўлишингиз керак! Бунинг учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда мактабда аъло баҳога ўқишингиз керак. Хулқ-атворимиз ҳам намунали бўлиши керак. Оилада темир интизом бўлмай туриб, мен қандай қилиб кўчада интизом ҳақида гапира оламан?» Бугина эмас. Талабчан ота, давлат ва мамлакат маcалалари билан ўта банд бўлишига қарамасдан, фарзандларининг мактабда ўқишлари, ўзларини қандай тутишларини шахсан назорат қилишга вақт топар, бунинг учун ота-оналар мажлисларига борар экан. 

Шароф аканинг барча фарзандлари меҳрибон ва ғамхўр отанинг бундай муносабати ва мурожаатига жавобан одобли, интизомли ва фаҳм-фаросатли, ақлли ва виждонли инсонлар бўлиб етишишди.

Шароф Рашидовни тўфонлару сувости қоялар бисёр уммонда сузиб бораётган, Ўзбекистон деб аталмиш кемани моҳирлик билан бошқарган дарғага ўхшатгим келади. У хавф-хатарлар ошиб-тошиб турган вазиятда кема йўловчилари — кўп миллионли халқимизни мўлжалланган қирғоққа омон-эсон етказиши лозим эди ва у бу фавқулодда оғир вазифани аъло даражада бажарди. Шунинг учун у халқимизнинг меҳр-муҳаббати ва чексиз ҳурматига сазовор бўлди. Хусусан, мустақил Ўзбекистонда бу беназир  инсоннинг  буюк хизматлари ва сўнмас сиймоси бутун бўйи басти билан намоён бўлмоқда.

Собир ҚУРБОНОВ,

тарих фанлари номзоди, меҳнат фахрийси




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔11

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар