Болалар саломатлиги – келажакка энг зўр сармоя
Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси
Батафсил— Фарзандим бир ёшдан ўтиб гапира бошлади. Ҳозир беш ёшда, гапирганда дудуқланади. Аввалига улғайгач, дудуқланиши қолади деб ўйлагандик. Лекин кучайса-кучайдики, камаймади. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак?
— Дудуқланиш бу — товуш, бўғин ёки сўзларнинг тез-тез қайталаниши чўзилиб кетиши жараёни натижасида нутқнинг бузилиши демакдир, — дейди пойтахтимиздаги 608-сонли мактабгача таълим муассасасининг тажрибали логопеди Лобар ЖАЛИЛОВА. — Болаларда дудуқлик икки сабаб туфайли юзага келади. Биринчиси, мия касалликлари оқибатида юзага келувчи дудуқланиш бўлиб, бу ҳомиладорлик давридаги қаттиқ стресс, туғилишдаги мия жароҳатлари, менингит, энцефалит каби касалликлар оқибатида келиб чиқади. Баъзан эса ирсий омил таъсирида ҳам пайдо бўлади. Бундай ҳолатларда, асосан, медикаментоз даволаш асосий ўринга чиқади ва бир пайтнинг ўзида психолог ҳамда дефектолог бирга ишлайди.
Иккинчисида эса, танада соматик касалликлар мавжуд бўлса, невроз кўринишидаги дудуқланиш пайдо бўлади. Психологик жароҳатлар, жисмоний, ақлий ва руҳий зўриқишлар дудуқланишнинг бошланишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолатлар болалар неврози деб аталиб, психоген жароҳат, чарчаш ва руҳий зарбалар таъсири ўтиб кетиши билан дудуқланиш ҳам қолиши мумкин. Баъзан, ўзидан из қолдирадиган, турғун ва ривожланувчи дудуқланиш пайдо бўлади. Бундай болалар гапиришдан қўрқади, уялтирмасликлари учун кўпроқ жим туришни афзал кўради.
Қаттиқ қўрқиш, катта жанжалнинг гувоҳи бўлиш, калтакланиш, қоронғи хонада қолиб кетиш, ит қопиши, баландликдан йиқилиш, сувга чўкиш, бирор ҳалокатга учраш, баланд иситма тутиши, ота-онасига ичикиш, ота ёки онасини йўқотиш, ўлим билан тугаган ҳолатнинг гувоҳи бўлиш каби воқеа-ҳодисалар ҳам боланинг дудуқланишига сабаб бўлиши мумкин. Дудуқланган боланинг юз мимикаларидаги ўзгаришлари, панжалар қалтираши (қўл тремори), тирноқни тишлаш, сочни ўйнайвериш, қашиниш каби одатлар билан ҳам бирга кузатилиши мумкин. Бу болаларда яна уйқу йўқолиши, қўрқинчли тушлар кўриш, жиззаки бўлиб қолиш, иштаҳасизлик, кўп йиғлаш каби руҳий ҳолатлар билан ҳам кечади.
Фарзандингизда дудуқланиш аломатини сезсангиз, бундан дарров хавотирга тушманг. Аввало, дудуқланишнинг сабабини топиш ва даволаш керак. Болангиздан тўғри гапириш кераклигини талаб қилиб, ҳадеб изза қилаверманг ва қаттиқ гапирманг. Ёнида унинг дудуқланаётгани ҳақидаги тортишув ёки суҳбатларга йўл қўйманг. Бола аниқ бирор воқеа-ҳодиса натижасида қўрқиб, дудуқланиб қолган бўлса, бу воқеани зинҳор эслатманг. Худди шамоллаш каби, дудуқланишнинг ҳам ўтиб кетишига уни ишонтиринг. Чапақай бўлса, ўнгақайликка ўргатишга уринманг. Айбламанг, талаблар қўйманг. Мактаби, боғчасидаги устозларига болангиздаги бу ҳолатни тушунтиринг. Ака-опасига унинг дудуқланишини масхара қилмаслик кераклигини уқтиринг. Ўзига эса қандай гапириш кераклигини дона-дона қилиб, юмшоқлик билан тушунтиринг. Бундай вақтда бола спорт билан шуғулланса, бокс, сузиш, дзюдо каби спорт тўгаракларига бир муддат бормай тургани маъқул. Бунда невропатолог, психоневролог, психотерапевт ва психолог, логопед билан ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.
Япония мактабларида овқатланиш тизими ва «Сёкуику» фалсафаси
БатафсилАҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш депутатларнинг доимий назоратида турган масалалардан.
БатафсилОлимлар «фаст-фуд» ва ширин газли ичимликлар нафақат семиришга, балки когнитив назоратни йўқотилишига сабаб бўлишини исботлашди.
Батафсил