ёхуд тарихдан йироқлашишнинг аччиқ оқибати
Ҳеч ким ўз-ўзидан китобхон бўлиб қолмайди. Аслида китобхонлик китобга қизиқишдан, қизиқтиришдан бошланади. Бунда ота-онанинг ўрни катта. Одам нимани севса, нимага қизиқса ва интилса, шунга яқинлашиб бораверади. Ўша соҳа унга кенг йўл очади, улкан парвозларга чорлайди. Бунинг учун ҳар бир шахс ўзига нима кераклигини, аввало, аниқ ва равшан билиб олиши зарур.
Отам оддий ишчи, аммо маърифатли инсон эди. Узоқ қиш кунлари танча атрофида тизилиб ўтирган биз — фарзандларига турли-туман китобларни ўқиб берар, асар ёки ҳикоянинг мағзини соатлаб тушунтирарди. Ўқиётгандаги ҳаяжони ҳеч қачон кўз олдимдан кетмайди. Ҳар бир сўзни авайлаб, тушунарли бўлиши учун равон ўқирди.
Биринчи мустақил ўқиган китобим Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» асари эди. Қаттиқ таъсирланганман ва ундаги қаҳрамонларга ўхшашга интилганман. Баъзи вақтларда ўқишга шу қадар берилиб тонггача ўқирдим-да, ҳеч нарса бўлмагандай дарсга отланардим. Бир куни кечаси билан китоб ўқиб чиқдим. Тонг саҳар китобни тугатиб тураман, десам, бошим айланиб, укам ётган бешик устига йиқилиб тушдим. Яхшиямки, укамга ҳеч нарса қилмаган.
Урушдан кейинги оғир йилларда мактабдан-мактабга кўчишга тўғри келди. Аммо қайси мактабга бормай, ўша мактабнинг кутубхонаси бой, устозлари ҳам меҳрибон, заковатли одамлар эди. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний асос солган 40-мактабда таҳсил олдим. У ердаги устозлар улуғ анъаналарни муқаддас билиб, уларни давом эттириб келаётган кишилар эди. Мен мактабда аниқ ҳамда гуманитар фанларни пухта эгаллашга ҳаракат қилдим. Сўнг олийгоҳга ўқишга кирдим.
Институтда ўқиб юрган кезларим кутубхона энг севимли масканим бўлди. Китобга қизиққан инсоннинг йўли нурли кечади. Яхши китоб унга ҳамиша йўлдош бўлади. Буни қарангки, мен автобусга чиқадиган бекат қошида ҳам, институт олдидаги бекатда ҳам китоб дўконлари бор эди. Ҳар куни ўқишга келиб-кетганда китоб дўконларига, албатта, кириб ўтардим.
Ҳожимуллаев деган домламиз бир куни доскага «Коши теоремаси», деб мавзу қўйди. Мен китоб дўконларини кезиб чиққаним учун «М.Я.Выгодский. Справочник по элементарной математики» деган китобни ўқигандим. Унда «Буюк ўзбек математиги», «Буюк ўзбек астрономи», «Буюк ўзбек файласуфи» каби сифатлар ёзилиб, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Улуғбек ва Жамшид Коший номлари қайд этилган эди.
Кейинчалик ўзбеклардан чиққан улуғ зотларнинг номларидан буюк, улуғ деган сифатлари мустабид тузум томонидан олиб ташланди. Ҳожимуллаевдан «Коши деганингиз Жамшид Кошиймасми?», — деб сўрадим. Домла хушламайгина «Эй, бу бошқа», деб жавоб берди. Мен ҳайрон бўлдим: «Справочник»да «ўзбек» дейилган-ку?!» Шу-шу, мен Хоразмий, Фарғоний, Коший, Улуғбеклар билан қизиқиб, аниқ фанлар тарихига шўнғиб кетдим. Ўша олимлар ижодини ўрганиш менга тарих эшигини очди. Аввалига математик, кейин тарихчига айланганимни ўзим ҳам сезмай қолдим…
Баъзи тарихчиларнинг ўз тарихини чин дилдан севмаслиги дилимни ўртайди. Ҳозир қадимги ўрта аср тарихини биладиган жуда кам. Йўқ, десак ҳам бўлади. Яқинда бир тарихчи билан суҳбатлашиб қолдим. У менга: «Геродотнинг «Тарих» китобини ўқимаганман, тўғри келмаган-да», деб хотиржам гапиряпти. Қандай қилиб тарихчи бўлиб, юртинг ҳақида битилган қадимий китобни ўқимаслик мумкин? Рус тилида бўлса, нима қилибди?
Фаолиятим давомида Амир Темур ҳаётини чуқур ўргандим. Аммо Темур қолдирган меросни ўрганиш, эъзозлаш фақат темуршуносларнинггина иши эмас. Бу шу миллатга мансуб ҳар бир шахс ўрганиши керак бўлган саркарда. Амир Темур ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этган, улуғ, буюк инсондир. Унга ҳар доим садоқатда бўлишимиз керак. Амир Темурни фақат давлат мутасаддилари ёки тарихчилар эмас, мактаб ўқувчилари ҳам эъзозлашни ўзининг бурчи, вазифаси, деб билиши керак. Тарих келажак нурли, чароғон бўлиши учун жуда муҳим. Фарзандларимизга тарихни асрашни ўргатайлик. Зеро, у барчамизники.
Илгари биз бирон бир китобни ойлаб навбатга туриб ўқир эдик. Шукрки, бугун ундай эмас. Исталган китобни топишнинг иложи бор. Шундай экан, бу имкониятлардан тўғри фойдаланиш зарур. Болаларга китобга бўлган қизиқишни шакллантириш керак. Энг аввало, ҳар бир ота-она масъулиятни ҳис этса, фарзанди келажакда албатта, катта натижаларга эришади. Таъбир жоиз бўлса, ҳеч кимнинг китобдан узоқлашишга ҳаққи йўқ. Чунки ундан узоқлашиш ўзликдан, тарихдан узоқлашишдир.
Ашраф АҲМЕДОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил