Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

БОҒЧАДАГИ «ҚУЮҚ» ЗИЁФАТ

Дабдабанинг дебочаси аслида қаерда?

Фарзандини боғчага кузатиб қўйган ота-онани бир нарса хавотирга солади: у қандай озиқ-овқатлар емоқда? Сифати жойидамикан? Албатта, фарзандларимизнинг сифатли маҳсулотлар истеъмол қилиши, бунга мутасадди ходимларнинг масъуллиги кун давомида уларнинг ишончли қўлларда эканидан далолат беради. Аммо бугун ҳамма боғчада ҳам бу ҳолатни кўнгилдагидек дея олмаймиз. Ўзим яқинда гувоҳ бўлган бир ҳолат эса ҳали бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами катта эканини кўрсатиб турарди.

БОҒЧАДАГИ «ҚУЮҚ» ЗИЁФАТ

Бола саломатлигига хавф

Болалар боғчасининг эшиги олдида тўхтаган машинадан бир аёл катта торт кўтариб тушди. Унинг ортидан эргашган беш ёшлар чамаси қизалоқдан кўз узолмай қолдим. Худди келинларникидай турмакланган сочи, ёрқин бўёқли макияжи, узун, оппоқ кўйлаги эътиборимни тортди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, бир йигит катта гулдаста, ўттиз, қирқта шар билан улар кирган хонага йўналди. Шунча сарф-харажат камлик қилганидек, бир патнис махсус идишчалардаги пирожний ва турли  ичимликлардан тадбирга алоҳида тайёргарлик кўрилганини билиш мушкул эмасди. 

Эҳтимол, бу кўпчиликка оддий ва одатийдек туюлиши мумкин. Аммо масаланинг кишини ўйга толдирадиган айрим жиҳатлари борки, унга шундоққина қўл силтаб бўлмайди.

— Қизим боғчадан йўталиб келди, — дейди Ангрен шаҳар Қизил тоғ қўрғонида истиқомат қилувчи Саломат МАЛИКОВА. — Шамоллаб қолибди-да, деб дарров дори-дармон қилишга киришдим. Кун ўтгани сайин унинг аҳволи оғирлаша бошлади. Шифокорга олиб бордим. Кучлироқ дориларнинг ҳам таъсири бўлмади. Бундай вазиятда қизимни чуқурроқ тиббий кўрикдан ўтказиш зарур эди. Турли таҳлиллардан кейин қизимнинг қизил рангли маҳсулотларга аллергияси борлиги аниқланди. Йўталнинг асл сабаби ҳам шунда экан. Кейин билсам, гуруҳдаги бир боланинг туғилган кунида ота-онаси уларни турли ширинлигу ичимликлар билан роса сийлабди. Муздек қизил рангли шарбат ичиб, тоби қочган қизимни эса анча вақт даволатдим.

Бу кўпчилигимизга таниш ҳолат. Ота-она фарзандини нима учун мактабгача таълим муассасасига беради? Ўқисин, таълим олсин дейди. Айримлар ишлаш, оила боқиш ташвишида боласини боғчага беришга мажбур бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-она бу даргоҳга фарзандини ишониб топширади. Бирор зиён-заҳмат етмайди, деб умид қилади. Юқорида келтирилган ҳолатни эса қандай изоҳлаш мумкин, билмадим.

Жабрини ким тортмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йилнинг 19 июлдаги «Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори барча ота-оналарнинг кўнглидаги иш бўлди. Унда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг соғлом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этиш тартибига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Мактабгача таълим муассасасига борадиган ҳар бир бола турли шароит ва муҳитда ўсаётганини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг саломатлиги ва овқатланиши масаласида ҳам турлича талаблар мавжуд. Боғчага торт, турли ширинлик ва газли ичимликлар кўтариб келаётган ота-оналар буни ўйлаб ҳам кўрмаслиги аниқ. Улар учун тарбиячининг ва бошқа болаларнинг олдида фарзандининг обрўсини кўтариб қўйишдан бўлак яна қандай ўй-фикрлар бор экан-а?

Яқиндагина ўғлининг туғилган кунини боғчада катта тантана билан нишонлаб берган аёлга шу савол билан мурожаат қилдик. Ўзига тўқ оиланинг келини топгани шу ўғлиники экани, фарзанди учун бундан-да кўпроқ харажат қила олмаганидан афсусдалигини айтди. Албатта, боғчада фарзандининг туғилган кунини чиройли нишонлашга ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ. Лекин ҳар нарсанинг меъёри, ўлчови бор. Топганини сарфлашга сабаб қидираётганларни кўрган бошқа ота-оналар ҳам хархаша қилган фарзандини овутиш, тарбиячининг олдида юзи шувут бўлмаслиги учун шу йўлни тутишга мажбур бўлмоқда. Буни суҳбатдошларимизнинг кўпи тасдиқлади. Аслида боғчага ташқаридан бирор нарса олиб кириш мумкинми?

— Бундан бир неча йил аввал Учтепа туманидаги мактабгача таълим муассасасида тарбиячи байрам дастурхони учун салат тайёрлаш мақсадида уй шароитида пиширилган нўхат олиб келган, — дейди Тошкент шаҳар ДСЭМнинг болалар ва ўсмирлар гигиена бўлинмасининг мудири Фаина ҲАСАНОВА. — Натижада гуруҳдаги етти нафар боланинг тоби қочиб қолган. Тиббий текширувлар натижаси уларнинг кучли заҳарланиш туфайли ботулизм касалига чалинганини кўрсатган. Буни қарангки, болаларнинг орасида тарбиячининг ҳам фарзанди бўлиб, шифокорлар унинг ҳаётини аранг сақлаб қолишди. Бу иш юзасидан махсус текширувлар олиб борилиб, тарбиячига нисбатан қонуний чора кўрилди. Ҳаттоки, боғчанинг фаолияти тугатилди.

Ҳа, бундай хавфни ҳеч биримиз фарзандларимизга раво кўрмаймиз, албатта. Ҳозирда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун доимий текшириш ишлари олиб борилмоқда. 2017 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида 497 та боғчанинг 480 тасида турли камчиликлар аниқланиб бартараф этилди.

Мутахассиснинг айтишича, ота-оналарнинг боғчага олиб кирадиган маҳсулотларини чеклаш ҳамшира, тарбиячи ва унинг ёрдамчиси зиммасига юклатилган. Улар эрталабки кўрик (фильтр) вақтида шу каби ҳолатларни аниқлаб бартараф этиши зарур.

Хўш, масалага масъул ходимлар ўз хизмат вазифаларини тўла англаб етяптими? Боғчада бу ишлар қай тариқа амалга оширилмоқда?

— Аввалги йилларда байрам дастурхони, туғилган кунларни нишонлаш мақсадида ота-оналарнинг турли егуликлар олиб келиши кўп кузатилган, — дейди Яшнобод тумани 86-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси ­Ҳамида АБДУЛЛАЕВА. — Охирги вақтларда бу масалага жуда қаттиқ эътибор қаратилмоқда. Талабнинг бундай қатъий қўйилишига сабаб ташқаридан келган маҳсулотнинг сифати, шу кунгача қандай шароитда сақланганига ҳеч ким жавоб бера олмайди. Натижада аллергия, ошқозон-ичак касалликларига мойиллиги бор болаларда хасталикнинг авж олишига сабаб бўлади. Бир неча марта ота-оналарнинг келтирган нарсаларини қайтариб юборган ҳолатларимиз ҳам бўлган. Буни ҳар бир ота-она тўғри тушуниши, ўз фарзанди ва гуруҳдаги бошқа болаларнинг саломатлигини ўйлаши лозим. 

Шикаст етган қалб

«Ойим билан дадам мени яхши кўрмайди»... Боғчага борадиган беш яшар Мухлиса шундай деди. Унинг хаёлидаги бу ўй қаердан пайдо бўлди, унинг мурғаккина қалбига ким жароҳат етказди, деб кўп ўйладим. Кейин билдим...

Гуруҳидаги бир нечта болаларнинг туғилган кунини тантанали нишонлашганини кўрган қизалоқ анчагача унинг ҳам таваллуд айёми шундай ўтиши, ўртоқларининг табригини эшитишни орзу қилиб юрган. Лекин ҳамманинг ҳам шароити буни кўтармаслиги мумкин. Энди бу ҳолатни болага тушунтириб бериш анча мушкул кечади.   

Баъзан ушалмайдиган ваъдалар бериб боламизни овутмоқчи бўламиз. Улар ўйнаб юриб ҳамма нарсани эсдан чиқариб юбориши ҳам мумкин. Аммо яқинларини меҳрсизликда айблаётган гўдакнинг изтироби изсиз кетармикан?

— Айрим ота-оналар боласини кичик ёшданоқ дабдаба ва ортиқча сарф-харажатларга ўргатиб қўяди, — дейди психолог Дилноза ­САФАРОВА. — Бу худди фарзандига атайин бирор касалликни юқтиришга ўхшайди. Қарабсизки, вақт ўтиб бундан бола ҳам, унинг атрофидагилар ҳам азият чекади. Энг ачинарлиси, унинг онгида илдиз отиб кетган хасталикни даволашнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Айниқса, бу ҳолат болаларда яққол намоён бўлади. Улардаги тақлидга мойиллик, кўрганини такрорлашга уриниш бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини ўзида синаб кўришга ундайди. Шу тариқа битта ота-онанинг йўл қўйган хатоси бошқа оилаларда, жамиятда муаммонинг авж олишига сабаб бўлади.             

Ҳақиқатан ҳам, бугун уч-тўрт яшар болани атрофдагиларнинг эътиборини шундай маросимлар билан жалб қилишга ўргатаётган ота-она у вояга етгач, ҳаётини дабдаба ва ортиқча чиқимларсиз тасаввур қила олмаслиги аниқ. Эртага синфдошларига шу йўл билан ўзини кўрсатиб  қўйишни истаса, кейинчалик тўйини катта шов-шувли ўтказишни ихтиёр қилади. Қарабсизки, бугун жамиятимиздаги оғриқли муаммо бўлиб турган тўй-ҳашамлар дабдабаси муаммосига ўзимиз шароит яратиб қўймоқдамиз.   

Бугун айнан мактабгача таълим масаласига бежиз алоҳида эътибор қаратилмаяпти. Бунинг замирида улкан мақсад — жамият равнақи ва юрт келажаги турибди. Эртанги кунимиз эгаларининг эса маънавий ва жисмоний соғлом бўлиб вояга етиши энг катта ютуғимиз. Шундай экан, бу масъулиятли вазифани ҳар бир ота-она, педагог тўғри тушуниб етиши зарур.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,  

«Оила даврасида» мухбири     




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔11

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар