Борлиқ кифти узра ўтиб бораётган ҳар бир лаҳзамиз, кайфиятимиз, ҳолатимиз, кўзланган мақсад-муддаоларимиз заминида улғайган орзу-умидларимиз гоҳ юракка завқу шавқ бергувчи эзгу, гоҳ кишини ўйга толдиргувчи маъюс воқеа-ҳодисалар қуршовида кечади. Аксарият ёзувчилар ўз қаҳрамонларининг ички ва ташқи қиёфасини яратиш жараёнида ҳаётий тажрибаси, қувваи ҳофизаси, бир сўз билан айтганда, тасаввуротига таянган ҳолда яратса, айрим адибларимиз ўз асарларини бевосита ўзи кўрган ва бошдан кечирган, ҳис этган воқеалар, ҳолатлар асосида ёзади...
Таниқли ижодкор, публицист Қулман Очилнинг яқинда «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан нашр этилган «Сой соҳили» китобини ўқиб, замонга ҳамнафас замондошларимизнинг қадамлари садосини аён эшитгандек, уларнинг дарду армонларини ҳис этгандек бўлдим. Зеро, китобдаги ҳар бир ҳикоя муайян воқеа қамровида кечади. Аммо ундаги қаҳрамонлар ҳолати, ҳаяжони ўша воқеалар қамровидан чиқиб, ўқувчининг юрагида ўз таъсиру тақозосини давом эттиради. Беихтиёр, босиб ўтилган умр йўлларингизга назар ташлайсиз, ибратомуз хулосалар чиқаришга азм этасиз.
Тўпламдан ўрин олган ҳикоялар турли мавзуларда ёзилган бўлишига қарамай, уларнинг барчасини ғойибона бирлаштириб турадиган бош мавзу — инсонийлик, инсон манзаралари. Ҳаётда юз берадиган қийинчиликлар, гоҳ содда, гоҳ мураккаб вазиятларни енгиб ўтиб, ҳалол ризқ илинжи, бемор онасининг муолажаси учун маблағ топиш умиди билан тинмай елиб-югураётган, ишдан бўшаган вақтида умрининг ҳар сониясини ғанимат билиб, «шохига дока осилган дарахт соясида китоб ўқиб ўтирган» болакайнинг мунгли, аммо ғурур, қатъият тўла нигоҳлари («Лафз»), аёвсиз дард чангалида яшашдан умидини узган ҳолда ҳам неварасининг қисмати ҳақида тинимсиз қайғуриб, овсинига жўяли васиятларини қолдираётган Саида опанинг армонли кечинмаларига («Бир капгир ош») оид ҳикояларни ўқиган китобхонда меҳру оқибат, диёнат, ғамхўрлик каби умрбоқий туйғуларгина бу ўткинчи дунёнинг камини тўлдиради, деган ёруғ, тасаллибахш тасаввур пайдо қилиши табиийдир.
Нафсу ҳирс ҳукмронлик қилган вужуд, худди, зулм билан қурилган иморат янглиғ, охири вайроналикка маҳкумлиги ҳақидаги ҳикматларни кўп эшитганмиз. Китобдаги истак чангалида қолган, бузуқлик, фаҳшга ўрганган кўнгилларнинг ўртаниши оқибати шармандалик, афсус-надомат билан хотима топиши фожиасидан («Geri gedan», «Тўғри», «Сайёра») огоҳ этувчи лавҳалар ҳаётийлиги, тарбиявий жиҳатлари билан аҳамиятлидир.
Одам одамга бегона эмас. Бир-бирини мутлақо танимайдиган, иложини топса, бир-бирининг ҳаққидан юлиб қолишга ҳамиша тайёр ҳар нечук одамларни ҳам ўзаро яқинлаштирадиган, қайғусига, ташвишига шерик қиладиган эзгу туйғулар ҳар бир яралмиш вужудининг қаър-қаърларида мавжуддир. Бу ҳам бўлса — инсоф. Инсоф кишининг виждонини уйғотади, бировнинг мушкулини осон қилиш учун, зарур бўлганда, ўз манфаатидан бироз бўлса-да, воз кечишга ундайди. «Сой соҳили»дан ўрин олган «Савдо» ҳикояси, таъбир жоиз бўлса, дунёни ҳалокатдан, одамзодни бемаҳал етган оғир айрилиқлар азоб-изтиробларидан, виждон қийноғидан қутқарувчи бу улуғ ва ноёб туйғунинг шарҳидек, кўнгилда илиқлик ва келажакка ишонч уйғотади.
Бундан ташқари, тўпламдаги ҳикояларда лоқайдлик, ҳиссизликдан буткул йироқ инсоний эътиборнинг нозик туйғуларга эҳтиром рамзи экани («Сой соҳили») эътиборни тортади. Қўрқоқлик ва мунофиқлик қилиб, бир лаҳза сувдан қуруқ чиққан нокаслар этагига илашган мурдор уларни бир умр таъқиб этиши ва шарманда қилиши («Кертилган») ўйга толдиради. «Балиқ билмаган тақдирда ҳам Холиқ биладиган» эзгуликнинг, яхшилар меҳрининг унутилмаслиги ва бир ёруғ кунда қайтишига («Шляпали одам») ишончни мустаҳкамлайди. Буюк шоирнинг бу дунёда ҳамма нарса унутилиши, фақат эзгулик абадийлиги ҳақидаги ўгитлари ёдга тушади.
Китобдаги ҳикоялар тили ва услуби содда, равон, муаллифнинг баён ва тасвирда холислиги билан китобхонни ўзига жалб эта олишига ишончимиз комил.
Шаҳодатбону
ИМОМНАЗАРОВА,
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий ходими
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил