— Мен умримда бирон китобни тўлиқ ўқиб чиқмаганман. Тўғриси, ўқиёлмайман. Эндигина ўқишга киришсам, бошим оғрий бошлайди.
— Сизнинг қўлларингизни музейга қўйса бўларкан. Остига «Умрида бир марта ҳам китоб ушламаган қўллар», деб ёзиб қўйилади...
Китоб ҳақида фармойиш чиқди-ю, ҳамма ёппасига китоб ўқиш керак, ҳозирги ёшлар китоб ўқимай қўйди, мутолаанинг фойдаси кўп, дейишга тушиб кетди. Телевизорда бу ҳақда катта-кичик кўрсатувлар тайёрланиб, манаман деган кишилар чиқиб, китобхонлик ҳақида ваъз ўқий бошлади. Газета-журналларда ҳам китоб ўқимасангиз бўлмайди, деган шиор остида анча мақолалар ёритилди. Айниқса, кўпчиликнинг кўзи ўрганган телеюлдузларнинг китоб ўқиш ҳақидаги панд-насиҳатларини обдон тингладик. Назаримда, бошқаларга китоб ўқиш қандай бўлишини тушунтираман, деб анча одамнинг вақти сарф бўлди. Бу ҳалигача давом этяпти...
Мени бошқа бир жиҳат қизиқтиради. Халққа ҳар куни китоб ўқишни ўргатаётган ақллининг ўзи охирги марта қайси китобни қўлига олиб кўрди экан?
Бир гал шундай йиғинлардан бирига мени ҳам таклиф қилишди. Бордим. Съёмка белгиланган вақтга бир аёл етиб келолмади. Ҳамма уни узоқ вақт сабр-тоқат билан кутиб турди. Катта-катта унвону нишонлар ортига яширинган қаҳрамонимиз келгачгина суратга олиш бошланди. Гап-сўзларидан маълум бўлдики, китоб ҳақида бутун дунёга бонг ураётган бу киши умрида биттагина китоб ўқиганини зўрға эслади: «Киприкни тўғри парваришлаш сирлари». Бундай кишининг маънавий олами нақадар эканини ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак...
Энг қизиғи, китобхонликка тарғиб бўлаётган даврада кўп китоб ўқиш болани эсдан оғдириб қўяди, дея хавотир билан фикр билдирганлар ҳам бўлди.
Бир куни боғча ёшидагилар телефон орқали ўйнайдиган ўйинни муккасидан кетиб ўйнаётган кап-катта йигитга бундан кўра китоб ўқисанг бўлмайдими, деб савол берсам, у ўйиндан кўзини узмай жавоб берди: «кўряпсиз-ку, вақт йўқ!..»
Мўйлаби сабза урган бу киши кейинчалик китобхон бўлиб кетишига ишониш ҳўкизнинг туғишига ишонишдай гап. Аввал-бошда китобни танимаган кишидан кейинчалик мажбурлаб китобхон ясаш амри маҳол. Менинг назаримда, ҳар бир одам «Китоб ўқишдан мақсад нима?» «У инсонга нима беради?» «Ўқиган билан ўқимаганнинг фарқи нимада?» каби саволларга асосли жавоб топа олсагина хулқи ва ҳаётида салмоқли ўзгаришлар бўлиши мумкин. Фарзандларимизнинг мана шу саволига ўринли жавоб топиб бера олсаккина улар ўз-ўзидан мутолаага киришиб кетади. Акс ҳолда, мақсад-муддао ва натижани фаҳмлолмаган болаларни ўқишга одатлантириб бўлмайди. Ота-она шунча ундагани бекор. Мана, масаланинг моҳияти қаерда...
Бундай саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бунга жавоблар кўп. Қисқача айтганда, китоб ўқиш инсон бўлиб туғилган зотга инсон бўлиб яшаш саодатини инъом этади.
Техника тараққиёти инсон ва инсонийлик ҳақидаги баҳсни биздан бироз узоқлаштирди. Қўлимиздаги айрим ускуналар бизни ўзимиздан бегоналаштиришга хизмат қиляпти. Китоб эса инсоннинг ўзини ўзига таништирувчи бир сеҳрли кўзгу — Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, чинакам «оинаи жаҳоннамо»дир. Буни кейинги даврларда ҳам теран англаб етган ижодкорлар сўз воситасида инсонга ўзини, ўзлигини танитиш йўлини тутишди. Абдулла Қодирий, Габриэль Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов, Михаил Булгаков каби сўз санъаткорлари ана шу фикримизга яққол далил бўла олади.
Бир олимдан «Китоб сизга нима берди?» деб сўраганимда, у қисқа ва соддагина қилиб, «Ҳаётда тўғри яшаш қоидаларини ўргатди», деб жавоб берган эди. Бир куни у хасталаниб қолганини эшитиб, ҳол сўраб уйига бордик. Ҳали қурилиши охирига етмаган янги иморат. Биттагина хонаси одам кирса бўладиган алфозда. Ўша хонанинг ҳамма жойига даста-даста китоблар тахлаб қўйилган. Уйда на мебель, на телевизор, на бирон жавон, ҳатто хонтахта ҳам йўқ эди-ю, олам-жаҳон китоблар кўрган одамнинг ақлини шоширарди. Шунда бир ҳақиқатни англаб етдим: инсоннинг маънавий бойлиги дунёдаги ўткинчи ҳою-ҳаваслардан жуда юқори турар экан...
Кейинги пайтларда бир кунда фалон китоб ўқигани билан мақтанадиганлар пайдо бўлди. Улар ҳатто, ўқиган барча китобларини рўйхат қилиб, уни бошқаларга кўз-кўз қилишни хуш кўришади. Шундайлардан бир нечтаси билан суҳбатлашдим. Суҳбат якунида афсус, дейишдан бошқа чора қолмади. Уларнинг оддий мантиқ қоидаларидан анча йироқ фикрлаши мени таажжублантирди. Китоб ўқишни биладиганлар, шунга қизиқадиганлар борлиги яхши, албатта. Шу билан бирга, китобни нима учун ўқиётганини ҳам билишса, нур устига нур бўларди.
Самандар ҚЎШЖОНОВ,
Хонқа тумани
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил