— Қаттиқ тумов бўлганман. Сира тузалмаяпти. Шифокор гайморит деб ташхис қўйди. Ўзим эса тумов деб тусмоллаяпман. Гайморит қандай юзага келади? Ундан тез қутулиш йўли борми?
Моҳларой НИШОНОВА,
Наманган вилояти
— Гайморит бурун атрофи ғалвирсимон бўшлиғи яллиғланиши бўлиб, ўткир ринит, яъни шамоллаш асорати ҳисобланади, — дейди пойтахтимизнинг 23-оилавий поликлиникаси лор-шифокори Баҳодир РАСУЛОВ. — У кўпинча эътиборсизлик натижасида оддий шамоллашнинг зўрайиши оқибатида келиб чиқади. Кўпчилик эрталаб мактаб, институт, ишга кетиш олдидан бошини ювади ва нам соч билан кўчага чиқади. Бу ҳам ўз навбатида гайморит ва бош соҳасидаги бошқа жиддий касалликларга олиб келиши мумкин. Умуман, гайморит тез-тез шамоллайдиган кишилар орасида кўп учрайди. Бурун суяги қийшиқроқ кишиларда ё томоқ ва қулоқ соҳасида сурункали шамоллаш бўлганда ҳам гайморитга чалиниш ҳолатлари учрайди. Бош, пешона ҳамда бурун атрофида оғриқ, буруннинг битиши, бурундан йирингли шилимшиқ ажралмаларнинг келиши, ҳолсизлик — гайморитнинг дастлабки белгиларидир. Доимий тумов таъсирида нафас олиш қийинлашади, тиш оғриши ҳам мумкин. Бемор энгашганда, акса урганда, йўталганда юқори жағ соҳасидаги оғриқ янада кучаяди. Бурни битиб, нафас олиши қийинлашади, димоғида гапиради, вақтинчалик ҳид ва таъм билиш сезгиси пасаяди. Бурундан рангсиз ёки сарғиш (баъзан яшил) йирингли, ўзидан нохуш ҳид тарқатувчи, шилимшиқ модда ажралади. Агар шу ҳолатлар кузатилганидан кейин ҳам муолажалар бошланмаса, кўнгил айниши, тана ҳароратининг кўтарилиши пайдо бўлади. Баъзида оддий тумов деб, антибиотиклар қабул қила бошлаймиз, аммо бу ёрдам бермайди. Бу ҳам сизда гайморит бошланганини билдириши мумкин. Касалликда оғриқ аста-секин бошланади, айниқса, аксирганда ва йўталганда оғриқ кучаяди. Кечга бориб ўрта бурун йўлида шилимшиқ йирингли ажралмалар, бурун ўрта чиғаноғи олдида шиш, шиллиқ парда яллиғланиши безовта қилади.
Гайморитнинг тумовдан фарқи шундаки, оддий тумовда ҳам худди гайморитдаги каби бурун битади, бурундан сув оқади, аммо суюқ, кўкимтир ажралма келади. Гайморитда эса бурун битиши баробарида қон аралаш йирингли суюқлик келади. Бош, пешона, бурун, кўз атрофида кучли оғриқ пайдо бўлади. Гайморитни бошланғич даврда 7-8 кун ичида даволаш мумкин. Бироқ борди-ю, касаллик бошланганидан кейин анча вақт ўтса, даволаниш узоқ муддатни талаб этади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам бемор шифокор назоратида бўлиши лозим. Касаллик юзасидан ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик ёки уни охиригача даволамаслик гайморитни зўрайтиради ва бошқа асоратларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шу сабабли бурун соҳасида бирор муаммони сезган киши, албатта, лор-шифокор ҳузурига бориши лозим. Бундан ташқари, нам соч билан кўчага чиқмаслик, чўмилгандан сўнг енгил уст-бош киймаслик, оёқни иссиқ тутиш, шамоллашни охиригача даволаш зарур.
Озода ВАЛИЕВА
ёзиб олди.
Демография билан ўйнашиб бўлмайди
🕔10:56, 04.12.2025
✔27
Кейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил
Анор – бактериялардан табиий ҳимоя
🕔15:43, 27.11.2025
✔51
Анор юрак-қон томир тизими саломатлиги учун муҳим бўлган мевалардан биридир. B12 витаминининг кони экани ҳисобига қон босимини меъёрлаштиради, қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди, эритроцит ва гемоглобин синтезида фаол иштирок этгани сабабли мия ва асаб тизимига ижобий таъсир қилади.
Батафсил
Коронавирус вакцинаси саратонни даволашда ёрдам беради
🕔15:12, 20.11.2025
✔62
COVID-19 га қарши мРНК вакциналари саратон билан курашаётган айрим беморларнинг умрини узайтириб, касалликни даволашда самарали бўлиши мумкин.
Батафсил