Охирги пайтда халқимиз китобхонликдан узоқлашиб кетгани аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. Кўпчилигимиз тирикчилик, қорин ғами деб китоб ўқишни эсдан чиқардик. Айниқса, ёшлар ахборот-техник воситаларга керагидан ортиқ берилиб кетди. Аслида ҳеч қандай ахборот воситалари китобнинг ўрнини боса олмайди, чунки фақат китобгина инсонни комиллик сари етаклайди.
Ота-онам саводсиз бўлса-да, китобга меҳр-муҳаббати жуда юқори эди. Айниқса, отам қаерга бормасин, уйга китобсиз қайтмасди. Улар ҳамиша: «Ўқинглар, бизга ўхшаб очиқ кўр бўлиб қолманглар», деган гапни кўп такрорлар эдилар.
Мактаб ёшига етмасимдан саводим чиққан. Тоғам бизнинг уйдан мактабга қатнарди. Шу боис унинг китоб ўқишига, дафтарнинг оппоқ қоғозига бир нималар ёзишига ҳавасим келарди. Ўзимча машқ қилиб, уларга ўхшатиб ёзардим. Менга ҳам ёзишни ўргатинг деб, тоғамни ҳоли-жонига қўймасдим. Ҳарфларни тоғамдан ўрганган бўлсам-да, энг катта мададни ота-онамдан олганман. Улар ҳар куни «Дарс қилдингизми, нега дарров бўлдингиз? Қани, алдаманг, бошқатдан китобни олиб дарс қилинг», деб мени кўпроқ билим олишга ундарди. Дарсимни тайёрлаб бўлган бўлсам-да, уларни хафа қилмаслик учун китоб-дафтаримни олиб, яна дарс тайёрлардим.
Саводим чиққач, ота-онамга китоб ўқиб берадиган бўлдим. Улар халқ достонларини завқ билан тинглашарди. Кўзлари ёшланиб, севинарди. «Гўрўғли», «Равшан», «Авазхон» достонларини қайта-қайта ўқиб берардим. Достон ўқишни тугатишим ҳамоноқ, кўзларида ёш билан мени узоқ дуо қилишарди.
Бора-бора китобга шунчалик боғланиб қолдимки, ҳатто тундан-тонггача фонар ёрдамида кўрпанинг тагида китоб ўқиб чиқардим.
Тўртинчи-бешинчи синфда ўқиб юрган кезларим Алишер Навоийнинг ижодига қаттиқ қизиқиб қолдим. Бунда адабиёт фанидан дарс берадиган устозимнинг таъсири катта бўлди. У киши Навоийни шунчалик меҳр, самимийлик билан тушунтирардики, ҳатто кўзларимга ёш келарди.
Мактабимиз кутубхонасида Навоийнинг асарлари кўп эди. Уларни унча яхши тушунмасам-да, ҳаммасини ўқиб чиққанман. Орадан йиллар ўтиб, ёшим улғайгач, Навоий бобомизнинг асарларини қайтадан ўқиб, унинг нечоғли буюк инсон эканини янада чуқур англадим.
Мен доим истеъдодли кишиларга ҳавас қилиб, улардек билимли бўлишга ҳаракат қиламан. Қалб покиза, ният тоза бўлса, инсон ҳар қандай маррани забт этади. Фақат вақтдан унумли фойдаланиб, кўпроқ ўқиш лозим. Айнан кўп ўқишгина инсонни ҳақиқий бахт сари етаклайди.
Афсуски, мустабид даврда қанчадан-қанча китоблар юртимиздан олиб кетилган. Ҳозирги кунда ўша китоблар чет элликлар томонидан турли сайтларга жойланмоқда. Уларни бемалол ўқиш, тадқиқ қилиш, фойдаланиш мумкин.
Ёшларга эртадан-кечгача телефонда фақат ўйин ўйнаб, вақтни бекор кетказгандан кўра, кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилган бўлардим. Ўйин ўйнаш эмас, китоб ўқиш, тил ўрганиб фойдаланишга ундаган бўлардим.
Жавлон ЖОВЛИЕВ
ёзиб олди.
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил