Яқинда бир танишим қиз узатди. Бизда «жорий» этилган расм бўйича юртга ош берди. Ошга тумонат одам келди.
Одатда ошга бўлажак қуданинг оға-иниси, дўстлари, қўшнилари, узоғи билан ўттиз киши бир автобус бўлиб келарди. Бу тўйга эса беш автобусда, бир қанча енгил машинада қудалар келишди. Аниқроғи, келишди эмас, «босиб» кетди. Эринмасдан санадик: икки юз қирқ саккиз нафар киши келибди.
Тўй эгаларининг ҳолини кўрсангиз эди. Қуда томон учун юз ўрин ажратилган экан. Бу ёғи нима бўлганини қўяверасиз. Ҳамма уларга дастурхон тайёрлаш билан банд. Олдин келиб ош еган одамлар тезлатилди. Жой тайёр бўлди-ку, аммо дастурхонни нима билан тўлдиришга ҳамма ҳайрон. «Ош етмай қолмасмикан? Энди нима қиламиз», деб хавотир олувчилар қанча.
Тўйчилик экан, амаллаб қудалар кутиб олинди. Беш-ўн кишига чопон кийдирилди, хуллас, расм-русумлар ортиғи билан адо этилди.
Ўтган куни яна бир тўйда худди шундай вазиятнинг гувоҳи бўлдим. Қуда томондан келган меҳмонларнинг ярмидан кўпи ташқарида қолгач, иккинчи навбат бўлиб, тўйхонага киришди. Хонадон эгасининг аҳволини ҳеч кимга раво кўрмайман. Айниқса, «ош етмай қолмасин», деган хавотир ҳаммани ўйлантирди. Яқин атрофдаги қаҳвахона-ю ошхоналардан тайёр дамланган ош сотиб олиш ҳаракатига тушишди. Бўлажак қуда тушмагур, одам ёллаб бутун шаҳарни йиғиб келган кўринади...
Албатта, тўй — ўзбекнинг энг гўзал шодиёнаси, анъанаси. Тўйчилик-да, деймиз, аммо ҳамма нарсанинг ҳам меъёри, уволи бор. Илгарилари «тўйингизга таклиф этмасангиз ҳам «ваҳай бола»ни гумбурлатиб уриб, «томсувоқ» қилиб кетаверамиз», деб тўйма-тўй юрган отарчилар бўлар эди. Ҳозир бунақа чакана отарчилар кўринмай қолиб, уларнинг ўрнига ҳар куни ҳеч ким таклиф қилмаса-да, тўйма-тўй юрадиган ошхўрлар пайдо бўлгандек, назаримда. Эшик олдида қуллуқ қилиб, тўй эгасига илтифот билан «Тўйлар муборак!» десалар бўлгани. Қуда томон билан қўшилиб кираверишади. Уларни на у қуда, на бу қуда танийди!
Бунинг устига, чопон кийдиларни айтмайсизми? Баъзи хонадонларда сандиқ ва жавонларда ўнлаб тўй чопонлари босилиб ётибди. Ким ҳозир кўчада тўйда кийдирилган чопонни кийиб юрибди? Улар фақат олди-бердига ярайди, холос. Ҳурмат учун қуданинг бир ўзига, зарур бўлса, бўлажак қуданинг отасига (куёвнинг бобосига) чопон кийдирилса етар, деб ўйлайман. Ҳозирда ҳеч ким назардан четда қолмаяпти. Тоға, амаки, почча, ишхонадан келган раҳбарлар, маҳалла оқсоқолига…
Нима, чопон кийдириш ҳам мансаб ёки обрўми? Ҳадисларда беҳуда исрофгарчилик қораланган-ку. Бу манманлик эмасми?! Бу ношукрлик эмасми?
Фикримизча, тўйларимизда ортиқча дабдаба жуда кўп. Шундай вазиятда хонадон катталари, маҳалла кенгашлари бу ортиқча дабдабанинг исроф эканини фарзандларига тушунтириши керак, деб ўйлайман. Халқимизда «борида пора-пора, йўғида бечора», деб бежиз айтилмаган. Тўй қилиш борини сочиш дегани эмас. Бу «пойга»ларсиз ҳам келин-куёв бахтли бўлаверади. Фарзандим учун боримни бераман, дегувчилар аслида бу дабдабани фарзанди учун қиляптими ёки ҳаммага ўзини кўз-кўз этиш учунми?
Анвар ТОЖИЕВ
Энди маҳаллада ҳуқуқ- тартибот маскани бор
🕔14:51, 02.10.2026
✔120
Экологик партиядан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева ўзи сайланган «Қўйлиқ ота» маҳалласида фуқаролар томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларни ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
Батафсил
Agrobank аҳоли даромадини ошириш ҳаракатида
🕔10:15, 10.09.2026
✔175
Давлатимиз раҳбари раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида молия муассасалари зиммасига ҳам муҳим вазифалар қўйилди.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшганлар мукофотланди
🕔16:02, 27.08.2026
✔214
Мукофотланганлар орасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида самарали меҳнат қилиб, табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда деградацияга учраган ерларни тиклаш йўналишларида муносиб хизмат кўрсатган фидойи инсонлар ҳам бор.
Батафсил