Элнинг тинч, фаровон, турмушидан мамнун яшашида тарбия ўчоғи саналмиш маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта. Инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик каби фазилатлар ҳам айнан шу муҳитда камол топади. Шу боис маҳаллаларни фуқаролар эҳтиёжига, бугунги замон талабларига мос кўринишга келтириш давлатимизнинг устувор вазифаларидан саналади.
Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида «Замонавий маҳалла» марказлари намунавий лойиҳаси жорий этилмоқда. Ана шундай замонавий масканлардан бири Юнусобод туманидаги «Увайсий» маҳалласидир.
Айтиш керакки, «Увайсий» маҳалла идораси мактаб биносида жойлашган эди. Маҳалла атрофида ўн учта кўп қаватли бино бўлиб, улар замон талабларига жавоб бермасди: эски, таъмирга муҳтож. Бу ҳақда «Увайсий» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшод МАҲБУБОВ шундай дейди:
— Бугун сиз кўриб турган мана бу шинам майдончалар ўрни эътиборсиз қолган, ташландиқ жойлар эди. Боз устига, кўчада чиқиндилар уюм бўлиб, тўпланиб ётарди. Шу боис бу аҳолининг ҳақли эътирози, норозилигини туғдирган. Бу каби камчиликлар, моддий-техник базадаги муаммолар инобатга олиниб, у намунали маҳалла фуқаролар йиғини дастурига киритилди.
Қисқа вақт ичида кўримсизгина маҳалла жозибали, замонавий қиёфа касб этди. Ҳозир маҳалладаги кўчалар, бинолар, йўлларни кўрган кишининг баҳри дили очилади. Ободлиги инсонга ўзгача шукуҳ бахш этади. Аҳолига яратилган қулай шарт-шароитлар, имкониятлар кишида ҳавас уйғотади. Бу ерда олиб борилган ишлар республика маҳаллалари миқёсида кўриб чиқилиб, ундан намуна сифатида фойдаланилмоқда.
Эътиборли томони, маҳалланинг қоқ марказида, аҳоли хонадонига яқин жойда кутубхона жойлашган. Зиё масканини юздан ортиқ бадиий асар, илмий қўлланмалар, жаҳон адабиёти дурдоналари безаб турибди. Улар ўзбек, рус, инглиз тилида бўлиб, китобхонлар учун атайлаб сараланган. Бундан ташқари, интернетга уланган ўндан ортиқ компьютер, минглаб электрон адабиёт базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этишда айни муддао бўлмоқда.
— Кутубхона ташкил этилгандан бери болаларнинг қувончи ичига сиғмай, кечга қадар китоб ўқишади, — дейди кутубхоначи Маҳбуба ТЎХТАЕВА. — Ниҳоятда мамнунлиги уларнинг юзида яққол билинади. Айниқса, ҳозир ёзги таътилда болалар асосий вақтини шу ерда ўтказишяпти. Ота-оналар эса бундан боши осмонга етади. Негаки, фарзанди турли компьютер клубларда эмас, айнан шу ерда.
Кутубхона ёнида маҳаллалар тарихида биринчи марта «Қайнона-келин маслаҳат маркази» ташкил этилган. Ушбу марказ жамиятимизда кузатилаётган эрта никоҳ, оилавий ажримлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олишга, қизларимизни турмушга тайёрлаш каби масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда. Бу амалда ўзининг ижобий самарасини ҳам беряпти. Масалан, 2016 йилда маҳаллада 14 ажрим қайд этилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бу рақам иккитани ташкил этди.
Маҳаллалар обод бўлса, соғлом маънавий муҳит шунча барқарор бўлади. Аҳолиси яшаётган заминига нисбатан шукроналик туяди. Фарзандлари баркамол бўлиб вояга етади. Бунга «Увайсий» маҳалла фуқаролар йиғини яққол мисолдир.
Дурдона САФАРОВА
Мирзачўлда веломарафон
🕔17:57, 16.04.2026
✔63
Бугун аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, атроф-муҳит учун мутлақо зарарсиз бўлган транспорт воситаси – велотранспортдан фойдаланишни кенг оммалаштириш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон Экологик партияси бу йўлдаги барча саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Батафсил
Амирсой томон йўл: тоғ бағрида бир кун
🕔17:51, 16.04.2026
✔65
Тонг пайти Тошкентдан чиқиб, Бўстонлиқ тумани томон йўл оламиз. Шаҳардан узоқлашган сари бинолар камайиб, йўл четларида дарахтлар кўпайиб боради. Ғазалкентдан ўтгач, йўл торайиб, тоғлар аста-секин яқинлаша бошлайди.
Батафсил
«Табиатга эҳсон» – эзгулик ва яшилликка чорлов
🕔17:50, 16.04.2026
✔57
Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Андижон шаҳрида «Табиатга эҳсон» шиори остида навбатдаги тарғибот тадбири ташкил этилди.
Батафсил